КИМ ҲАҚ, КИМ НОҲАҚ?

Yanvar 18, 2019 0 By admin

Косон туманидаги «Шербек» маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига Шербек ва Сайёд қишлоқлари киради. Туманнинг Гала қишлоғи ҳам улар билан ёнма-ён жойлашган. Ер-суви, манзил-макони бир-бирига туташиб кетган бу қишлоқлар аҳолиси ҳар куни ўқиш, иш, турли юмушлар билан Қарши шаҳрига келиб-кетади. Уларнинг узоғини яқин қилишда «Дамас» автоуловларининг хизмати катта. «Қарши-Шербек» йўналишида фаолият юритиш учун лицензия бериш ҳуқуқи «Пўлати-Мерган» МЧЖга тегишли. Ҳозирда МЧЖ томонидан мазкур йўналишда ҳаракатланиш учун 14 та автомашинага лицензия берилган.

Бироқ, мана олти ойдирки, шербекликлар ҳамда бу йўналишда фаолият олиб борадиган ҳайдовчилар – «Пўлати Мерган» МЧЖ вакиллари хатти-ҳаракатидан норози. Шербекликларнинг бу жамият фаолиятидан норози бўлиб хат киритмаган ташкилот ва идораси қолмади, ҳисоб. Хўш, бундай норозиликка сабаб нима?

Шербек қишлоғи аҳолиси, ушбу йўналишда фаолият юритадиган ҳайдовчилар Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Норбобоев номига талабнома ва ариза билан чиқишган. Мазкур хатларда «Пўлати-Мерган» МЧЖ  Йўловчилар ташишни ташкил этиш ҳудудий комиссияси билан тузган тендер шартномаси шартларини бажармай келаётганлиги, ўзига тегишли автотранспорт воситаларини кунлик техник кўрикдан, ҳайдовчиларни тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтказмаётганлиги баён этилган.

Шунингдек, аризаларда аҳолига 40 дан ошиқ автотранспорт воситалари хизмат кўрсатсада, улардан 14 тасигина қонуний, қолганлари ноқонуний фаолият юритаётгани, аммо лицензиясиз ҳайдовчилар МЧЖ вакилига кунлик тўлов бериб турганликлари ёзилган. Хатда мазкур йўналиш йўллари ниҳоятда таъмирталаб эканлиги,  бу муаммо ечимини топиш мақсадида қишлоқлар аҳолиси ва маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари МЧЖ раҳбарларига бир неча бор мурожаат қилишганлиги, бироқ, МЧЖ мутасаддилари бу мурожаатни эътиборсиз қолдириб келишгани ҳам айтилган. Талабнома сўнггида фуқаролар  томонидан аҳоли ташиш йўналишига лицензия бериш ҳуқуқини «Пўлати-Мерган» МЧЖдан мазкур қишлоқда фаолият юритаётган «Косон-Реал-Гранд-Голд» МЧЖга олиб бериш сўралган.

2018 йилнинг 25 декабрь санаси билан Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Норбобоев имзоси билан Косон тумани «Шербек» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Ф.Бозоров ва бошқаларга жавоб хати юборилган. Хатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида автомобиль транспортида йўловчилар ва багажларни ташиш тегишли лицензия , тендер натижалари бўйича белгиланган тартибда тузилган  мунтазам йўналишларда  йўловчилар  транспортида  хизматлар кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар (контракт) мавжуд бўлган тақдирда амалга ошириш белгиланганлиги маълум қилинган. Йўловчиларни мунтазам йўналишли ташиш йўналишларида ишлаш ҳуқуқига фақатгина Йўловчилар ташишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссия ёхуд бошқа ваколатли орган билан тендер контракти тузган ташувчи эга бўлиши ҳам хатда асослаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги «Шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш автомобил транспортида очиқ  тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш масалалари тўғрисида»ги 368-сонли қарорига асосан вилоят ҳокимининг қарори билан тасдикланган «Шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ички йўналишларида йўловчиларни ташишни ташкил этиш» комиссиясининг қарори билан ШЙТ-459 «Қарши а/с-Шербек қишлоғи» йўналишли такси йўналиши бўйича 17 январь 2020 йилгача  бўлган муддатда  фаолият кўрсатиш бўйича Комиссия ва «Пўлати мерган» МЧЖ ўртасида тендер контракти тузилган бўлиб, ҳозирги кунда  ушбу йўналишда «Пўлати мерган» МЧЖга тегишли автотранспорт воситалари фаолият кўрсатиб келаётганлиги хатда маълум қилинган.

Шунингдек, «Косон реал гранд голд» МЧЖ раҳбари бошқарма ходимлари томонидан талабнома юзасидан суҳбат ўтказиш учун чақирилганда, келмаганлиги, айни пайтда ушбу жамиятда атиги 2 дона лицензияга эга автотранспорт мавжудлиги ҳам айтиб ўтилган. Мутасадди ташкилот раҳбари йўлларни таъмирлаш «Ўзавтотранс» ваколатига кирмаслигини айтган.

Табиийки, мазкур жавоб хати шербекликларни қаноатлантирмади. 2019 йилнинг 6 январь куни Шербек қишлоғида агентлик ходимлари, ҳар учала қишлоқ аҳолиси, йўналиш ҳайдовчилари,  маҳалла фаоллари, туман депутати, 4-сектор вакиллари, «Пўлати мерган» ва «Косон реал гранд голд» МЧЖ раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

– Маҳалла фуқаролар йиғинида 17 минг аҳоли истиқомат қилади, – дейди мазкур йиғилишни бошқариб борган «Шербек» МФЙ раиси Fанишер Қодиров. – Бугунги кунда «Қарши -Шербек» йўналишида расман 14 та «Дамас» автомашинаси хизмат кўрсатади. Бироқ аҳоли сонини ҳисобга олганда, бу камлик қилади. Шу боис, бу йўналишда ноқонуний равишда фаолият кўрсатадиган автомашиналар кўп. Буни кўпчилик яхши билади. Бу қонунга хилоф ҳаракатнинг олдини олиш учун «Пўлати мерган» МЧЖ ўзига тегишли автомашиналардан ташқари ноқонуний юрган автомашиналарга ҳам лицензия бериши керак. Бироқ, лицензия беришни сўраган ҳайдовчиларга МЧЖ раҳбари турли баҳоналарни рўкач қилиб, бу ишни пайсалга солиб келмоқда. 2018 йилнинг ёзида, яъни 23 июнь куни Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги вилоят бошқармаси лицензиялаш бўлими бошлиғи И.Назаров, бўлим бошлиғи ўринбосари Б.Эшонқулов, Автомобилларда ташувларни назорат қилиш бўлими бошлиғи А.Ҳасанов томонидан Шербек қишлоғи аҳолиси ва «Дамас» ҳайдовчилари билан шу масалада учрашув ўтказилган эди. Мутасадди идора вакиллари фуқаролар муаммоларини тинглашди, зарур тавсиялар беришди. Бироқ, ёз ўтиб, қиш келди ҳамки, вазият ўзгармади. Натижа бўлмагач, яна ариза ёзиб турли ташкилотлар эшигида сарсон бўлишга мажбур бўлдик.

-Талабимиз «Пўлати Мерган» МЧЖ йўналишга лицензия бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, бу ҳуқуқ шу қишлоқда тадбиркор сифатида фаолият олиб бораётган «Косон реал гранд голд» МЧЖга олиб берилсин, – дейди маҳалла фаоли Искандар Исмоилов.- Бу корхона айни пайтда автомобилларга лицензия бериш фаолияти билан ҳам шуғулланади, автомашиналарни техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун барча шароитлари етарли. Энг муҳими, бу тадбиркор қишлоғи учун қайғурадиган, элнинг яхши-ёмон кунида бирга бўладиган инсон. Қолаверса, йўналишда ноқонуний юрган 40 дан ошиқ автомашиналарга лицензия берилади, бундан эса давлат бюджетига ҳам қўшимча тушум жалб қилинади.

– Бир пайтлар шу йўналишда лицензия асосида ишлардим, – дейди ҳайдовчи Шароф Бозоров. – Ҳозир лицензия муддати тугаган бўлсада, йўналишдаман. Бир неча марта лицензия беришни сўраб «Пўлати Мерган» МЧЖга мурожаат қилдим, фойдаси бўлмади. Баъзан ДАН ходимлари рейд қилишса, айланма йўллардан қочишга мажбур бўламиз. Қонун асосида, тинчгина ишлаб, ҳалол пул топишни биз ҳам истаймиз. Мен каби лицензиясиз ҳайдовчилар кунлик ва «стоянка» тўловини бирон сабаб билан йўлда бўлмаган кунларимиз учун ҳам тўлашга мажбурмиз.

– Бир уюшмага лицензия ҳуқуқини бериш ҳам, ундан бу ҳуқуқни олиш ҳам тегишли органлар ваколатига киради, – дейди Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги вилоят бошқармаси мутахассиси Жамшид Ашуров. – Бошқарма томонидан фуқаролар аризасига берилган жавобларда бу ҳақда батафсил тушунтирилган. Йиғилиш давомида «Пўлати Мерган» МЧЖга нисбатан билдирилган фикрлар инобатга олинади. Тендер контракт шартларининг бажарилиши мониторинг қилинади.

– Шербек қишлоғи фуқаролари вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи номига ҳам мурожаат билан чиқишган, – дейди ВДСБ ходими Р.Андаев. – Мазкур мурожаат Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси иккинчи қисмига асосан тегишлилиги бўйича,  2018 йилнинг 26 декабрида 24-11799-сонли алоқа хати билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармасига юборилди. Шунингдек, аризачиларга «Пўлати мерган» МЧЖ молиявий фаолиятини ва солиқ қонуничилиги талаблари қандай бажарилиши тўғрисида жамиятнинг келгуси молиявий-хўжалик фаолиятида ўтказиладиган текширишларда аниқлик киритиш мумкинлиги тўғрисида маълум қилинди.

Йиғилиш якунига етди. Уни кузатар экансиз,  «Пўлати Мерган» МЧЖ вакиллари бир томон, Шербек қишлоқ аҳли бир томон эканлигининг гувоҳи бўласиз. Муроса қилиш, бир бирини тушунишни ҳеч бир томон истамайди. Аризачиларнинг фикри, мутахассислар таклиф ва тавсиялари, маълумотлари тингланди. Бироқ, масала ечими ноаниқлигича қолди. Сабаби, кўтарилган муаммо дарров ҳал бўладиган масала эмас. Зеро, икки томон бир-бирига таъна тошларини отар экан, ким ҳақу ким ноҳақ эканлигини текширишлар, ўрганишлар, айтилаётган даъволарнинг ҳаққонийлиги исботлангандагина билиш мумкин. Унгача эса, аҳоли узоғини яқин қилиш мақсадида хизматга отланган ҳайдовчилар ҳам, юртимизда тадбиркорлик соҳасига берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётган ҳар икки жамият аъзолари ҳам ўз бурч ва масъулиятларини тўла англаган ҳолда фаолият юритишлари жуда муҳим.

Мақола тайёр бўлгач, Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги вилоят бошқармаси мутахассиси Жамшид Ашуров билан боғландик. У бизга яқинда комиссиянинг навбатдаги йиғилишида мазкур масала атрофлича муҳокама қилиниши, мажлис қарорига кўра, «Пўлатига Мерган» МЧЖга нисбатан билдирилган шикоят ва талаблар ўрганилишини айтди.

Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Юртимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши, тадбиркорларнинг ҳар томонлама ҳимоя қилиниши тадбиркорга кўнглига келган ишни қилиш ҳуқуқини бермайди, албатта. Давлатимиз қонунларига риоя қилиш, фаолиятни очиқ-ошкора тарзда ташкил этиш, энг муҳими, мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида камарбаста бўлиш тадбиркорнинг бурчи эмасми?!

Мазкур масалага тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ойдинлик киритилишига умид қилиб қоламиз.

Ф. ҚОСИМОВА