ҲАЗРАТИ ИНСОН

ҲАЗРАТИ ИНСОН

Noyabr 6, 2019 0 By admin

Мана, бир неча кундирки, устозимиз орамизда йўқ. Устознинг самимият балқиб турган суратларига боқиб, бунга ишонгим келмайди. Начора, ўлим ҳақ экан…

Охиратингиз обод бўлсин, устоз!!!

Газетамизнинг ташкил топишига бевосита бошчилик қилган, қарийб йигирма йилдан буён биздан ўз маслаҳатларини аямай келган устозимиз ҳақида хотира ёзиш ниҳоятда оғир. Бунга журъат ва бардошим етмади.

Шу боисдан бундан етти йил муқаддам устознинг яхши кунида, 80 ёшга тўлишлари муносабати билан ёзилган мақоламни сиз азиз газетхонлар ҳукмига ҳавола этишни жоиз деб топдим.

Юртга муҳаббат, инсонийлик, ўзгаларга яхшилик соғиниб яшаш, меҳр кўрсатиш устозимиз – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, оқсоқол журналист ва адиб Қурбон Эгамбердиевнинг ҳар бир сатрида доимо намоён бўлиб туради. Шу боис бўлса керак, устознинг ёзганлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди.

– 1933 йилда темирчи оиласида туғилдим, – дея хотирлайди устоз. – Отам Эгамберди Носир ўғли суяги меҳнатда қотган, меҳрибон ва қатъиятли инсон бўлиб, унинг ҳар бир айтгани биз учун қонундай гaп эди. Онам Анзиратхон Каримпўлат қизи эса ўз замонасининг билимдон аёлларидан, халқ оғзаки ижодининг хазинаси эди. Уйимизда катта супа бўларди. Кечалари ана шу супага тўшалган кўрпага бурканиб, онам айтган ривояту чўпчаклар, топишмоқ ва эртакларни эшитиб, алламаҳалгача ухламасдик. Осмондаги юлдузларга термулиб, эртак қаҳрамонлари Кенжа ботиру Олмос ботирлар билан хаёлан суҳбат қурардим. Қалбимда Сўзга бўлган меҳр ўшанда уйғонган.

Устоз ўзи туғилиб-ўсган маҳалла, унинг одамлари ҳақида ўзгача бир меҳр билан қалам тебратади.

«Қарши шаҳридаги Чармгар маҳалласи аҳолиси ҳангома, аския, ривоят, лофларга уста. Уларнинг давраларида бўлсангиз, маза қиласиз, чинакам хордиқ чиқарасиз», – деб ёзади устоз «Эш ака хангомалари» туркум ҳикояларида. Ана шундай зукколик, ҳозиржавоблик ва самимият, шу билан бирга, одам-охунлик, хушфеъллик ҳамда бағрикенглик устознинг ҳам феъл-атворида тўлиқ мужассам.

«Отам темирчи ўтганлар. Темирни қизиғида бос, нақли – бизнинг шиор», –         дейди устоз кўпинча. Баъзан у кишининг «авторитет»ларидан фойдаланиб қолишга интилиб, ишга доир муаммолар бўйича бирор нарсани илтимос қиламиз.

–    Шунақа даҳмаза ишларга доим бизни балогардон қиласиз-да, – деб қўядилар майин табассум билан.

–    Энди, сиз офату балоларга қалқон бўлиб турадиган улкан тоғимизсиз -деймиз. Чунки, биламиз, ўзларининг зарур юмушлари бўлса ҳам биров ил-тимос қилса, уни бажармагунча тинчимайдилар. Шундай кезларда яна кўп-кўп йиллар устознинг бизга улкан тоғдай суянчиқ бўлиб туришларини ният қиламан.

Вилоят телерадиокомпанияси раҳбари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси (Ҳозирда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи) Усмон Нусуров шундай дейди:

– Устоз билан бир маҳаллада яшардик. У киши ҳар куни эрталаб ишга яёв кетардилар. Бошлиқни ишга олиб кетгани келган хайдовчи қайтишда мени олиб жўнарди. Шундай қилиб радиода эндигина иш бошлаган пайтларимданоқ хизмат машинасида юрганман. Бир куни Қурбон акага: «Машинада сизнинг ўрнингизда ўтириб юриш ноқулай бўлаяпти», – десам, устоз: «Хижолат бўлма, бир кун келиб, ўрнимга сен бошлиқ бўласан», – дедилар. Бу гапларга фаришталар омин деган эканми, устознинг дуолари ижобат бўлиб, Қурбон ака бошлиқ бўлиб тамал тошини қўйган вилоят телерадиокомпаниясида раҳбар бўлиб ишлаяпман. Хуллас, устознинг ўз шогирдларига меҳри доимо чексиз бўлган.

Яхшига ёндашган етар муродга, дейди халқимиз. Бизнинг бахтимиз воҳамизнинг забардаст журналистлари сифатида элга танилган устозларимизга ҳам устозлик қилган инсонни серҳикмат суҳбатларидан баҳраманд бўлганимиз, бирга ёнма-ён ишлаб, ибратли ўгитларини олишга муяссар бўлганимиздадир.

Бугун устознинг минг фазилатларидан бири – шогирдларига бўлган меҳри ҳақида қисқагина айтиб ўтдик, холос. Устознинг юксак донишмандлик билан ёзилган китобларини ўқиган киши бу ижодкор инсоннинг забардаст каламкаш, катта қалб эгаси эканлигини англаб етади.

Минг бир фазилатлар соҳиби бўлган бу фидойи инсоннинг таърифини узоқ давом эттиришимиз мумкин. Табаррук 80 ёш билан тўқнаш келган устозимизнинг бир аср билан юзлашишларини Аллоҳдан сўраб, у кишига мустаҳкам соғлик ва шодумонлик тилаб, дилимда шу мисралар туғилди:

Суҳбати диллардан ғамни аритар,

Оламни беармон кўрмоқ нияти.

Зим-зиё тунни ҳам ойдай ёритар,

Чеҳрасида балққан самимияти.

Дунёга яхшилик истаб яшайди,

Бир яхши инсонга минг жони қурбон.

Меҳрин адоғи йўқ шамсга ўхшайди,

У шундай зот, номи Ҳазрати инсон!

Даврон СУЛТОНОВ