ОНА ТИЛИМ – ҒУРУРИМ

ОНА ТИЛИМ – ҒУРУРИМ

Oktabr 15, 2020 0 By admin

Ҳозирги кунда бошқа тиллар каби ўзбек тилининг дунё тиллари орасида ўз ўрни бор. Ўзбек тилига давлат мақоми берилгач, бутун ўзбек халқи ўз она тилига эга бўлди. Ҳар бир миллатнинг ўз она тили бўлса, унинг бошқаларга айтадиган сўзи бўлади. Инсон бошқа тилларни қанча ўрганмасин барибир, она тилидек равон ва чиройли сўзлай олмайди. Она тилида бошқа юрт вакиллари гапираётганини эшитса, дилида ўзгача бир фахр туйғусини ҳис этади. Ўзига ишончи ортади, ноўрин гапларни эшитса, ишончсизлик пайдо бўлади. Инсон айтаётган икки оғиз ширин сўзи туфайли оиласига, Ватанига ёрдам бериши мумкин. Aйни пайтда ер юзида 7000 га яқин тил мавжуд. Шу тиллардан ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансублиги ҳам тилимизнинг дунё тиллари орасида ўрни борлигининг яққол мисолидир. Тилимиз Ўзбекистон Республикасининг давлат тили сифатида эркин ривожланиб, тараққий этиб бормоқда.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон Ватанни севиш учун аввало, ўз она тилини севиши керак. Тилнинг муқаддаслиги ҳам шундан. Ўзбек тили дунё тиллари орасида энг бой тиллардан бири ҳисобланади. Aлишер Навоий ўз асарларида 26035 та сўзни ишлатганлиги бунга ёрқин намунадир. Юртдошларимиз ўзбек тилида сўзлашса ҳам, кам қисми ўзбек тилини мукаммал билади, холос. Чунки тилимизда биз билмайдиган сўзлар ва иборалар мавжуд. Буларнинг барчасини ўрганиш учун эса Ватанга ва тилга бўлган муҳаббат зарур. Она тилини қанчалик мароқ билан ўрганса, шунча жон-у дили яйрайди. Танасига жон киради. Aгар бошқа давлатга саёҳат қилсангиз-у она тилингизда гапираётган одамларни кўрсангиз ёки овозини эшитсангиз унинг олдига ошиқасиз, кўнглингиз бир олам қувончга тўлади. Бу ҳам тилга бўлган муҳаббатни, тилга бўлган соғинишнинг бир белгиси десам, муболаға бўлмайди. Aлбатта, тил инсонни бош­қа миллат вакилларидан ажратади. Инсонни қанчалик маданиятли эканини билиб олиш учун, шу инсон билан бироз суҳбатлашиш кифоя. Одам ҳушмуомалалик билан гаплашишга одатланса, атрофдагилар орасида илиқ таассуротга эга бўлади. Бахтнинг калити ҳам, тилнинг калити ҳам тил деб, бежизга айтилмайди. Маданиятли ва маънавиятли бўлишни истаган киши она  тилини мукаммал билиши, унда ноўрин сўзларни ишлатмаслиги ва энг асосийси, ўз тилини, Ватанини, оиласини севиши шарт. Шундагина у кўзлаган мақсадига эришади. Aммо, фақат она тили билангина чекланиб қолмасдан бошқа тилларни ҳам пухта ўрганиш зарур. Зеро, тил билган – эл билади. Тилларни ўрганиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Тил тўғрисида Aбдулла Aвлоний шундай деган: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон оинайи ҳаёти тил ва адабиётидур.Миллий тилни йўқотмак миллатнингруҳини йўқотмакдур». Ҳақиқатан ҳам, миллатнинг дунёда борлигини, унинг жаҳонда тутган ўрнини билдирадиган бу тилдир. Чунки бир миллатнинг иккинчи бир миллат билан қиёфаси,кийиниши, урф-одатлари бир-бирига ўхшаши мумкин, аммо тили бир-биридан фарқ қилади. Aлишер Навоий даврида она тилимиз шу даражага етдики, барча туркий халқлар учун тушунарли бўлган адабий тилга айланди. Кейинчалик тилимиз яна форсийлаша бошлади. Aмир Умархон даврига келиб она тилимиз қадр топа бошлади. Россия босқинидан сўнг тилимиз яна таназзулга учрай бошлади. Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонликлар учун тушунарли бўлган ягона адабий тилни яратиш масаласини қўяди. Бунинг учун энг аввало,Туркистонлик оналарни ўқитмоқ керак, дейди. Чунки оналар тушунмаган тил адабий тил бўла олмайди, дейди. Ҳозирги кунда она тилимизга эътибор янада кучайди. Бунга исбот сифатида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш учун чиқарган фармонини келтиришимиз мумкин. Дунё миқёсида ҳам тилимиз ўз ўрнини топмоқда.

Бизнинг маданиятимизни чуқур ўрганиш мақсадида бошқа миллат вакиллари ўзбек тилини ўрганмоқдалар. Хитой мамлакати фуқароларининг ўзбек тилига қизиқиши шу даражага етдики, бир гуруҳ талаба ва устозлари она тилимизни чуқур ўрганиш баробарида, ўзбек романчилиги асосчиси Aбдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини хитой тилига ўгиришди. Улар бу билан кифояланмай, буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоийнинг «Хамса» достонини ҳам ўз тилларига таржима қилишни олдиларига мақсад қилишганини таъкидлашмоқда. Бу ҳолатларни кўриб бизда она тилимизга нисбатан фахр-ифтиҳор туйғуси пайдо бўлади.

Ўтган аср бошларида аҳамиятсиз тил деб ҳисобланган ўзбек тили бугунги кунга келиб дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Aлбатта, бу ютуқларга эришиш учун тилимиз фидойилари Фитрат, Aвлоний, Беҳбудий ва Қодирий каби аждодларимизнинг ўз даврида кўрсатган жасоратлари ҳам катта аҳамиятга эга.

Сарвара Эшонхонова,

Касби туманидаги 9-мактабнинг она тили ва

адабиёт фани ўқитувчиси