ТУРМУШ ВА ТАФАККУРНИ ЎЗГАРТИРГАН МАСКАН

Fevral 2, 2019 0 By admin

Яқинда Деҳқонобод калий заводида таниқли журналист Абдурашид

Нурмуродов ва адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошнинг » Нур ёғилган юрт

одамлари» деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китобда

корхона тарихи, унда меҳнат қилаётган заҳматкаш ишчи-ходимлар

фаолияти акс этган қизиқарли ҳикоялар берилган.

Қуйида китобдан ўрин олган «Деҳқонобод калий заводи» МЧЖ бош директори

Ҳамидилла Шерматовнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

 

Она заминимизнинг тоғу тошлари, бепоён чўллари, чаманзор боғлари биз учун қадрли гўшалардир. Бу заминнинг ҳар бир қаричида одамни улуғлайдиган шундай сеҳрли бир нур борки, у нурни сўз билан таърифлаш қийин.

Ҳар бир одамга ўз юрти қадрлидир. Чунки, Ватан туйғусини бошқа ҳеч қандай туйғу билан алмаштириб бўлмайди. Эҳтимол, ёшликда унчалик билинмас, аммо кексаликда юртдан йироқлик киши юрагини ўртайди. Бундай дамлар болалик хотиралари инсон учун туганмас эртакларга айланади. Аммо бу туйғу ўрнини эртаклар боса олмайди.

Ҳар бир одам бу дунёга ўз ризқи билан келади, дейишади. Ҳақ гап. Аммо ўша ризқнинг бутунлиги кимга боғлиқ, деган савол кўндаланг туради. Қайси замон, давр бўлмасин, одамларнинг тинч-тотув, фаровон, тўкин-сочин яшаши ҳар доим юрт бошида турган шахсга боғлиқ бўлган. Бу боғлиқлик эт билан тирноқдан яқинроқдир. Бугун ўша яқинликнинг исботи одамларнинг гап-сўзи, тутумлари, руҳият ва кайфиятларидан билиниб турибди.

Тўғри гапни айтмоқ, яхши ишни қўлламоқ керак. Халқини илмга даъват этганларни эса, бошга кўтариш ҳам оз. Ҳар қандай бино пала-партиш пойдевор устига тикландими, маълумки, узоққа бормай қулайди. Пишиқ-пухта пойдевор устига тикланган иморат асрлар оша мустаҳкам туради. Деҳқонободдаги калий заводи худди шундай асрлар оша яшаш мўлжали, нияти билан қурилган.

2007 йил 17 декабрь мамлакат Президентининг «Деҳқонобод калий заводи қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Шу қарор асосида завод қурилиши амалга оширилди.

Заводнинг рудани қайта ишлаш мажмуасини қуришда Хитойнинг «СИТИК», тоғ-кон мажмуасини барпо қилишда Россиянинг «ЗУМК – инжиниринг» компаниялари билан шартномалар қилиниб, қурилиш-қазиш ишлари бошлаб юборилди.

Деҳқонобод туманида қурила бошланган бу завод Марказий Осиёда ягона бўлиб, янги технология асосида бунёд этилган улкан иншоот эди. Тўғрисини айтиш керак, ўша йиллари жуда кўпчилик одамлар бу ерда ўшандай қудратли завод бино этилишига ишонмаган эди. Бундай ишончсизликка асос ҳам бор. Ўзбекистон шу вақтга қадар ўз ихтиёри билан биронта завод-фабрика қурган республика эмас эди. Юрт мустақил бўлгач, одамлар тафаккуридаги қолиплар синдирилиб, уларда ўз кучига ишонч, яратувчилик туйғуси пайдо бўлди. Бу ҳол ўлкамиз экинчилари учун ғоят зарур, аммо, жуда камёб бўлган калийли ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берди. Зеро, Деҳқонобод тоғлари бағри калийнинг хом ашёси бўлмиш силвинитнинг битмас-туганмас манбасига тўла эди.

Бир неча тармоқни ўз ичига олган ғоят қудратли завод мажмуасини қуриб фойдаланишга топшириш ўта қисқа муддатда амалга оширилди. Завод ишга туширилганининг дастлабки йилларида намуна учун  маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, руда қазиб чиқариш суръати йилдан-йилга тезкорлик билан ортиб борди. Чунончи, 2014 йилда 441 минг тонна силвинит қазиб олган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 795 тоннага етди. 2017 йилда силвинит қазиб олиш бир миллион тоннадан ошиб кетди. Шунга мувофиқ равишда  калийли ўғит ишлаб чиқариш ҳам борган сари каттароқ миқдорни ташкил эта бошлади. 2014 йилда 160,6 минг тонна калийли ўғит ишлаб чиқарилди. 2016 йилда бу кўрсаткич 230 минг тоннага етди. 2017 йилнинг январь-сентябрь ойлари ичида эса калийли ўғит ишлаб чиқариш миқдори 280 минг тоннани ташкил қилди.

Ер юзидаги давлатларнинг саноқлиларидагина азотли, фосфорли, калийли минерал ўғитлар бор. Шу вақтгача юртимизда азотли ва фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилар эди. Калийли ўғитлар эса, четдан келтириларди. Бугунга келиб калийли ўғитларга бўлган эҳтиёжимиз тўла қондирилибгина қолмай, Малайзия, Индонезия, Лаос, Таиланд, Вьетнам, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Бирлашган араб амирликлари, Россия, Туркия, Украина, Литва, Озарбайжон, Гуржистон сингари чет давлатларга ҳам экспорт қилинмокда. Шунингдек, калийли ўғит билан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон сингари ён қўшнилар эҳтиёжи ҳам қондирилмоқда. Ҳозиргача чет элларга сотилган калийли ўғит миқдори бир миллион тоннадан ошиб кетди.

Дунё миқёсида ҳам калийли ўғитга талаб жуда катта. Чунки у тупроқнинг таркибини бузмайди, экинларнинг иммунитетини кўтариб, сувсизликка чидамлилик даражасини оширади.

Шуни ҳисобга олиш керакки, тупроқдаги калийнинг фақатгина алмашинувчи шаклигина экинлар томонидан озуқа сифатида ўзлаштирилади. Калийнинг тупроқдаги қолдиғи натрий хлор билан бирикиб, силвинит бирикмасига айланиб, экинлар ўзлаштиролмайдиган ҳолатга келади.

Экин ерларидан илмий асосда фойдаланиш агрокимё станциялари ёки лабораториялари томонидан ҳар уч-беш йилда экин ерларидаги алмашинувчи калий миқдори бўйича фермер хўжаликларига махсус харита етказиб беришни тақозо қилади. Агрокимё хариталари бўйича ернинг ҳақиқий ҳолати, калийли ўғитларни қўллаш меъёрлари белгилаб берилади.

Калийли ўғитлар самарадорлигини шундан ҳам билса бўладики, пахта етиштиришда қўлланилган калийга сарфланган ҳар бир 16 сўм, кузги буғдой етиштиришда 26 сўмгача фойда келтиради. Калийли ўғитларни қўллаш муайян тартиб ва кетма-кетликни талаб этади. Чунончи, ерга солинадиган калий ўғитлар таркибидаги алмашинувчи калийнинг 70 фоизи биринчи йилда ва 30 фоизи иккинчи йилда ўзлаштирилиши самарали бўлиши илмий жиҳатдан асосланган.

Калийли ўғитлар қўлланилиши ернинг ҳақиқий ҳолати ва кўзда тутилган ҳосилдорлик миқдорига қараб ўзгариб боради. Агар ғўзанинг гектаридан 30 центнер ҳосил етиштириш режалаштирилган бўлса, соф модда ҳисобида гектарига 120 килограмм, кузги буғдойдан гектарига 60 центнер дон етиштириш режалаштирилган бўлса, гектарига 60 килограмм калий солиниши керак.

Калийли ўғитлар таркибидаги алмашинувчи, яъни экинларга ўзлаштириладиган шакли 60 фоиз бўлганда, пахта майдонини шудгорлаш пайти гектарига 200 килограмм, кузги буғдойни экаётган вақтда гектарига 100 килограмм табиий ҳолда солиниши ҳосилдорлик ошишига омил бўлади.

Деҳқонобод  калий заводининг қурилиши ўз-ўзидан амалга ошиб қолгани йўқ. Бу улуғвор ишларнинг бажарилишида чет эллик мутахассислар билан бирга деҳқонободликлар ҳам ҳалол меҳнат қилишди. Заводдагиларнинг қай бири билан сўзлашманг, улар бу иншоот қурилишида қўшган ҳиссаларини ғурур билан айтишади. Икки мингдан ортиқ одам ишлайдиган заводнинг қурилишида халқ чинакамига тер тўкди, меҳнат қилди.

2014 йилда Хитойнинг «СИТИК» компанияси томонидан қиймати 116,309 минг АҚШ долларига тенг, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 400 минг тонна бўлган Деҳқонобод калий заводининг иккинчи – қайта ишлаш босқичи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошиб, юзлаб янги иш ўринлари пайдо бўлди.

Завод билан тоғ-кон мажмуаси орасидаги масофа 43 километр. Демак, конга бориб келиш 86 километрни ташкил этади. Ҳар бир машина келишида 25 тонна руда олиб келади, кетишида эса 25 тонна руда чиқиндисини конга олиб кетади. Рудани қишин-ёзин бу тариқа ташиш қатор муаммоларни юзага келтиради. Лекин аҳил ҳайдовчилар жамоаси ўзларига бириктирилган техниканинг соат механизмидай аниқ ишлашини таъминлашга уринганликлари боис, заводни хом ашё билан таъминлашда узилиш юз бермай келаётир.

Завод раҳбарияти тоғ ва унинг атрофидаги экологик вазиятни яхшилаш, замонавий йўлларнинг умрини узайтириш ҳамда хом ашёни олиб келиш ва чиқиндиларни олиб кетишга доир сарф-харажатларни минимал даражага келтириш мақсадида чет эллик мутахассислар билан биргаликда кондан заводгача бўлган масофага осма арқон йўллар куришга киришди. Умумий қиймати 42,8 миллион долларга тенг бу йўлдан ташқари, 12,154 миллион доллар қийматидаги осма йўлни ҳаракатга келтирадиган электр узатиш тармоғи қурилади.

2017 йил 23 августда «2017 – 2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида» Ўзбекистан Республикаси Президентининг ПҚ-3236-қарори эълон қилинди. Ушбу қарорга асосан Деҳқонобод калий заводида 2021 йилга келиб, 2017 йилга нисбатан калийли ўғитлар ишлаб чиқариш кўрсаткичини 2,1 бараварга ошириш белгиланган. Шунингдек, янги турдаги донадор калий хлорид ва калий сульфат ўғитларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларга кўра қарорда кўзда тутилган ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун қиймати 25 миллион долларлик иккита цех қурилиши лозим бўлади. Табиийки, бу янги цехлар очилиши юздан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлишига олиб келади.

Завод маъмурияти эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмай, янгидан-янги марраларни эгаллашга интилмоқда. ДКЎЗ мутахассислари кейинги йилларда мамлакатимиздаги етакчи лойиҳалаш институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш суръатини пасайтирмаслик учун янги қазув панелларини лойиҳалаш ва очиш юзасидан мунтазам иш олиб бормоқдалар. Чунончи, 2016 йилда битта панел лойиҳалаштирилиб, ишга туширилган бўлса, 2017 йилда яна бир қазув панелининг лойиҳаси тайёрланди. Шу кунларда бу панелни очиш юзасидан қизғин иш олиб борилмоқда.

Руда қазиб чиқаришдаги жонбозликлари учун корхонамиз тоғ-кон мажмуаси ходимларидан айримлари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.

Корхона ишга тушгандан буён ўтган йиллар давомида маҳсулот таннархини пасайтириш орқали унинг рақобатбардошлигини янада ошириш, бунинг учун илгари фойдаланилмаган резерв имкониятларни излаб топиб уни ишлаб чиқариш жараёнига самарали қўллаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, илгари импорт ҳисобига олиб келинган картошка крахмалининг ўрнига гуруч крахмалини маҳаллий хом ашё асосида 2016 – 2017 йилларда корхонанинг ўзида ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган бўлса, 2017 – 2018 йилларда республикамиздаги тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорликда суриқ ранг берувчи пигментни ҳам маҳаллийлаштиришга эришилиб, валюта маблағлари тежаладиган бўлди.

Бу каби ўзгаришларни амалга оширишда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, туман аҳолиси учун корхона ҳисобидан «Бешбулоқ» МФЙ кимёгарлар маҳалласида мактабгача таълим муассасаси, кутубхона ва спорт майдончаси ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган.

Корхона фаолиятини юритиш билан бирга ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жиддий эътибор берилиб, корхонага қарашли 21,5 гектар боғ майдонида жами йигирма мингдан ошиқ турли мевали ва манзарали дарахтлар парваришлаб келинмоқда.

Табиийки, Деҳқонобод калий заводидаги барча ютуқлар замирида кадрларнинг савияси ва ташаббускорлиги ётади. Энг замонавий техника, қудратли машиналар малакали мутахассисларсиз қуруқ темирлар уюми, холос. Завод раҳбарияти шуни ҳисобга олиб, қадрларнинг тайёргарлигини яхшилаш, малакасини ошириш, савиясини кўтариш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Ишхонада меҳнат қилаётган икки мингдан ортиқроқ кишининг бир минг олти юз нафар малакали ишчи-хизматчилари маҳаллий аҳоли орасидан танлаб олинган.

Раҳбарият заводда ишлаётган мутахассисларнинг билим даражасини ошириш юзасидан мунтазам тадбирлар ўтказмоқда. Барча ходимларнинг 627 нафари олий, 910 нафари ўрта-махсус маълумотга эга. Ташкилотда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Заводдаги 928 нафар мутахассис ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, республика ҳудудидаги кадрларни тайёрлаш марказлари, олий ўқув юртларида ҳамда ҳамдўстлик мамлакатларида касб йўналишлари бўйича қайта тайёрланди ва малакалари оширилди. Заводнинг уч нафар мутахассиси Москвадаги Кимё-технология университетининг магистратура босқичида ўқиб, ҳозирги кунда корхонада самарали меҳнат қилмоқда. Йигирма беш нафар ёш мутахассис Россиянинг Соликамск шаҳридаги ер ости шахтасида тажриба ўрганиб, ерости комбайни машинисти касбини эгаллаб қайтишди. 37 нафар ишчи ходим Белоруссиянинг Солигорск шаҳридаги касб-ҳунар коллежида ўқиб, тажриба ўрганиб, комбайн машинисти ва бош­қа ихтисосликлар бўйича малакага эга бўлишди.

Маъмурият учун раҳбарлар захирасини яратиш ўта муҳим вазифалардан ҳисобланади. Негаки, заводнинг тараққиёти унга қандай раҳбарлик қилинишига боғлиқ. Шу сабабли истиқболли кадрларни раҳбарликка тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхона истиқболини белгилаш ва иқтисодий таҳлил бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Ойбек Қурбонов 2014 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси магистратурасини тамомлаб, айни кунларда ДКЎЗ директорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Илгари заводнинг ишлаб чиқариш-техник бўлими бошлиғига ўринбосар бўлган Тўлқин Зарипов 2017 йили Президент ҳузуридаги давлат бош­қаруви академияси магистратурасини тамомлаб, ҳозирги кунда ишлаб чиқаришни мувофиқлаштириш ва таннархни пасайтириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакат истиқболи йўлида қалбларида фахр, ифтихор ҳиссини тўйиб меҳнат қилаётган заводимиз ишчи-хизматчиларига бу эзгу ишларида омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Ҳамидилла ШЕРМАТОВ,

Деҳқонобод калий заводи МЧЖ бош директори