МУРОЖААТЛАР ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

Mart 5, 2020 0 By admin

Ҳар бир фуқаро сўз эркинлигига эга, шунингдек, уларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар билан давлат идораларига мурожаат қилиши конституцион ҳуқуқи ҳисобланади. Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Давлат солиқ бошқармаси аҳоли мурожаатлари билан ишлашда замонавий шаклга ўтган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги 366-сон қарорига мувофиқ бошқарма раҳбариятининг фуқаролар учун кунлик шахсий қабуллари йўлга қўйилган. Жойларда сайёр ва оммавий қабуллар ташкил этилаётганлиги, тарғибот-ташвиқот ишларининг тўғри йўлга қўйилганлиги ва ҳар бир мурожаат Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти назорати остида индивидуал ва шаффоф тартибда кўриб чиқилаётганлиги ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бунинг натижасида давлат солиқ хизмати органларига виртуал қабулхона орқали 2019 йил давомида келиб тушган мурожаатлар бир йил олдингига нисбатан 170 тага камайди.

2019 йил давомида келиб тушган мурожаатларнинг 434 таси солиқ қонунчилигидаги янгиликларга, 228 таси эса солиқ имтиёзларини қўллашга доир тушунтиришлар бериш мазмунидаги ҳамда 46 таси солиқ органларига ишга кириш борасидаги, қолганлари жарималарни ёки ортиқча тўланган солиқларни қайтариш, савдо қоидаларининг бузилиши ҳолатлари ва бошқа масалалардаги мурожаатлардан иборат бўлди.

Бошқарма раҳбарияти томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг 44 нафар вакиллари шахсан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, бошқарма таркибий тузилмалари, ҳудудий давлат солиқ хизмати органларида мурожаатларни белгиланган тартиб ва муддатда кўриб чиқиш, асослантирилган жавоб хатлари йўллаш, ариза ва шикоятларнинг, айниқса, такрорий мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, келгусида такрорланмаслигини таъминлаш борасида аниқ чоралар белгиланмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг аксариятини солиқ қонунчилигидаги янгиликлар ва ўзгаришлар ҳамда имтиёзларга боғлиқ масалалар қизиқтиради.

Шу ҳолатларни эътиборга олган ҳолда Давлат солиқ хизмати тизимидаги «Солиқ сервис» ДУК ҳузурида ташкил этилган «Call-марказ» томонидан 1198-қисқа ва 71-202-32-82 телефон рақамлари орқали фуқароларнинг солиқ қонунчилиги билан боғлиқ мурожаатларига реал вақт режимида жавоб берилиши таъминланмоқда.

Ҳар бир мурожаат замирида инсон муаммолари, тадбиркорлар фаолиятига халал бераётган хато-камчиликлар мужассам эканлигини эътиборга олиб, давлат солиқ хизмати органларида мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал этилиши Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан қатъий назоратга олинган.

А.Намозов,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходими