САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Oktabr 15, 2020 0 By admin

Қандай турдаги кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғини тўлашдан озод қилинади?

– протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун инвентарлар ишлаб чиқаришдан, шунингдек ногиронларга ортопедик протезлаш хизмати кўрсатишдан, ногиронлар учун мўлжалланган протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан олинган фойдаси;

– шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан, шу жумладан йўналишли таксидан ташқари) йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатишдан олинган фойдаси;

– моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш ишларини амалга оширишдан олинган фойдаси;

– Халқ банки томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган фойдаси.

–  фонд биржасида эмиссиявий қимматли қоғозларни реализация қилишдан олинган фойдаси.

Ишловчилари умумий сонининг 3 фоизидан кўпроғини ногиронлар ташкил этган юридик шахслар учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммаси ушбу қисмда белгиланган нормадан ортиқ ишга жойлаштирилган ногиронларнинг ҳар бир фоизига юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси бир фоиз камайтириладиган ҳисоб-китоб асосида камайтирилади.

***

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибига қандай даромадлар киради?

Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;

Илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;

Рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;

Компенсация тўловлари (компенсация);

Ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидагилар ҳам киради:

предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар;

юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;

Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.

***

Корхона томонидан ходимларга кўрсатилган тиббий хизмат ҳақи солиқ солишдан озодми? 

Ўз ходимларига ва уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек юридик шахснинг даволаш ва тиббий хизмат кўрсатганлик, ногиронлик профилактикаси ва ногиронларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олиш учун қилинган харажатлари.

Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун юридик шахслар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида, унинг оила аъзоларига, ота-оналарига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, ушбу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади.

***

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга берилган тўловларга солиқ солинмайдими?

Меҳнат шартномаси бекор қилинганида энг кам иш ҳақининг ўн икки баравари миқдори доирасида тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа нафақалар, бундан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақалари (шу жумладан оиланинг бемор аъзосини парваришлаш нафақаси) мустасно, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хайрия ва экология жамғармаларидан жисмоний шахсларга бериладиган ёрдам тусидаги тўловлар.

***

Муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадларга солиқ солиш тартиби?     

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олувчи жисмоний шахслар бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини давлат солиқ хизмати органининг ёзма хабарномаси асосида тўлайди.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган жисмоний шахс даромадлар олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт ҳамда у ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ, ҳақиқатда қилинган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга, бироқ чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

Ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларга қуйидагилар киради:

фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олишга доир харажатлар;

фақат фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр қилиш, ижро этиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланиладиган бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатлар.

***

Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиши тартиби ҳақида тушунча берсангиз?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш билан товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналари мажбурий қўлланилган ҳолда амалга оширилади, бундан нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни, фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахслар мустасно.

Фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат этилган Назорат-касса машиналарининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибда шакллантирилади.

Фискал хотирали назорат-касса машинаси техник жиҳатдан вақтинча носоз бўлган ёки электр энергияси бўлмаган тақдирда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни харидорларга квитанциялар, чипталар, талонлар ёки чекка тенглаштирилган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган шаклдаги қатъий ҳисобдаги бошқа ҳужжатларни бериш орқали амалга оширишга йўл қўйилади.

Саволларга Косон туман ДСИ ходими Ш. МУРОДУЛЛАЕВ жавоб берди.