ТАДБИРКОРЛАР МУАММОСИ ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

ТАДБИРКОРЛАР МУАММОСИ ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

Fevral 15, 2019 0 By admin

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам таянчидир. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар самарасида мазкур тармоқ нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, янада фаровон турмушга эришишнинг муҳим омилига айланди. Тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорлар тўкинлигини таъминлаш баробарида давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Қарши шаҳридаги «Ўзбурғунефтгаз» акциядорлик жамияти мажлислар залида вилоят ҳокимлиги, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати, вилоят ИИБ, вилоят прокуратураси ва вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди. Йиғилишда вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари ва ҳисобчилари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган ишбилармонлар иштирок этди.

Йиғилиш аввалида 2019 йилдан бошлаб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар иштирокчиларга амалий мисоллар орқали тушунтириб берилди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратилган имкониятлар ҳақида батафсил тўхталиб, ташкил этилган йиғилишнинг асосий мақсади тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш, уларнинг олдида турган муаммоларига ечим топиш, воҳамизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалалар ва муаммолар бўйича вилоят ҳокимига бирма-бир мурожаат этишди. Кўплаб тадбиркорларнинг муаммолари йиғилиш пайтида ўз ечимини топди.

Масалан, Fузордаги «Замон-К» хусусий корхонаси директори ўринбосари Элёр Чориев иссиқхона қуриш истаги борлигини, ер ўзганики бўлгани учун ижара шартномаси билан банкдан кредит олишда муаммо юзага келаётганлигини таъкидлади. Вилоят ҳокими мазкур масала юзасидан молия муассасалари бошлиқларига юзланиб, ҳолатга аниқлик киритишни тайинлади. Элёр Чориевнинг иссиқхона қуриши учун ер ажратиш масаласида тегишли ташкилотларга кўрсатма берилди. Бир кун муддатда иссиқхона қуриладиган ернинг қарорини ёш тадбиркорнинг қўлига берилиши, банклар томонидан кредит ажратилиши таъминланиши бўйича алоҳида топшириқ берилди.

–    Очиғини айтсам, менинг масалам бунчалик тез ечим топишини ўйламагандим, – деди «Замон-К» хусусий корхонаси директори ўринбосари Элёр Чориев. – Тадбиркорлик фаолиятини бошлашдаги дастлабки муаммолар сабабли, ўзимнинг ҳам иш бошлашдан кўнглим қолиб кетаётганди. Бугунги тадбир, вилоят ҳокимининг бизга бўлган ишончи мени руҳлантирди. Энди ўз иссиқхонамни қуриб, тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўяман.

–    Мен ўн йилдан ортиқ вақт давомида чет элда яшадим, – деди тадбиркор Суҳроб Хожиев. – Хорижда тадбиркорлар учун бизнес марказлар борлигига гувоҳ бўлдим. Шаҳримизда ҳам тадбиркорлар учун шундай марказлар қурилиши лозим деб ҳисоблайман. Чунки, тадбиркорлик қилиш учун яхши ғоя бор, лекин пули йўқ, ҳамкор тополмаётган, биргаликда пули бор-у тадбиркорлик фаолиятини бошлашга чўчиб турган юртдошларимиз бор. Мазкур марказ тадбиркорларга ишончли ҳамкор топади. Уларнинг бизнес режаларини ривожлантиради ва керак бўлса, қўллаб-қувватлайди. Бу, албатта, юртимизга инвесторларни жалб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу таклиф йиғилганларга бирдек маъқул келди. Вилоят ҳокими мазкур масала юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқ берди.

– Биз вилоятимизда эшик ва дераза ромлари учун алюмин профиллар ва пластиклар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди тадбиркор Сирожиддин Валиев. – Чет элдан керакли технологияларни олиш учун келишиб олганмиз. Лойиҳа қиймати  300 минг АҚШ долларини ташкил қилади. 186 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олишни режалаштиряпмиз. Банкларнинг кредит фоизлари бизга тўғри келмаяпти. Имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам беришларини сўрадик.

Тадбиркор Сирожиддин Валиев саволига Марказий банк Қашқадарё вилоят бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Ражабов қуйидагича жавоб берди.

–  Кредит фоизлари қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб белгиланади. Бугунги кунда банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси 16 фоизни ташкил этади. Жорий йилда қайта молиялаштириш ставкаси кўриб чиқилиб, 16 фоиздан 13 фоизга туширилиши назарда тутилган. Шуни алоҳида айтиш керакки, чет элдан технология олиб кирмоқчи бўлган тадбиркорлар учун валюта кредити банкларимизда 8 фоизни ташкил қилади. Сизга шу маъқул келса, кредитни бемалол олишингиз мумкин.

–    Қарши тумани «Чаман» МФЙ, Човқай-2 массивида намунали қурилган ҳовлида истиқомат қиламан, – дейди Шоҳаббос Умрқулов. – Хонадонимиз олдида ташландиқ ҳолга келган 3 сотих ер бор. Мен у ерни тозалатиб, текислатиб чиқдим. Шу жойни менга беришса, иссиқхона қуриб, унда лимон етиштирардим.

Вилоят ҳокими масала юзасидан жойни бориб ўрганишни, келажакда бирор объект қурилиши режалаштирилмаган бўлса, бу ишни ёш тадбиркор фойдасига ҳал қилиб беришни таъкидлади. Масала юзасидан тегишли ташкилотларга кўрсатма берди.

– Нишон туманиданман, – дейди тадбиркор Орифжон Олимжонов. – Чорвачилик соҳасига қизиқаман. Ҳозирда бўрдоқичилик билан шуғулланаман.  Бу тармоқ фаолиятини кенгайтириш ниятидаман. Шу мақсадда Нишон туманидан 80 сотих ер ажратиб берилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Вилоят ҳокими масалани тегишли тартибда кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилиш юзасидан ер кадастр бўлимига топшириқ берди.

– Қарши шаҳридаги «Отчопар» МФЙдан тадбиркорлик қилиш мақсадида 5 сотих ер ажратишни сўрагандим, – дейди Шоира Эшманова. – Тегишли ташкилотлардан маълумотномаларни олдим. Ҳужжатлар тайёрланди. Ҳамма ташкилотлар хулоса берди. Лекин шаҳар ҳокими ерни ажратиш тўғрисидаги қарорга имзо чекмади. Шу масалани ижобий ечим топишида мутасаддилардан амалий ёрдам беришини сўрадим. Вилоят ҳокими нафақат менга, балки тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган ҳар бир фуқарога ер ажратишга тайёр эканлигини айтди.  Шундан сўнг менинг масалам юзасидан шаҳар ҳокими ер ажратиш бўйича қарорни имзолаб топширди. Жуда хурсандман.

Тадбир сўнггида вилоят ҳокими ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи шанбасида шундай йиғилиш ташкил этилиши  юзасидан топшириқ берди.  Бир сўз билан айтганда, учрашувда йигирмадан ортиқ тадбиркорларнинг муаммоларига ижобий ечим топилди.

Зариф КЕЛДИЁРОВ