МУРОЖААТЛАР МУДДАТИДА ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

МУРОЖААТЛАР МУДДАТИДА ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Oktabr 27, 2020 0 By admin

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати органларининг «Электрон солиқ хизматлари» портали орқали   Шаҳрисабз тумани «Йўл таъмир саноат» масъулияти чекланган жамияти раҳбари томонидан мурожаат келиб тушган. Унда солиқлардан мавжуд ортиқча тўловни, бошқа солиқ турига ўтказиб бериш сўралган.

Ушбу мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

2020 йил 9 ойи давомида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан 446 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 38 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Халқ қабулхонаси орқали, 38 таси Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси орқали, 55 таси бошқарма ишонч телефони орқали, 97 таси «Электрон солиқ хизматлари» портали орқали, 218 таси ёзма ҳолда келиб тушган.

Бошқарма раҳбарияти томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг 36 нафар вакиллари шахсан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, бошқарма таркибий тузилмалари, ҳудудий давлат солиқ хизмати органларида мурожаатларни белгиланган тартиб ва муддатда кўриб чиқиш, асослантирилган жавоб хатлари йўллаш, ариза, шикоятларнинг, айниқса такрорий мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, келгусида такрорланмаслигини таъминлаш борасида аниқ чоралар белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахсларнинг ариза, таклиф, шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Ҳар бир шахс ушбу конституциявий ҳуқуқини бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда амалга оширишлари мумкинлиги, аризалар, таклифлар, шикоятлар қонунда белгиланган тартибда, белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнидаги қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилиб, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни негизида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ташкил этилиб, уларнинг ҳуқуқий мақоми 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Давлат солиқ бошқармасида мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий шаклига ўтилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги «Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида»ги Қарори талабларига мувофиқ, фуқаролар учун кунлик шахсий қабуллар йўлга қўйилганлиги, жойларда сайёр ва оммавий қабуллар ташкил этилаётганлиги, тарғибот-ташвиқот ишлари тўғри йўлга қўйилганлиги, ҳар бир мурожаат Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти назорати остида индивидуал ва шаффоф тартибда кўриб чиқилаётганлиги ўз ижобий самарасини бермоқда.

Жумладан, Қарши тумани Бешкент шаҳри Навбаҳор маҳалласида яшовчи фуқаро С.Рахимовнинг Халқ қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаати, Касби тумани Қамаши МФЙ Қамаши қишлоғида яшовчи фуқаро Саматов Нашвантнинг мурожаати давлат солиқ хизмати органлари ваколати доирасида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг кўпчилигини солиқ қонунчилигидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳамда имтиёзларга боғлиқ масалалар қизиқтириши табиий ҳолдир.

Бундай ҳолатларда солиқ тўловчилар шахсий кабинетлари орқали, qashqadaryo@soliq.uz электрон почтаси ёки Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасининг 75-225-10-82 ишонч телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳар бир мурожаат замирида инсон муаммолари, тадбиркорлар фаолиятига ҳалал бераётган хато-камчиликлар мужассам эканлигини эътиборга олиб, давлат солиқ хизмати органларида мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилиши Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан қатъий назоратга олинган.

Абдураҳмон Номозов,вилоят давлат солиқ бошқармаси Мурожаатлар билан ишлаш шуъбаси бошлиғи