КАМТАРИН ИНСОННИНГ КАМОЛИ

КАМТАРИН ИНСОННИНГ КАМОЛИ

Fevral 25, 2019 0 By admin

Ҳаёт – ҳикматларга тўла. Яшаш сирини билиш – ана шу ҳикматнинг ўзи аслида.  Бугун ким бўлмасин, шу обод юртда яшаётганидан кўкси фахрга тўлиб, одамларга яхшилик қилишга, турмушини янада фаровон,  тўкин-сочин бўлишига интилади.

Вилоят телерадиокомпанияси бош муҳандиси Уйғун Ҳайдаров ҳамкасблари орасида ўз соҳасига бўлган меҳри, меҳнатсеварлиги, қалби эзгу мақсадларга ошуфталиги билан ҳурмат қозонган инсонлардан бири. Ўтган йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни матбуотда эълон қилинган бир хушхабарни эшитиб, қалбим нурларга тўлиб кетди, шу куни оила даврасида байрам бошланиб кетди. Уйғунжон  кўпчилик ҳамкасблари қаторида юртимизда демократик қадриятлар, сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, модернизация жараёнларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги муносиб хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига биноан  Уйғун Ҳайдаров  «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Бу мукофот унинг оила аъзолари қаторида барча ҳамкасбларини қувонтирди.

Халқимизда, бола бошидан, деган пурмаъно ибора бор. Ибора замирида акс этган маъно даъфатан ортга назар ташлаб, ўтмишни бугун билан таққослашга, мушоҳада юритишга ундайди.  Дарҳақиқат, инсон камолот пиллапояларидан етуклик сари одимлар экан, унинг эртанги нурафшон ҳаёти болалигидаёқ аён бўлади. Зиёли оилада камол топган Уйғунжоннинг отаси Тўйчи Ҳайдаров жамиятнинг етакчи бўғинларида самарали фаолият юритиб, элнинг олқишига сазовор бўлган, вилоятда эъзоз топган фахрий инсон. Онаси Гулсара Жабборова ҳам илғор соҳаларда меҳнат қилиб, турмуш ўртоғига елкадош бўлиб, фарзандларини таълим-тарбиясига алоҳида эътибор берди. Уларни элим, юртим деб, ёниб яшайдиган зиёли, фидойи инсонлар сафига қўшди. 

Тўйчи Ҳайдаровнинг хонадони ҳамиша илмли, юртга фидойи инсонлар билан гавжум бўларди. Ибратли суҳбатлар, фан, тарих, адабиёт, сиёсат оламидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалар Уйғунжонни келгусида етук шахс бўлиб камолга етишига сабаб бўлган, десак муболаға бўлмайди. Ўқувчилик давридаёқ замонавий ахборот технологиялари воситаларига меҳр қўйган Уйғун Ҳайдаров  олийгоҳни тамомлаб, 1994 йилда вилоят телерадиокомпаниясида оператор бўлиб  иш бошлайди. Меҳнат фаолияти давомида кўплаб танловларда қатнашиб, совриндор бўлди.

Камтарга камол, дейдилар. Бу борада Уйғун Ҳайдаров ишда ҳам, оилада ҳам намуна кўрсатиб келади. Аёл – ҳаётнинг, жамиятнинг гултожи, айниқса, оқила аёлнинг меҳнатсеварлиги, ҳунармандлиги, пазандалиги – оиланинг катта ютуғи, дейди донолар. Уйғунжон турмуш ўртоғи билан бир соҳада, бир жамоада меҳнат қилади. Нигора Чориева «Олтин воҳа» радиосининг бош режиссёри. Бахтиёр оила уч нафар фарзандни вояга етказмоқда.

Уйғунжоннинг келгуси ишларига ривожлар тилаб қоларканман, беихтиёр қалбим тўлқинланиб, қаламимдан қалб сатрларим сочила бошлайди: 

Томирингда оқар донолар қони,

Рўзибой бобомнинг, улуғвор номи.

Етти авлод тортган катта карвони,

Қаторида сен ҳам бўлдинг сарбони.

Жигарбандим, сенга орден муборак.

Ёш бўлсангда босиб ўтдинг анча йўл,

Узун сўқмоқ довонларни кечиб мўл.

Қадрдонлар узатдилар ҳар вақт қўл,

Дея, сенга Она юртинг фахри бўл.

Юрт ўғлони, сенга орден муборак.

Халқ йўлида дилдан жавлон урмоқлик,

Маърифатда чўққиларга етмоқлик.

Керак бўлса, жонин фидо этмоқлик,

Шиор бўлди, сенга ҳақни билмоқлик,

Жигарбандим, сенга орден муборак.

Ойнаи жаҳонинг биллурдек ҳар дам,

Она юрт шаштидан ҳайратда олам.

Қашқа воҳам ютуқларин мунтазам,

Юртлар аро кўрсатишда сен шахдам,

Юрмоқдасан, сенга орден муборак.

Тўйчи ҳожи фарзандисан, мағрурсан,

«Гул»лар борки, «сара»сини суюрсан.

Уларнинг пок дуосини олурсан,

Ватан дея, қўйиб ёниб юрурсан,

Қадрдоним, сенга орден муборак.

Эл назари сенга мудом ёр бўлсин,

Шижоатинг чақмоқдайин бор бўлсин.

Унвонларинг юртга ифтихор бўлсин,

Зафарларинг оламга ашъор бўлсин,

Жигарбандим, сенга орден муборак.

Ислом АРСЛОНОВ,ижодкор, Қарши тумани