СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ

СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ

Sentabr 23, 2020 0 By admin

Пандемия муносабати билан эълон қилинган карантин муддатлари тугаб умумий овқатланиш корхоналарига карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ишлашга рухсат берилди. Биз ҳозир фаолиятимизни тикласак, солиқлар бўйича қандай имтиёзларимиз бор?

Р.САИДОВ, Шаҳрисабз шаҳри

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 июлдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6029-сонли Фармони билан 2020 йилнинг 1 июлидан 31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилди.

Бундан ташқари, ушбу фармон билан жорий йилнинг 1 апрелидан   31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади.

Умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади.

 Умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига тадбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди.

 2021 йил 1 январга қадар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартибини тасдиқланди.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмаслиги белгиланди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  18 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5996-сон Фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар:

Кичик тадбиркорлик субъектлари;

бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун;

Ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар

Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиб турилади.

Умумий овқатланиш корхоналари ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини ишчиларнинг сонидан қатъи назар қўллайди.

***

Жамиятимиз Низом жамғармасининг 51 фоизи шаҳар ҳокимлиги тассафурида бўлиб, 49 фоизи таъсисчилар улушига тўғри келади. 2019 йил якуни билан олинган соф фойдадан дивидент солиғи қандай тартибда ҳисобланади ва тўлаб берилади.

Б. РАҲМОНОВ,

Қарши шаҳри

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-589-сонли Қонунининг 19-моддасига асосан Давлат унитар корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган жамиятлар томонидан 2020 йилнинг 1 июлига қадар 2019 йил якунлари бўйича ўз соф фойдасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тегишли равишда ажратмалар ва давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланади ҳамда 2020 йилнинг 1 сентябридан кечиктирмасдан тегишли даражадаги бюджетларга ўтказилади.

***

Жамиятимиз Низом жамғармаси тўртта таъсисчидан иборат, тўртталаси ҳам жисмоний шахслар. Таъсисчиларимиз 2019 йилда жамият раҳбарига ариза билан мурожат қилиб жамият устав фондидан чиқмаган ҳолда устав жамғармасини камайтиришни, камайтирилган маблағларни жамият балансидаги асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, кўчмас мулк ҳамда пул кўринишида қайтарилиши кўзда тутилган бўлиб, 2019 йилда жамият таъсисчиларга қўшган улушларини қисман қайтарилди. Жамиятимиз 2020 йилда таъсисчиларини қолган улушларини 2019 йилдаги таъсисчилар умумий йиғилиш қарорига асосан кайтарилса, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан (юридик ва жисмоний шахсда) солиқ оқибатлари юзага келадими?

К. ТЎРАЕВ,

Чироқчи тумани

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февраль кунидаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМнинг 7-илова 6-бандига мувофиқ таъсис хужжатлари маълумотларидаги, шу жумладан таъсис хужжатларининг фирма номларидаги,ташкилий-ҳуқуқий шаклларидаги, устав фонди миқдоридаги, муассислар таркибилдаги, шунингдек бошқа ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар (қўшимчалар) тегишли ўзгаришлар ваколатли шахс томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб 30 кун мобайнида қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.  Янги таҳрирдаги солиқ кодексининг 463-моддаси 8-абзац 1-қисми а-бандига мувофиқ, Солиқ солиш объекти бўлиб қуйидагилар ҳам ҳисобланади:

     1) иштирокчилар таркибидан иштирокчи чиққан (чиқиб кетган) тақдирда ёхуд унинг юридик шахсдаги улуши камайтирилганда ёки юридик шахс томонидан иштирокчидан унинг ушбу юридик шахсда иштирок этиш улуши (улушнинг

қисми) қайтариб сотиб олинганда ушбу иштирокчига бериш,

2) товарларни (хизматларни) жисмоний шахс меҳнатига ҳақ тўлаш ҳисобидан ёки дивиденд тўлаш ҳисобидан бериш айланмадан олинадиган солиқ солиш объекти бўлиб,ушбу кодекснинг 467-моддасига биноан 4 фоизлик ставкада айланмадан олинадиган солиқ ҳисобланади.

***

Корхонамиз Қарши шаҳрида жойлашган бўлиб, бошқа туманларда филиал (цех) ларимиз мавжуд. Ҳисоботларни қандай тартибда топширишимиз лозим бўлади?

С.БАРАТОВА,

Қарши шаҳри

Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги солиқ кодекси 389-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари бўлган, ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга солиқ агентлари, бундан йирик солиқ тўловчилар мустасно, ушбу алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ходимларига нисбатан солиқ даври тугагандан кейин 30 кун ичида солиқ ҳисоботини – алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига тақдим этиши кўзда тутилган.

Агар тадбиркорларимизнинг фаолиятларида бирор муаммо юзасидан саволлар пайдо бўлса, Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармасига (225-10-82) мурожаат қилишларини сўраймиз.    

***

Жисмоний шахсларга товарлар реализация қилинганида ЭҲФ қандай тўлдирилади?

С. ИБРОҲИМОВ, Муборак тумани

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги  522-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 18-бандига асосан товарларни (хизматларни) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган жисмоний шахсларга реализация қилишда товарларни (хизматларни) сотувчи томонидан шакллантирилган ЭҲФ унинг электрон рақамли имзоси билан бир томонлама тасдиқланади.

***

Жисмоний шахсларга товарлар накд пулда ёки терминалда сотилганда савдо пуллари ҚҚС ҳисобот шаклининг 5-иловасига қандай киритилади?

Ж.КАМОЛОВА, Fузор тумани

Товарлар (хизматлар)  назорат-касса машиналари ёки тўлов терминаллари орқали реализация қилинганда, ҳисобот даври, яъни ой якунига кўра жами сотилган маҳсулот суммаси «Бир томонлама электрон ҳисобварақ-фактура» ни танлаш орқали контерагентни маълумотларини тўлдирмасдан ҚҚС ҳисоботида шакллантирилади.