ЖАМИЯТНИНГ ФАОЛ АЁЛЛАРИ ҲАМИША ЭЪТИБОР ВА ЭЪЗОЗДА

ЖАМИЯТНИНГ ФАОЛ АЁЛЛАРИ ҲАМИША ЭЪТИБОР ВА ЭЪЗОЗДА

Fevral 25, 2019 0 By admin

Ҳаёт давомчиси, латофат ва нафосат соҳибаси аёлларга, онажонларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ота-боболаримиздан қолган гўзал қадрият ҳисобланади. Мамлакатимизда аёлларнинг жамият ҳаётида кўрсатаётган фаоллиги ва ташаббускорлиги муносиб рағбатлантирилиб келинади.

Вилоятимизнинг етакчи саноат корхоналаридан бири «Деҳқонобод калий заводи» масъулияти чекланган жамиятида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фидойилиги ва меҳнатсеварлиги ҳам  таҳсинга лойиқ. Корхонада 2010 йилда 64 нафар хотин-қиз меҳнат қилган  бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 200 нафардан ошди. Шулардан 70 нафари 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади.  Корхонада хотин-қизлар иштирокида турли мавзуларда семинарлар, тадбирлар ўтказиш яхши анъанага айланган. Ўтган 2018 йилнинг 21 – 22 ноябрь кунлари Қарши шаҳар ҳамда Деҳқонобод тумани «Соғлом турмуш тарзи» марказлари ўзаро ҳамкорликда «Соғлом она – соғлом жамият» , «Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» мавзуларида қизиқарли семинарлар ташкил этди.

Шунингдек, корхонада тикув цехи фаолияти йўлга қўйилиб, унда эҳтиёжманд, чин етим, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган 15 нафар аёлларнинг меҳнат қилишлари учун шароитлар яратилди, кўплаб хотин-қизлар касаначилик иш ўринларига эга бўлишди.  «Жажжи кимёгарлар» номли мактабгача таълим муассасаси, кутубхона ва соғломлаштириш масканида ҳам 11 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.

Ўтган йиллар мобайнида корхонада меҳнат қилаётган 169 нафар хотин-қизларга касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 21 миллион сўмга яқин миқдорда моддий ёрдамлар берилди. 5 та ёш оила «Умид гулшани» сиҳатгоҳида даволаниб, саломатлиги билан боғлиқ муаммолардан халос бўлишди. Ёш оилаларга намунавий уйларга эга бўлишлари учун бошланғич тўловларни корхона маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш йўлга қўйилди. Кўплаб ходимларимизнинг уй жойлари таъмирлаб берилди, 20 нафардан ортиқ коллеж битирувчиларининг иш билан бандлиги таъминланди.

Ўтган йили Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан 10 нафар ўғлоннинг суннат тўйлари ўтказиб берилди. Уларга қимматбаҳо совғалар улашилди, банкда омонат дафтарчалари очилиб, ҳар бирига 500 минг сўмдан пул маблағлари ўтказилди. Оила остонасида турган ёшларнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди. Уларга қимматбаҳо совғалар топширилди, омонат дафтарчалари очилиб, 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилди. Корхонада ишлаб пенсия ёшига етган 13 нафар ходим нафақага чиқарилиб, уларга эсдалик совғалари берилди.

Жамоада фаоллиги, ўзининг интеллуктуал салоҳияти билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган ходимларимиздан Мухтасар Каримова «Йил аёли – 2018» танловининг республика босқичида иштирок этиб, «Ўз касбининг моҳир устаси» йўналишида фахрли 1-ўринни эгаллади. Ходимларимиз Муҳаррам Шодиева ва Зулхумор Қувондиқова  «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирландилар.

Корхона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини спортга кенг жалб қилиш мақсадида аёллар ўртасида спорт ва халқ ўйинлари ўтказилиб турилади. Бундан ташқари корхона ходимларини юртимизнинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойлари билан таништириш мақсадида, корхонада фаолият олиб бораётган ходимлар билан Шаҳрисабз, Қарши ва Самарқанд шаҳарларига зиёрат ва саёҳатлар уюштирилди.

Яқинда улуғ бобокалонларимиз Алишер Навоий ҳамда  Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган сана муносабати корхонамизда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Уни «Деҳқонобод калий заводи» масъулияти чекланган жамияти бош директори Ҳ.  Шерматов кириш сўзи билан очди. Тадбирда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти доценти Юсуф Манзаров, адабиётшунос Турсунпўлат Холов, шоир Турди Ҳайдар сўзга чиқиб, Навоий ва Бобур бобомиз ижоди ва маънавий меросининг аҳамияти ҳақида сўз юритишди. Шундан сўнг жамиятнинг ишчи ёшлари ва тумандаги 23-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари улуғ ижодкорлар ғазалларидан намуналар ўқидилар. Тадбир давомида вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан қўйилган «Тўйлар муборак» спектали йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

– Корхонамизда ўтказиладиган бу каби тадбирлар меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилади, – дейди жамиятнинг бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Зебо Салимова. – Бугунги тадбирда намойиш этилган оила  муқаддаслиги ва унда аёлнинг ўрни акс этган томоша ходимларимизга байрамона кайфият улашди.

Ҳусния ЭШҚУЛОВА,

«Деҳқонобод калий заводи» масъулияти чекланган жамияти калий ўғитлар ишлаб чиқариш 2-цехи қадоқловчи-тахловчи ходимаси