ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИ-ҲИМОЯДА

ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИ-ҲИМОЯДА

Sentabr 16, 2020 0 By admin

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни янада ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, жаҳон миқёсида тарқалган коронавирус инфекцияси даврида ҳам тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли қонуности ҳужжатларига мувофиқ бир қанча имтиёзлар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли, 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли, 2020 йил 20 июлдаги ПФ-6029-сонли  фармонларига асосан қуйидаги имтиёзлар берилди.

1) 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди;

2) 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди;

3) 2020 йил 1 октябргача вақтинчалик қийинчиликларни бошидан кечираётган хўжалик субъектларига мол-мул солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пеня ҳисобланиши тўхтатилди ва солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди;

4) 2020 йил 31 декабргача айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ва электорон ҳисоб-фактураларини қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар, ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга бўлди.

5) Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилди.

Шунингдек, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлар қуйидагилардан озод этилди.

1) Умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилди.

2) Жисмоний шахслар кўчмас мулкини ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилди.

3) Мол-мулкни (бинолар ва автомобил транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.

Бундан ташқари, «Ҳар бир оила -тадбиркор» дастури доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча ресурс маблағлари ажратилди, шунингдек, «Ҳар бир оила -тадбиркор» дастури доирасида ажратилган кредитларнинг муддатлари узайтирилди,  солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан кечиктириб тўлаш имтиёзлари берилди.

Шаҳобиддин БОЙНАЗАРОВ,

Муборак туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси етакчи мутахассиси