ЭРКАК

ЭРКАК

Yanvar 18, 2019 0 By admin

(ҳикоя)

Гулноза Эрназарова

Эллик тўққиз. Отаси ҳам, акаси ҳам шу ёшда кетган. Кеча у ҳам эллик тўққиз ёшини нишонлади. Агар у ҳам… ўлимга етиб келдими?

Бошини ёстиқдан узиб олишга кучи етмади. Қуриб қолган томоғи ғалати тиришиб оғрир, худди вужудидан иркитлик таралаётгандай ўзидан жирканди. Боз устига хотинининг шанғиллаши лўққиллаётган бошига гурзи билан ургандек бўлди. Келин олгандан буён бошининг тепасига қўйиладиган бўлган чойнакка умидвор қўл узатди, муздай тахир чойни ҳузур қилиб шимирди. Сал эпақага келгандай бўлди. Эзилган танасини аранг кўтариб ювиниш хонасига ўтаркан, ошхонанинг ланг очиқ эшигидан бўйлаб қаради: бақалоқ хотинининг ярим гавдаси музлаткич ичида, ярми музлаткичдан хунук чиқиб турар, овози музлаткичнинг ғириллашига қўшилиб ириллаш бўлиб эшитилар, келини қўлидаги тарелкани кафти билан сидирганча мулзам турарди. Бир хаёли индамай ўтиб кетай, аёлларнинг вағир-вуғурига аралашмай дедию бироқ дафъатан қулоқларига урилиб бошини, наинки боши, бутун танасини зирқиратаётган бу овозни ўчириш, музлаткич эшигига тиқилиб қолган бақалоқ гавдани бир ҳамла билан янчиб ташлаш истаги устун келди.

– Ҳа, – деди кўриниш бериб, – нима гап, эрталабдан шанғиллайсан? Ҳе, энангни сени, палакат… – Хотинининг нимадир деб эътироз билдирмоқчи бўлиб жуфтлаган оғзи ҳайратдан қийшайган жойида ўдағайлаб яна қамчи босди. – Ўчир, овозингни, бировни боласини бунча эзасан. Ҳар куни шу аҳвол-а, индамасам ўзингдан кетдинг, – баҳонада минг йиллик аламзадалигини қусиб ташламоқчи бўлди – портлади, – ўзинг нимани қойиллатгансан, чўчқа?! Ўчир! Яна ғинг деган овозингни эшитай, энангни кўрсатаман! Аҳмоқ…

Хотинининг дум-думалоқ шардек гавдаси дами чиққан пуфакдек шалвиради, пишиллаш аралаш норози ғўнғиллаш ювиниш хонасига эшитилганди, яна таҳдидли томоқ қирди, овоз ўчди. Ойна олдида бетига кўпик суриб соқол олишга тараддудланаркан, ўз ишидан мамнун илжайди. Ичидаги бадбўй қуйқани тўкиб ташлагандай бош оғриғи ҳам йўқолган, аллақандай енгил тортганди.

Туғилган кун муносабати билан сотиб олган янги костюм-шимини кийиб чиқиб, «йигитлардай қарсиллаб» жимжит ҳовли ўртасида бирпас нима қилишини билмай турди-да, «Йигитлардай қарсиллайсиз, зўрсиз, хўжайин!!» – деб қийшанглайдиган хотинига «зўр»лигини кўрсатгани эсига тушиб, индамай гаражга кирди. Кўпроқ ичгани сабаб қўли қалтираб, боши айлангандай туюлди, машинасини ҳайдашга юраги дов бермади. Пойи пиёда ишга отланди. Кўча бошида бирорта танишга илашиб кетиш умидида қаққайиб турганди, бахтига «Матиз» русумидаги машина секинлаб тўхтади, ойнаси тушиб, кулча юзли жувон жилмайиб такаллуф қилди:

– Салом, қўшни. Ўтиринг, ташлаб қўяман.

– Ва алай… йўғе, овора бўлманг. Бир ўртоғимни кутаяпман, сиз бемалол.

– Шунақами? Ўртоғингиз келадиган ўртоқми? – аёл жилмайди, юзида кулгичлари бор эди. Машина эшигига қўлини юборди-ю, умрида аёл киши бошқарган машинага чиқмагани учунми, яна қайтди:

– Узр, мен бошқа томонга бораётувдим.

– Ие, қўрқаяпсизми? – Аёл хандон кулди. – Ўтиринге, афанди экансиз-ку. Мен халқ банкида ишлайман, сизлар билан ёнма-ён, борадиган манзилимиз бир ерда.

– Шунақами, яхши экан-да – деди ғўлдираб. Энди баҳона қолмаганди. Ноилож орқа ўриндиққа чўкди. Аёлнинг чеҳрасига зимдан тикилиб қаради, аввал кўрганини эслолмади, бироқ негадир бу чеҳра жуда таниш, тўғрироғи қадрдон туюлди, худди аввал жуда яқин бўлишгандай. Индамай кетишди. Ишхонаси олдида тушаркан, қўлини шимининг чўнтагига суқди. Аёлнинг норози, оғринган назарини ҳис этиб, қўлини чўнтагидан суғурмай миннатдорчилик билдирди:

– Раҳмат, машинани жуда чиройли ҳайдаркансиз, соғ бўлинг.

Аёл дилтортар жилмайиш ҳадя қилди-да, кетди. Тамом. Бор-йўғи шу. Бироқ уззу кун аллақандай ғалати, тушунтириб бўлмайдиган кайфиятда юрди. Кимнидир соғинаётгандайми, кимдир уни чорлаётгандайми, ниманидир йўқотгану, йўқотган нарсасининг нима эканлигини топа олмаётгандайми… бир ғайри, ажабтовур ҳолдан чиқа олмади. Уйига қайтаркан, йўлнинг нариги тарафидаги ҳашаматли бино олдида турган қўнғизмонанд машинани кўрди. Аёлнинг чеҳраси ёдига тушди.

Хотини ҳовлида кўринмади. Ошхонада тимирскаланиб юрган келин ҳол сўради, овқат сузиб берди.

Ёнбошлаб телеканалларнинг бирини қўйиб, бирини кўздан кечираётганди, ўғли телевизор кўриш баҳонасида ёнига келиб ўтирди, хотини дамлаб кирган чойни қайтарди. Ўғлининг елкалари кенг, киприклари узун, чиройли кўзлари раҳматли амакисиникига ўхшайди, ҳатто чордана қуриб ўтирганда бот-бот тиззасини силаб қўйиш одати ҳам худди амакисиникидай. Чеҳраси ҳорғинми, нимадандир хафадайми, эзгин кўринди. «Ишинг яхшими? Қийналмаяпсанми? Ўрганиб кетдингми?» деб ҳол сўраган бўлди. Яхши экан. Телевизорга кўз тикканча гап-сўзсиз, ўз хаёлларига банди бўлиб ўтиришди. Ўғли бир-икки бесаранжом қимирлаб қўйди, нимадир демоққа чоғланди. Хўриллатиб чой ичаркан, ўғлининг нима демоқчилигини фаҳмлаб ғашланди. Ўғли ингичка бармоқлари билан пиёлани ўйнаб ўтирди-да, ниҳоят тилга кирди:

– Онамни давленияси… – Гапнинг давомини эшитишни истамади:

– Сен аралашма, баттар бўлсин. Эрталабдан шанғиллайди, чарчамаганини… Иҳм, аҳмоқ хотин… – Ўғли бароқ қошларини чимирди, отасининг гапини ёқтирмаётганини билдирмоқчи бўлиб, телевизорга қадалди, юз мускуллари учаётгани сезилди, «худди акамга ўхшайди, умри ўхшамасин, тез жаҳли чиқади… Зорланган олашақшақ. Энди бу кишим онасини отасидан ҳимоя қилаяптилар. Ҳе, сени ўша онангниям…» Ота бўлиб ўғлига кўнгил ёрмаган, ўғлининг ҳам кўнглига қўл солмаган одам негадир шу топда у билан дардлашгиси келиб қолди. Ўғли мўмин-қобил, ақлли, меҳрибон, балки тушунар: «Мен ана шу аёл билан сенларни деб бирга яшадим, кўнглим аслиям бўлмаган, бефаросатлигию вайсақилиги билан ўзидан совутди. Семириб кетганини қара, келин олиб умуман қимирламай қўйди. Эркак бўлиб нима кўрдим, аёлимга кўнгилсиз яшадим-а… пешонамнинг шўри бор экан. Мана эллик тўққиз ҳам келиб турипти»… Йўқ, бўлмади, ич-этини кемираётган минг йиллик норозилик дардини қамаган хумнинг оғзини очишга мадори йўқлигини сезди ва: – Бор ўғлим, ухла, кеч бўлди, – деди ҳорғин уф тортиб. Ўғил эшик олдида бир оз тараддудланиб турди-да:

– Касалхонага ётқизаман, жуда мазалари йўқ, – деди минғирлаб. Индамади, телевизорга термилган кўйи бошини қимирлатиб қўйди.

Туш кўрипти. Йигирма йилча аввал Зулфия деган бир қиз амалиёт ўтагани ишхоналарига келганди. Ўша қизни қўлидан ушлаб кетаётганмиш. Бутунлай унутиб юборган эди. Нега тушига кирди? Ёдига тушди: юзида кулгичлари бор эди. Кеча мулозамат кўрсатган аёлнинг кулгичларидай чиройли кулгичлари бор эди…

Машинасини қиздира туриб, хотини ётган хонага бош суқиб ҳол-аҳвол сўраш керакмиди, деган ўй ўтди кўнглидан ва ўша заҳоти хотинининг кўрпага ўранган гумбаздай танаси кўз олдига келди: «арзимайди, – деб ўйлади, – аразлашига бало борми, юравер ҳеч нима бўлмагандай, териси юпқа бўлиб қоптими? Ҳийлагар! Озиш керак! Индамасам келинга оёғини ювдиради, жодугар! Ўзини касалга солади, энди ўғлини эшак қилиб минади бу, аслида йигирма йил аввал эшикни бир тепиб чиқиб кетишим керак эди… Зулфия мени яхши кўрарди… Шундоқ сезилиб турарди, ичимга олов ёққан ака-акалаб… болаларим, эл-уруғим дедим-а?» Дарвозани тарақлатиб очди: – Келин, эшикни қулфлаб олинг, – деб бақирди, алами тарқамади, ошхонадан югуриб чиққан келинига хотини эшитсин учун баланд-баланд гапирди: – Айтинг ана унга, ётмасин маслиққа ўхшаб, ўзи ҳиқилдоғимга келиб юрипти, ёмон қиламан, ёлғон касал бўлавериб семириб кетди… Машинаси эшигини қарсиллатиб ёпиб ўтиргандан то ишхонасигача ҳам ўқтин-ўқтин сўкиниб борди. Ишхонаси олдига тўхтадию кечаги аёлни кўриш истагида банк биноси олдидаги машиналарга разм солди. Кўринмади. Тушгача нари-бери ишлаган бўлди, хаёли ёшлик кўчаларида саргардон югурди. Отасининг амри билан узоқ қариндошнинг қизига уйлангани, унинг ҳеч нарсага уқуви йўқлиги, маза-матрасиз гапларидан қочиб нуқул шаҳарга кетавергани, отаси келинини эргаштириб келиб, уришиб сўкиб ташлаб кетгани, ҳаёт шу экан деб яшаб кетаверганини эслади. Яна ёдига Зулфия тушди: Хат ёзганди-я, очиқ қилиб «яхши кўраман сизни, келинг, Чаманда бирга яшаймиз, архивда ишлаяпман деб. Ҳозир борса, қидирса топармикан? Топса топар, топмаса кўнглини ёзиб келади-ку». Шу важоҳат билан тушлик ҳам қилмай машинасига ўтирдию Чаман қайдасан деб йўлга тушди. Юз чақирим нима дегани, минг бўлса ҳам бораман деб шаҳд қилди. Кузнинг таровати, баҳорнинг нафасини эслатадиган ёқимли ҳаво, равон йўл кўнглига ором бергандай бўлди. Катта-катта ҳарфлар билан «Чаман» деб ёзилган шаҳар дарвозаси олдида тўхтади. Ўз ишидан завқи келди. «Нимага келдим? Йигирма йил аввал архивда ишлаганидан бошқа ҳеч нимани билмасам, топсам ҳам мени танирмиди, йигирма йилдан ҳам кўп бўлдиёв… Бирор дарди бор деса керак… аввал топайчи… топсам топдим, топмасам ҳам қайтиб кетавераман, бир кўнгилни чигилини ёздим-да… Сайр ҳам саёҳат, саргардонлик ҳам саёҳат»… Сўраб суриштириб шаҳар архивини топди, кўримсизгина бино экан, атрофга аланглаб бирор киши чиқса сўрарман деб турди, ҳеч ким кўринавермагач «бор нима бўлса, бўлди» – деб ичкарига кирди. Ичкари ташқаридан ҳам абгор эди. Моғор ва эски қоғоз ҳиди димоғига урилди. Йўлак нимқоронғи, одам борга ўхшамайди. Олдинга илдамлади, орқадан шиппакнинг шиппиллашига ўхшаш овоз келди, тўхтаб ортига қаради, ёш қиз чойнак кўтарган кўйи яқинлашарди. Саломлашди. «Қизим, шу ерда Зулфия деган аёл ишламайдими?» деб сўради унинг саволомуз нигоҳига жавобан, қизнинг юзидаги аломат ўзгармади, «қирқ-қирқ беш ёшларда» илова қилди.

– Битта Зулфия опа борлар, бошлиғимиз. – Қиз бухороча талаффузда гапирарди: – Зулфия Маҳмудовна, шу киши эмасми сўраётганингиз?

– Отасининг исмини билмайман, балки шудир, – деди шаҳди пасайиб.

– Ҳайло, ана у хона, – қўли билан йўлак охиридаги хонани кўрсатди. Негадир оёғи оғирлашди, ҳатто бирдан орқага қайтмоқчи ҳам бўлди, бироқ жойидан жилмай унинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган қизнинг нигоҳлари таъқибидан қочиб илгарилашдан бошқа иложи қолмади. Эшикни ўзига тортиб, «мумкинми?» дея ичкарилади. Хона бинога ҳам, йўлакка ҳам тамоман тескари: кенг, ёруғ ва озода эди. Чап тарафдаги катта-катта иккита деразадан куз қуёшининг нурлари тўкилиб турар, ўнг тарафдаги катта тувакда хитой атиргули қийғос очилган, тўрдаги дераза токчасига терилган турли гуллар барқ уриб яшнарди. Столга мук тушганча ўқиётган аёл бошини кўтармай: – Киринг, – деди. Бу Зулфия эмас эди. Зулфиянинг сочлари калта қилиб кесилган, ажабтовур турмакда, икки чеккасидаги зулфлари иякларига тегиб турарди. Бу аёл эса сочларини силлиқ қилиб тараган, орқасига турмаклаган эди. Аёл ҳамон бошини кўтармас, ниманидир ҳижжалаб ўқирмиди, ямаётганмиди, диққатини чалғитишни истамади. Хижолат тортди, индамай секин ортига чекинди, эшикни итариб очганди ҳамки: – Нима ишшийиз бор? – деган овоз келди ортидан. Ичи музлаб, тиззаси қалтираб кетти: бу Зулфия эди. У, фақат у худди шундай қилиб «ишшийиз» дерди. Ўгирилди. Аёл бошини кўтарди. Таниди. Бир неча узундан узоқ дақиқалардан кейин аёл ўқдай отилди у томонга, у ҳам беихтиёр қучоғини очди. Аёл унинг қарилик нуқси уриб пўрсиллай бошлаган юзларига ҳамон тароватини йўқотмаган лабларини босиб-босиб ўпди, негадир йиғлади, кўзёшлари лабларига тегди, аёлдан келаётган атир ҳидидан боши айланди. Ўтирдилар, ҳол-аҳвол сўрашдилар, одатдагидай болаларига қизиқдилар. Зулфиянинг эри тиш дўхтири, иккита қизлари бор экан. Шоша-пиша ҳаётидан бохабар қилган бўлди, норозига ўхшамади. Бир оз тўлишибди, лекин бу тўлишиш ярашган, ҳаяжондан қизарган юзидаги кулгичлари уни яна ҳам зебо қилганди. Ботаётган куз қуёшининг қип-қизил нурлари деразалардан оқиб кирди, кетишга тараддудланди:

– Шу ерлардан ўтаётувдим, сизни кўриб кетай дедим, энди мен борай. – Зулфия аввал ҳам тортинчоқ эмас эди, энди яна ҳам шаддод бўлипти, қўлидан маҳкам ушлади:

– Сизни осонгина қўйвормайман, бир пиёла чой ичмасдан-а? Олдигинамизда қаҳвахона бор, шу ерда ўтирамиз. Қачон мен қўйворсам кетасиз, – деди энтикиб. Бу илтифотдан юраги орзиқди, ўттиз ёшли ўктам даврларига қайтгандай, ҳеч қачон ўлмайдигандай вужуди куч-ғайратга тўлди. Бир дона чироқ хира ёритган қоронғи йўлакда аёлнинг қўлини маҳкам қисиб қўйди, у кўзларини сузиб жилмайди, кулгичлари дилини ўртади.

Қаҳвахона нимқоронғи ва бир оз дим эди. Овқат буюрдилар. Илк бора учрашганларига йигирма тўрт йил бўлипти, вақтни орқага қайтаришди. Кунма-кун ўша кунларни яшадилар гўё. Зулфия ҳам, у ҳам нолинишмади.

– Мени ҳеч эсладингизми? Соғиндингизми? – деб сўради аёл.

– Эслаганим, соғинганим учун шу ердаман-да, – деб ёлғон гапирди. Аёл миннатдор жилмайди. Қаҳвахона ёш-яланглар билан тўлди. Рангли чироқлар мусиқага монанд ўчиб ёна бошлади. Зулфия «исиб кетдим» деб кўйлаги устидан кийган енгил костюмини ечди. Кўйлаги енгсиз эди. Беихтиёр аёлнинг очиқ, оппоқ билакларига қаради. Бу билаклар тасаввуридагидек таранг эмасди. Қаримсиқлаша бошлаган эти аллақандай сўлқиллаб, осилиб турарди. Негадир бирдан энасини эслади. Унинг бирор иш қилганда кенг енгларини шимариб олиши ва билакларининг эти худди шундай, тўғрироғи бундан баттарроқ буришиб сўлқиллаб туриши ёдига тушди. Кўнгли ағдарилди. «Мен ҳозир», деди-ю, ташқарига чиқди. Тоза ҳавода бирпас турди. Эшик олдида уни пойлаб турган дастёрни чақириб, ҳисоб-китоб қилди-да, машинасига ўтирди. Машинасини йўлга тўғирлаб сўнгги бор қаҳвахонага қаради: Зулфия қаҳвахонанинг катта ойнаси ортида унга маъюс жилмайиб турарди.

Йўл равон, ҳаво мусаффо эди. Майин шамол юзини силар, дилини аллаларди. Уйига қайтгиси келмас, бу йўл ҳеч қачон тугамаслигини истарди.