ОТАМДАЙИН УЛУF ИНСОН ЭДИЛАР

ОТАМДАЙИН УЛУF ИНСОН ЭДИЛАР

Noyabr 6, 2019 0 By admin

1989 йил. Эндигина 17 ёшни қарши олган вақтим. Журналистика касбига бўлган қизиқишим боис вилоят радиосида иш ўрганиш учун юрардим. Устоз журналистларнинг баъзи топшириқлари айниқса, мактаб ҳаёти ва болаларга оид эшиттиришларни тайёрлаш деярли менинг зиммамдаги вазифа эди.
Кутилмаганда дадамнинг бетоб бўлиб операция столида ётишлари, табиийки, оиламизнинг барча аъзоларини қаттиқ ташвишга солганди. Акам ҳарбий хизматда, укам мактаб ўқувчиси, мен эса ҳали ишга ҳам олинмаган ҳаваскор журналист эдим. Уйимизда дадамдан бошқа пул топадиган одам йўқ эди. Эрталаб ишга борсам «сизни бошлиқ сўраяптилар», деди котиба. Ҳаёлимда минг бир ўй келди. Қандай хато қилибман? Бошлиқ мени сўрамас эдилар-ку… Хуллас, бироз қўрқув ва ҳадик билан бошлиқнинг ёнига кирдим. У кишининг самимий муносабатидан кейин тезда ўзимни ўнглаб олдим.

