ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ

Yanvar 27, 2019 0 By admin

Яқин йилларгача солиқ нима деган саволга айрим юртдошларимизда нотўғри тушунча шаклланиб келгани бор гап. Ана шундай кишилар ўзлари тўлаётган солиқларни кимгадир шундоққина бериб юбораётгандек тушунишгани ва энг ёмон томони солиқлардан қочишгани ҳам айни ҳақиқат. Бироқ, кўпчилик ўз вақтида тўланган солиқлар мамлакатимиз тараққиёти, аҳолининг ҳар томонлама фаровон ҳаёт кечириши, қулай турмуш тарзи учун хизмат қилишини яхши билишади. Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда бўлаётгани каби солиқ қонунчилигида ҳам мисли кўрилмаган ислоҳотлар, ўзгаришлар, жумладан, солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш бўйича дилқувонар ишлар амалга оширилаётир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони солиқ сиёсатида янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилгани билан аҳамиятли. Бу эса айниқса, иқтисодиётимиз бўғини ҳисобланган тадбиркорликни ривожлантиришда ва салоҳиятининг ошишида муҳим рол ўйнайди. Қарши шаҳрида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ташаббуси билан ташкил этилган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг мазмуни-моҳиятига бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз юритилди.

Воҳанинг ишбилармон тадбиркорлари билан жонли мулоқот тарзида ўтказилган йиғилишни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқарди.  Унда концепцияда кўзда тутилган ечимлар, қонунчиликда белгилаб берилган тизимли муаммоларга батафсил тўхталиб ўтдилар.

– Бугунги йиғилиш соҳа вакилларида катта таассурот қолдирди, — дейди Муборак туманидаги “Навбаҳор” фермер хўжалиги раиси Намоз Баҳрамов. — Айниқса, солиқ янгиликлари, ўзгаришлари, қўшимча қиймат солиғи ва тадбиркорлик соҳасига оид тушунчаларимизни янада бойитдик. Хўжалигимиз мустақилликнинг дастлабки йилларида ташкил топган. Асосан, чорвачилик тармоғига асосланган бўлиб, хўжаликка ажратилган 661 гектар ернинг 53 гектар майдонигина сувли. Хўжаликда айни пайтда 1126 та майда туёқли, 41 бош йирик шохли моллар ва 3 та от парваришланиб, аҳолига сут ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериб келамиз. Қиш ойларида омухта емга бўлган эҳтиёжимиз янада ошади. Шундай пайтларда бу муаммони ҳал қилишга хўжалигимиз аъзолари қийналиб қолишади. Тадбиркорлар муаммолари тингланган бугунги жонли мулоқотда шу муаммомизни ўртага ташладик.

Йиғилишда сўз олганлар вилоятимиз тадбиркорларига қарата  мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан солиқ сиёсатини ҳар жиҳатдан такомиллаштиришга қаратилаётган изчил ислоҳотлар, яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланган илҳомланиб, ғайрат билан меҳнат қилишлари,  Қашқадарё вилоятининг саноатини, туризм салоҳиятини юксалтириши,  воҳамиз маданий меросини, шаҳару қишлоқларимиз кўркини дунёга танитиш бўйича таклиф ва фикрлар билдириб ўтдилар. Айниқса, тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишдан ташқари баъзи бир муаммоларини залнинг ўзидаёқ ҳал қилишга эришгани қувонарли воқеа бўлди.

Л. НИЁЗОВ