СЕКТОР РАҲБАРИ ЁШЛАР ҲУЗУРИДА

СЕКТОР РАҲБАРИ ЁШЛАР ҲУЗУРИДА

Oktabr 28, 2020 0 By admin

Ёшларнинг орзу ва интилишлари билан яқиндан танишиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш, ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш мақсадида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Азамат Бозоров Чироқчи туманида амалий учрашув ўтказди.

Унда туман Халқ қабулхонаси мудири, ҳокимлик ва идоралар, ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Учрашув жараёнида бир гуруҳ ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилишди.

Чироқчи тумани «Чилчувут» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зумрад Эсонова сўзга чиқиб, бугунги кунда Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 3-босқичда таҳсил олаётганини, айни пайтда таълим жараёни масофадан, онлайн тартибда олиб борилаётганини билдирди. У дарсдан бўш вақтларда ўқувчи ёшлар учун репититорлик хизматини йўлга қўйиш истаги борлигини айтиб ўтди. Бунинг учун унга жой зарурлиги, шу сабабдан тумандаги мактаблардан синфхона ажратишда амалий ёрдам сўради.  

 Сектор раҳбари ушбу масала ечими юзасидан туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими раҳбарига керакли кўрсатмаларни бериб ўтди. Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан Чироқчи тумани Халқобод қишлоғида яшовчи Севинч Эгамова дарсдан кейин уйда бекор қолаётганини билдириб, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун тикиш машинаси олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат ижроси Чироқчи тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, туман 4-сектор раҳбари томонидан назоратга олинди.

— Мен Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига шартнома асосида ўқишга кирдим. Шартнома пулини тўлаш учун таълим кредити олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Менга АТ Халқ банки Чироқчи филиали томонидан кредит ажратиладиган бўлди, — дейди Акрам Салимов. — Бунинг учун барчага раҳмат айтаман.

Учрашувда ўзининг меҳнати билан спортда юксак натижаларни қўлга киритган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

Ф. ЖАББОРОВ,ВДСБ Ахборот хизмати раҳбари