  • Оилада нечта фарзандсизлар?
  • Еттита. Опамлар турмушга чиқиб кетишган. Биз учта ўғил қолганмиз.
  • Аканг нима иш қилади?
  • Ҳарбий хизматда.
  • Отангдан бошқа ишлайдиган одам борми уйда?
  • Йўқ.
  • Отанг касал бўлса рўзғорни ким боқади?
  • Мен.
  • Қандай қилиб?
  • Эшиттиришларимга қалам ҳақи олаяпман. Республика радиосидан ҳам эшиттиришларим эфирга берилаяпти. У ердан ҳам гонорар келади.
  • Неча ойдан бери бизнинг ишхонага қатнаяпсан?
  • Тўрт ой бўлди…
    Бошлиқ ёнида турган чақирув тугмачасини босди. Котибага кадрлар йўриқчиси ва ҳисобчини чақиришни буюрди. Зум ўтмай хонага кирган бу икки ходим ҳам нима гап эканлигини билмай менга зимдан назар ташларди.
  • Усмон тўрт ойдан бери ишга қатнаб юрибди. Ҳозир ариза олиб ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарасиз ва тўрт ойлик маошини ҳисоблаб қўлига беринглар…
    Кутилмаган бу гаплар мени карахт қилиб қўйганди. Хурсандчилигимдан кўзимга келган ёшни кўрсатмасликка уриндим. Кечқурун ишдан чиқиб тўғри касалхонага, дадамнинг ёнларига бордим.
  • Дадажон, мана мен ойлик олдим.
  • Қанақа ойлик?
    Бор гапни айтиб бердимда чўнтагимдаги тўрт ойлик маошни чиқариб қўлларига тутдим. (Ўша пайтда бу яхшигина пул саналарди) Отамнинг ҳам кўзларига ёш келди. Менга сездирмасликка уриндилар. Мени ҳам, устозимни ҳам дуо қилдилар.
    Бу воқеадан кейин энди мен жамоанинг ҳақиқий аъзосига айланган эдим. У ердаги ижодий муҳит, одамларнинг бир – бирларига бўлган меҳр – оқибатлари мени буткул шу ерга боғлаб қўйганди.
    Қишнинг совуқ кунларидан бирида ишхонага кириб келаётганимда бошлиғимизга дуч келдим. Салом-аликдан сўнг «енгил кийиниб чиқибсанда», дедилар. Мен жимгина кулиб қўйдим. Орадан бир соатлар чамаси ўтиб, мени бошлиқ йўқлаётганини айтишди. Хонага кирсам, ўринбосар ва бош ҳисобчи ҳам ўтирган экан. Мени кўргандан сўнг бошлиқ уларга қараб, «кеча мен туширган тижорат эшиттиришининг шартномасини Усмонни номига расмийлаштиринглар. Эшиттиришни ҳам ўзи тайёрласин. Ишланмасини ҳам унга беринглар», деди.
  • Майли-ю, аммо мавзу жуда салмоқли. Бунга Усмонни кучи етармикан? Қолаверса, тижорат эшиттириши, буюртмачи норози бўлмаслиги керак.
  • Унга ўзим ёрдам бераман. Сиз эса ҳисоб – китобни қилиб Усмонга хизмат ҳаққини бериб юборинг. Гап тамом, дегандай бошлиқ телефон гўшагини кўтарди.
    Бирин – кетин ҳаммамиз унинг хонасидан чиқар эканмиз, мен эшиттириш мавзусининг салмоқли эканлигидан чўчисам-да, шу билан бирга тижорат эшиттириши учун бериладиган қўшимча мўмайгина пулни ҳам ўйлаб хурсанд эдим.
    Бошлиқ айтганидай қилди. Тайёрланадиган эшиттиришни бошдан – охир ўзи таҳрир қилиб эфирга узатилгунича бош бўлди. Мен бундан хурсанд бўлиб дадамга катта мавзуда эшиттириш қилганимни, бунинг учун яхшигина қўшимча пул ҳам олганимни айтдим ва уни чўнтагимдан чиқариб ёнларига қўйдим. Бу гал негадир дадам аввалгидек хурсанд бўлмадилар, пулга қўлларини ҳам узатмасдан:
  • Сен устозингга оиламиздаги аҳволдан шикоят қилдингми? – деб сўрадилар.
  • Нега?- ҳайрон бўлдим мен.
  • Ўғлим бу қийинчиликлар ўтиб кетади. Ҳали давлатингни қаймоғи бузилмаган. Бир кун келиб кийимларни ҳам танлаб киясан, ўзинг хоҳлагандек уйда яшайсан. Бу ҳам бир синов Озгина сабр қил. Эшиттириш масаласига келсак, жамоада сендан яхши ёзадиган, сендан кўра тажрибали одамлар кўп. Бу устозингни сенга ёрдам учун қилган иши. Бу пулни рўзғорга ишлатмаймиз. Ҳозир бозорга бориб ўзингга бош – оёқ иссиқ кийим оласан. Устозинг сенга кўп яхшиликлар қилди. Мендан давр ўтгандан кейин ҳам отамнинг руҳи шод бўлиб юрсин десанг, у кишидан қўл узмайсан, – дедилар.
    Бу отамнинг менга қилган васиятлари экан. Кўп ўтмай ўзлари бу фоний дунёдан кўз юмдилар. Бу воқеага ҳам 24 йил бўлибди. Бу йиллар давомида менга устозим кези келганда суянчиқ, вақти келиб маслаҳатчи, дуогўй бўлдилар.
    Икки кун аввал яна у кишининг суҳбатларини олиш учун уйларига бордим. Чеҳралари бирдан ёришди. Суҳбат асносида «менга нима хизмат бор?» деб сўрадим.
  • Тез – тез келиб турсанг бўлгани.
  • Шундоқ ҳам ҳафтасига икки марта келаяпман-ку…
  • Йўқ, ҳар куни бир келиб кет. Ишдан қайтишингда бир кўриниб ўтсанг, бўлди.
  • Гап бўлиши мумкин эмас. Эртага ишдан қайтишимда, албатта, кираман…
    Аммо, бу суҳбат устозим билан орамиздаги энг сўнггиси эканлигини, эртага ишдан қайтиш маҳал у кишини сўнгги манзилга кузатиш учун боришимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Тонгда келган нохуш хабар хаёлларимни алғов – далғов қилиб ташлади. 24 йил муқаддам отамнинг кутилмагандаги вафоти қандай карахт қилиб қўйган бўлса, устозимнинг ўлими ҳам мени шу аҳволга солди. Устозим деб айтсам арзигулик, ҳаётимда ўзининг салмоқли ўрни бўлган бу инсон Қурбон Эгамбердиев эди.
    Бундан икки йил муқаддам,устоз сиз ҳақингизда газетамизда мақола чиқармоқчи эдим, деганимда ҳали вақт бор ўзим айтаман, – дегандилар устоз. Билмадим ўша вақт бугун эканми? Устозим ҳақида қутловлар эмас, хотира ёзаяпман. У кишининг хислатларини қисқагина ифода этгим келди.
    Сизга айтсам, устозим ҳам отамдайин меҳрибон эди…
    УСМОН НУСУРОВ
    Журналист