ТОМОРҚА – ХАЗИНА МАНБАИ

Mart 22, 2019 0 By admin

Юртимиз тупроғини зарга қиёслайдилар. Бу бежизга эмас. Зеро,  умид билан гиёҳ қадасанг, униб-ўсиб улкан дарахтга айланади, бу заминда. Шу боис, бир кафт ерни ҳам бекор ётишига йўл қўймасдан, ундан унумли фойдаланиб, турмушини обод қилиш, ҳамёнига барака киритиш йўлида меҳнат қилиш азалдан ҳалқимизга хос одат. Қувонарлиси, бир парчагина томорқасида ғайрату шижоат билан меҳнат қилиб, унинг натижасидан қувониб, бошқаларга ҳам ўрнак бўлиб келаётганлар орамизда кўпчилик.

Томорқа – хазина манбаи. Унда меҳнат қилган, тер тўккан инсон кам бўлмайди. Томорқадан унумли фойдаланишга давлат аҳамиятига молик масала сифатида қаралиши ҳам шундан. Чунки,  халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади.

Кўклам инсон қалбига яшариш, янгиланиш завқини улашади, у ён-атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини бошлаб юборади. Айниқса, иссиқхоналар барпо этиб, ундан мўл ҳосил олиш мақсадида тинмай меҳнат қилаётган, кўчат экиб, боғ яратаётган юртдошларимиз бундай пайтда тиним билишмайди.

Шаҳрисабз туманида 4-сектор вакиллари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тумандаги аҳоли хонадонларида бўлишиб, фуқароларнинг томорқа маданиятини ўрганишди, эгалигидаги ерлардан қандай фойдаланилаётганлигини назорат қилишди. Ўрганишлар давомида томорқа ер участкалари майдонлари, тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб экин турлари, мевали дарахтлар тури ва сони, чорва моллари ва паррандалар сони, шунингдек, уларнинг йил давомида томорқа ер участкасида етиштириладиган маҳсулот турлари ва сотиш ҳажмлари ҳамда иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳишлари ҳам сектор вакиллари эътиборидан четда қолмади. Сектор аъзолари хонадонма-хонадон юриб,  томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятлари билан танишдилар. Солиқчилар фуқаролар билан бўлган учрашув  ва суҳбатларда экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланган, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилида камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилишини тушунтириб ўтишди. Агарда бунинг акси яъни, томорқа ер участкаларида белгиланган экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ободонлаштирилмаганлиги аниқланса, томорқа ер эгасига жорий йил учун ер солиғининг уч баробар миқдорда ҳисобланиши ҳақида томорқа эгалари батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Тумандаги «Хўжахуросон» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган сектор аъзолари аҳолининг томорқасидан унумли фойдаланиб келаётганлигига гувоҳ бўлишди.

– Тадбиркорликка қизиқаман, – дейди маҳалла фуқароси Шерали Исмоилов, – Айниқса, иссиқхона билан шуғулланган юртдошларимга ҳавас қиламан. Томорқамдаги 2,5 сотих ерда иссиқхона қуриш ниятида банкдан имтиёзли кредит олдим. Ҳозир иссиқхона қуришни бошлаб юборганман.

Шерали Исмоиловнинг гапида жон бор. Маҳаллада иссиқхона қуриб, ундан даромад олаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Ориф Шарипов ана шундай юртдошларимиздан бири. У бир неча йиллардан буён кўчат етиштириш билан шуғулланган. Бугунги кунга келиб, унинг иссиқхонасида помидор, бодринг каби маҳсулотлар етиштирилиб, аҳоли дастурхонига тортиқ қилинмоқда.

Хўжахуросонликлар иссиқхона фаолиятида Элбобо Расуловни энг тажрибали деб ҳисоблашади. Унинг томорқачилик билан шуғулланиб келаётганига 10 йилдан ошди.

– Иш йўқ, деб хорижга кетаётган забардаст йигитларни сира тушунмайман, – дейди Элбобо Расулов. – Ахир ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юргандан кўра бир парча томорқасида меҳнат қилгани афзал эмасми? Ерни боқсанг, ер сени боқади, дейди халқимиз. Оддий уруғдан кўчат тайёрлаб, иш бошлаганман. Бугунги кунга келиб, 18 сотих иссиқхонада оила аъзоларим билан меҳнат қиламиз. Ҳар йили 50 минг туп помидор кўчати тайёрлаймиз. Ўзимиздан ортганини сотамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша, йилига 50-60 миллион сўмга етади. Буларнинг барчасини меҳнатдан келган бойлик, деб биламан. Агар иш йўқ, пул йўқ, деб шифтга термулиб ётганимизда бу муваффақиятлар қайда дейсиз?!   

Тумандаги «Оқдарё» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам тажрибали томорқачилар кўпчиликни ташкил этади. Жалол Абдулхайиров томорқасининг 4 сотих ерида иссиқхона ташкил этган. Бу мўъжаз иссиқхонада экилган бодринг кўчатлари бугун баравж ривожланмоқда.

– Айни пайтда бодринг ҳосилидан 30-40 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаб турибмиз, – дейди у. – Томорқадан унумли фойдаланишнинг хосияти кўп. Фарзандлар ҳам меҳнатга ўрганади, бўш вақтини шу иссиқхонада ўтказади. Эътиборлиси, биз тадбиркорларнинг давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги бизни руҳлантиради.

Дарҳақиқат, бугун аҳолининг томорқа маданиятини шакллантириш, ер участкаларидан унумли фойдаланишини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Бу 4-сектор вакилларининг ўрганишлари давомида ҳам яққол кўриниб турибди.

Ф. ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бош­қармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи