«ПУЛ ТОFИ»НИ ҚИДИРИБ… ёхуд тадбиркорга тўсиқ бўлманг

Yanvar 29, 2019 0 By admin

Кечқурун газета варақлаб ўтирсам, телефон титкилаб ўтирган укам шошилинч кўчага отланди. Нима гап, дея ортидан қарагандим, дарвоза ёнига етганда, «чет элга ишлагани кетган синфдошим оғир аҳволда уйга қайтиб келибди, уни кўргани болалар билан йиғилишаяпмиз», дедию дарвозадан чиқиб, тун қўйнида ғойиб бўлди. Зумда укам қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, маҳалла гузарига етиб келишимни илтимос қилди. Энди дам оламан, деб турганимда… Хўп, майли, дедим-у ўрнимдан қўзғалдим. Начора. Иш-да. Машинамга ўтирдим-да, йўл-йўлакай бошимдан ўтган воқеаларни эслаб кетдим.

Тадбиркорликни бошлаш ниятида ёки арафасида турган ёшларга ҳаётимда бўлиб ўтган бу воқеани гапириб бериб, ўз мақсади йўлида ҳеч иккиланмай олға қадам ташлашини маслаҳат бераман. Камина ҳам сиз тенги ёшлардан. Фақат, айтишади-ку, оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деб. Бундан уч-тўрт йил олдин тадбиркорликни бошлаш арафасида турганимда тоғамнинг тўсиқ бўлиши ҳаётимни буткул ўзгартириб юборади, деб ўйламагандим. Яъни, катта даромад топаман деб, катта дард топдим.  Аслида, айб ўзимда. Ўз орзуим, мақсадим йўлида собитлик билан одимлашим керак эди.

* * *

Қишлоқ гузаридаги мактаб ёнида кўримсизгина, деворлари нураб тушган, осмондан тўртта томчи томса, бир ҳовуч чакка оқадиган сомсахонага дўстлар билан навбатдаги «ўтириш»дамиз. Сомса ҳа, деганда тайёр бўлавермагач, йигитлар бетоқат бўла бошлашди. Иммиллаганча тандир атрофида куймаланаётган Тиркаш ака «отиб» олганми, ҳансирайди. Сабрсизроғимиздан иккитаси уйга йўл олди. Қолган шериклар ярим чала пишган сомсаларни, очқаб кетган бўлсак-да, иштаҳа билан ея олмадик.

Эрталаб маҳаллага иш билан кирсам, раис  «сомсахона» ёпилгани, дадам элнинг тўю маъракасида ош пишириб келишини рукач қилиб, уни юритишни менга таклиф қилди. Навбатдаги «ўтириш»да шаҳарда ишлайдиган ўртоғим маҳалла раисининг таклифини маъқуллади. У банкдан кредит олиб, ошхонани кенгайтиришни маслаҳат берди.

Уйга келиб роса ўйладим. Буям тадбиркорликнинг бир тури-да. Ҳадемай, уйланаман. Йигит киши рўзғорнинг камини бутлаб қўйиши, керак бўлса, яхши даромад топиб, оиласидан ортганини бошқаларга ҳам улашиб саховат қўлини чўзиб туриши керак. Лекин-чи, пул деганини топишнинг ўзи бўлмайди. Ҳар томонлама ўйлаб кўрдим. Мактаб ўқувчилари, бекатда улов кутиб турганлар, маҳаллага иш билан келувчилар албатта сомсахонага енгилгина овқатланиш учун кирмай ўтмайди. Сифатли ва мазали таомлар билан хўрандаларнинг кўнглидан жой топсам, нариги кўчадаги «чебурек»чи Турсунқул аканинг «клент»ларини ҳам ўзимга оғдириб олардим. Шу пайт дарвоза тақиллаб, қўшни туманда яшовчи тоғам кириб келди.

–   Жиян, бормисан? Ай, ҳалиям маҳаллани чангитиб журибсанми? Бу дейман, сен тенгилар, чет-петга чиқиб, чўнтагини қаппайтириб, данғиламма уй-жой қуриб, элнинг овзини ланг очиб қўяяпти. Сен-чи, ошналаринг билан Тиркашнинг тандирхонасидан бери кемай қолгансан. Энангни ўйласанг-чи, менам тўй қилай, уй қилай, неваралар ҳузурини кўрай, деган орзу-нияти бор. Бўлди, чайналма, қандай тадбиркорлик қиласан? Керакмас. Бас. Ундан кўра, жур, мен билан Россияга, қайнағам об кетади. Билет пулиниям ўзи кўтаради.

–   Олдин, сиз, гапни эшитинг, тоға. Ўзимизда шунча пул турганда олисда бало борми? Тиркаш акани ҳайдашибди, ўрнига мен сомсахонани юритаман, раис айтди, ҳадемай ҳаммадан бой бўлиб кетарканман. Талабгорлар кўп. Нарзи малимнинг ўғлиям ўтган йили шаҳардаги ошхоналарда ишлаб, малакасини ошириб келган. Шу бола олиб қўйса-чи…

–   Тадбиркор бўлармиш. Сомсадан ҳам гап бўлдими? Осилсанг, баланд дорга осил. Майда-чуйда ишларга бош қотириб нима қиласан? Бизнинг қишлоқлик Икром ҳожи бувани танийсан-а? Ўтган йили 10 нафар неварасини уйлантириб тўйига Озодбек Назарбековни олиб келувди, элга 10 қозон ош берувди. Ҳа, балли. Ўша ҳожи бува шаҳарга борса, асло сомса емас эмиш. Бир куни телевизорда шаҳар ошхоналарига «лаҳад» гўшт тарқатаётган «шоввоз»нинг чиркин қилмишларини кўриб қолиб, азбаройи ошқозонига «қулф» уриб олибди. Чунки, ўша «шоввоз» гўштларни асосан, сенга ўхшаган сомсапазларга тарқатаркан. Бояқиш ҳожи бува қачон уйига келса, таомланаркан. Агар у сенинг қишлоғингга келиб қолса, сомсангни емади дейлик, унда маҳсулотингни кимга ўтказасан?

–   Дунёда ҳожи бувадан бошқа хўранда қуриб қолганми? Ўйламай гапирасиз, қаердаги гапларни, тоға? Сизга лоф бўлса, бўлди. Ҳалол ошнинг баракаси бўлади. Узоққа борманг,  Турсунқул аканинг «чебуриги» ҳақида ҳам ҳар хил гап-сўзлар юради. Барибир одамлар ошхонасига боришяпти-ку… Мен ҳам, Нозим ҳам ҳалол йигитларданмиз. Бундай ҳаром ишларга қўл урмаймиз. Аниқ биламан, бу масканни ишга туширсак, мақсадимизга етамиз.

–   Нарзи малимни биламан – бир умр папка кўтариб ўтиб кетди. На машина олди, на бир тузукроқ уй-жой қурди. Шунинг ўғли ким бўларди? Бўлди, бас қил-ай. Отангнинг би-и-ир замони кеп ошпаз бўлиб, озми-кўпми пул топиб, энди… бошқа ишга яроқсиз бўлиб қолгани ҳам етади. Жур. Пулни зўрини топасан. Эртагаёқ тайёргарлигингни кўравер. Мени айтганимни қилмасанг, хор бўласан. Ай, опа, сиз айтинг, бунингизнинг репиторга қатнайвериб, калласи ғовлаб кетган. Ақли йўқ. Бир нарса денг…

Тоғам у деди, бу деди, мени шаштимдан қайтариб, ота-онамни ҳам зўрға кўндириб, ўзи билан чет элга пул топиб келиш учун олиб кетди.

Ниҳоят, олис манзилга – тоғам айтган «пул тоғи»ни излаб йўлга тушдик. Тоғамнинг қайниси Коля исмли таниши билан бизни ишга жойлаштириб қўйди. Коля бино тўлиқ битгач, пулларингизни оласизлар, деб умид гулини кўлимизга ушлатиб кетди. Тўрт ой бу «гул»ни парвариш қилдик. Иншоот битгач… Коля «умид гули»и мендан сизларга эсдалик деб, бир-икки муштни айтмаса қуп-қуруқ йўлга кузатди. «Пул тоғи»ни излаб, пул «доғи»га дучор бўлдик.

Хуллас, пул «доғи»ни кўтариб, оз эмас, кўп эмас, икки йил сарсон бўлдик. Аммо, минг афсуски, орзуимиздаги «пул тоғи»ни тополмадик. Бу орада қанча қийинчиликларни бошдан кечирдик, очлик, совуқ кунлардаги машаққатлар… Энг ёмони соғликни йўқотдик. Менинг оёғим шикастланди. Биздан пул, хат-хабар бўлмагач, уйдагилар ҳам роса саросимага тушишгани-чи. Айниқса, менга онамнинг қон босими кўтарилиб, йўқ жойдан юрак касаллигини орттириб олгани алам қиляпти.

