ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТ ТАРАҚҚИЁТГА ҒОВ

Oktabr 8, 2020 0 By admin

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида тадбиркорликни янада ривожлантириш билан бирга яширин иқтисодиётни қисқартиришдек улкан вазифалар турибди. Бу борадаги ишлар ривожи учун эса барчамиз бирдек масъулмиз.

Масалан, фуқаролар нақд пулда харид қилган маҳсулотлари учун назорат касса машинаси  чекини талаб қилиш орқали яширин иқтисодиётга қарши курашишга ўзларининг ҳиссаларини қўшишлари мумкин.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳуқуқий асос бўлди.

Унда ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш, нақд пул маблағларининг хуфиёна айланишини қисқартириш орқали бюджет даромадларига қўшимча манбаларни жалб этишга хизмат қилувчи янги замонавий автоматлаштирилган тизим яратилиши белгиланди.

—Онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) ва виртуал кассани қўллаш тизими савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу соҳадаги пул айланмаси устидан жамоатчилик назоратни ўрнатишга ёрдам беради:-дейди Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фахриддин Муҳаммадиев.-2021 йилнинг 1 январигача тадбиркорлик субъектларига ҳар бир онлайн назорат касса машинасини харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатла р суммасини, базавий ҳисоблаш 10 бараваридан ошмаган миқдорда, кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи билан бирга, виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади. Шунингдек, тадбиркорлар кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар, нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган вақтда ёки мустақил равишда топшириш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, уларнинг онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланилганда, фискал хотирали назорат касса машиналарини ишлатиш мажбурияти соқит қилинди. Шу билан бирга, субъектлар учун амалда бўлган қатор ҳужжатларни юритиш тартиби ҳам бекор бўлди.

Солиқ идораси—тадбиркорга кўмакчи шиори остида  Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари тадбиркор ҳузурида бўлиб жараён билан боғлиқ саволларга жавоб қайтармоқдалар.

 Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган “Гавҳарбегим омад барака савдо” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихонада онлайн назорат касса машинаси ўрнатилган бўлиб, тадбиркор ундан фойдаланиб келмоқда.

Шунингдек, “Хумоюн” хусусий корхонасига қарашли савдо дўконида  бўлган солиқ идораси ходимлари тадбиркор билан онлайн назорат касса машинасини қулайликлари ҳақида суҳбатлашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.

Лекин, “беш қўл баробар бўлмагани каби” “Комфорд мега комплекс” хусусий корхонаси томонидан оналйн назорат касса машинаси ишлатилмаётганига гувоҳ бўлдик.

Қарши шаҳрида жойлашган “Юксалиш Иқбол” масъулияти чекланган жамиятига қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида оналйн назорат касса машинаси мавжуд бўлиб, ундан фойдаланишда тадбиркорда айрим муаммолар вужудга келган. Солиқ идораси ходимлари муаммоларнинг ечими юзасидан керакли тавсиялари бериб ўтишди.

Шунингдек, “Жонбулоқ Мед Фарм” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихонада ҳам айнан шундай вазиятга дуч келдик. Тадбиркор харид қилинган онлайн назорат касса машинасидан фойдланиш кўникмасига эга эмас. Мутахассислар унга керакли маслаҳатларни бериб, саволларга жавоблар қайтардилар. 

 Олиб борилаётган тадбирлардан кўзланган мақсад битта. У ҳам бўлса яширин иқтисодиётга қарши курашишдан иборатдир. Шунда биз соғлом рақобат муҳитини яратишга эришамиз.

Фирдавсий Жабборов,

 Қашқадарё вилояти Давлат солиқ

бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари