СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ

СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ

Oktabr 27, 2020 0 By admin

Мен мол-мулкларимни (дўкон ва автотранспорт) жисмоний ва юридик шахисларга ижарага берганман. 2020 йил 1 июлдан жисмоний шахсларнинг бундай даромадларидан имтиёз белгилинибди, ҳозирги пандемия шароитида ижарага олувчилар ижара суммасини катталигидан шикоят қилмоқда шу сабабли имтиёздан фойдаланган ҳолда ижара шартномасининг ижара суммасини камайтириш мақсадида қайта кўриб чиқсак бўладими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 июлдаги ПФ-6029-сонли Фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан 31 декабрга қадар жисмоний шахслар кўчмас мулкини ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади ва мол-мулкни (бинолар ва автомабил транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини кўллаш тартиби тўхтатиб турилади, шу билан бирга ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

***

Зарар кўрган, зарар билан ишлаётган корхонада таъсисчи киритган асбоб ускунасини олиб чиқиб кетганда ҚҚС ким томонидан тўланади?

Корхона таъсисчилари таркибидан таъсисчи мол-мулк билан чиққанида, бу товарларни реализация қилиш обороти ҳисобланади ва ҚҚС солинади, (СК 238-моддаси 1-қисми 1-банди, 239-моддаси 4-қисми 3-банди «а» кичик банди). (СК 237-моддаси 1-қисми 1-банди). ҚҚС тўланиши корхонанинг фойда ёки зарар кўриб ишлаётганига боғлиқ эмас.

***

Корхонамиз айланмадан олинадиган солиқ тўловчи ҳисобланади, жорий йилнинг июль ойида корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилган 40 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари «Маҳалла» хайрия жамоат фондига беғараз берилди. Эшитишимча солиқлардан имтиёз бор экан, бу имтиёз қандай тартибда қўлланилади?

Ўзбекистон Републикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5986-сонли Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шаф­қат ва саломатлик» жамоат фондига, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан  шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар рўйхатига  киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар):

–        Фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралиди.

–        Қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

–        Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди. 

Ушбу имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 июлдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таьсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча-чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6029-сонли Фармоннинг 9-қисмига асосан 2020 йил 31 декабрга қадар ўзайтирилди.

***

Корхона ишчилари корхона томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун берилган моддий ёрдам суммаси бўйича 2020 йил якунлари бўйича жами йиллик даромади тўғрисида декларация топширишлари керакми?

Декларация асосида солиқ солинадиган даромадларга Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг қуйдаги даромадлари киради, (СК 393-моддаси 1-қисми):

–        мулкий даромадлар, агар ушбу бўлимга мувофиқ бу даромадларги солиқ агентида солиқ солинмаса;

–        илм-фан, адабиёт ва саньат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;

–        Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;

–        солиқ агентлари  бўлмаган манбалардан олинган даромадлари;

–        СКнинг 385-моддаси 3-қисмида кўрсатилга жисмоний шахслар томонидан олинган даромадлари, улар томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлаш тартиби танланганда.

–    солиқ агенти томонидан солиқ ушлаб қолинмаган солиқ солинадиган бошқа даромадлар.

*** 

Қандай ҳолатларда ортиқча тўланган солиқ суммаси (пеня, жарима) вужудга келади?

Солиқнинг (пенянинг, жариманинг) тўланган суммаси билан ҳақиқатда тўланиши лозим бўлган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ. Солиқнинг (пенянинг, жариманинг) ортиқча тўланган суммаси у илгари ҳисобга олинган ва (ёки) солиқ тўловчига қайтарилган суммаларни, шунингдек солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиладиган суммаларни ҳисобга олган ҳолда уни ҳисоб-китоб қилиш санасида аниқланади.

Саволларга  ВДСБ Давлат солиқ бош инспектори З.Саломова жавоб берди