Тоғамни номард қайнисини тополмадик. Кейин билсак, у бизни сотиб кетган экан. Аниқроғи, ўша Коля уни бунга мажбурлабди. Тоғамнинг соғлиги ёмонлашди. Икки кишининг ўрнига начора ўзим ишладим. Бир куни тоғам кўзларига ёш олиб, «жиян, мени кечир,  ўшанда тадбиркор бўламан деганингда бу ёқларга олиб келиб хато қилган эканман, хом сут эмган бандамиз-да, ким нима деса эргашиб кетаверамиз», деди. Эсиз, икки йиллик умр, эсиз йўқотилган шунча вақт. Хайрият, юртга қайтар чоғимизда тайинлироқ иш топиб, йўл кирани ишладик.

Қишлоққа кириб келарканман, гузардаги сомсахонанинг ўрнида қад ростлаган икки қаватли ошхона ва тўйхонани кўриб оғзим очилиб қолди. Икки йил ичида бунча ўзгариш, янгиланиш – ҳеч ақлимга сиғдиролмадим. Кейин билсам, тоғам айтган ўша «папка кўтаришдан бошқасига ярамайдиган Нарзи муаллим»нинг ўғли Нозим қурган экан буларни. Аслида, «пул тоғи»ни биз эмас, Нозим топган экан. Бир йиллар чамаси ишлаб топган даромадига ошхонани бироз кенгайтириб, сўнг юртимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибордан унумли фойдаланган Нозим Ёшлар иттифоқининг кўмаги билан банкдан имтиёзли кредит олиб, ошхона ва тўйхона хизматини йўлга қўйибди. Эл ундан рози. Кексаларга оқшом чойини бепул тар­қатаркан. Нуронийлар уни ҳар куни дуо қилармиш. Данғиллама уй-жой қурибди, машина олибди. Яқинда тўйи бўларкан. Қишлоқдагилар уни Нозимбой деб атайдиган бўлишибди.

Тасаввур қилиб кўринг, агар унинг ўрнида мен бўлганимда… Эҳ, ҳаммасига тоғамнинг тўсқинлиги сабаб бўлди.  Майли, энди Нозимбойнинг омадини берсин. Шундай деб турсам, ёнимга оппоқ «Лассети» келиб тўхтади. Тўқ кўк рангли костюм-шим, оқ кўйлакли бир йигит машинадан тушиб мен билан қучоқ очиб кўришди.

–   Ассалому алайкум, Азимжон, яхши етиб келдингизми? Кўришмаганимизга ҳам бир аср бўлди-ёв… Эй, ўртоқ, наҳотки мени танимаяпсиз? Ахир мен…

Не кўз билан кўрайки, у – Нозимбой эди!

–   Салом-м… – каловланиб турсам, вазиятдан у олиб чиқди:

–   Азимжон, дўстим, туман марказига боряпман. Йўлингиз шу томон бўлса, юринг, олиб кетаман.

Машина ойнасидан атрофга боқиб, хаёлларим олисларга югуриб кетяпти. Нозимнинг гаплари қулоғимга кирмайди, унинг юзига негадир қаролмайман. Афтидан юзим ҳам лоладай қизариб кетаётган бўлса керак. Фақат охири шундай деганини эшитдим:

–   Хўп, десангиз, Ёшлар иттифоқининг туман кенгашига кириб ўтамиз. Кредит олишингиз учун ариза топширамиз. Қишлоқдаги қачонлардир боғча бўлган қаровсиз бинони қайта таъмирлаб, савдо марказига айлантирасиз…

Бошида бироз иккиландим. Нозим ташаббус кўрсатиб,  «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасидан 7 фоизли кредит маблағи олишимга сабабчи бўлди. Орадан кўп ўтмай, савдо марказини ишга туширдик. Ўн нафарга яқин қишлоқ ёшларини иш билан таъминладим. Тоғамни иш бошқарувчи этиб тайинладим. Бир йил ичида яхшигина даромад қилишга улгурдик, қаранг-а. Онамни даволатдим, машина олдим.

*  *  *

Ана шунақа. Азиз тенгдошлар, интилган, эзгу нияти йўлида изланган ёшлар муродига, албатта, етади. Тадбиркорлик учун мамлакатимизда катта имкониятлар яратилган. Уларни четлаб ўтиб, олислардан пул топаман, мўмай даромад қиламан, деб, адашманг. Ишбилармон тенгдошларингиз сафига қўшилинг. Мақсад, режа борми, марҳамат, ҳаракатни ҳозирданоқ бошланг.

Лочин ЭЛМУҲАММАД