13 НАФАР ЁШЛАР – ЧЕГАРА ЭМАС

13 НАФАР ЁШЛАР – ЧЕГАРА ЭМАС

Iyul 18, 2018 0 By admin
8

вилоят Давлат солиқ бошқармасида вилоятдаги солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатиб келаётган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ўтказилган ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида «Эртасини ўйлаган мамлакат ёшларини эътиборсиз қолдирмайди» деган муҳим мавзуда маъруза қилдилар. Чунки, бугун ёшлар билан ишлаш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш, таклифларига қулоқ тутиш, унга ечим топиш долзарб масалалардан биридир.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда сайёрамизда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар сони бир миллиарддан ошиб кетган. Ёшларнинг 85 фоизи ривожланган мамлакатларда истиқомат қилади. Айни дамда ёшларнинг 10 миллионга яқини ОИТСга чалинган. Инсониятнинг бутун тарихи давомида ҳозирги авлод ўқимишли экани тан олинса-да, 113 миллион нафар бола мактабга бормайди. Замонавий дунёда 130 миллион ўсмирнинг саводсиз экани тан олинади.

Натижада, бугун бутун дунёда «Йўқотилган авлод» деган ибора пайдо бўлди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. 60 фоиз аҳолисини ёшлар ташкил этаётган давлатда ёшлар ҳақида гапириш, уларнинг муаммолари ҳақида гапириш, демакки, бу давлат ҳақида, давлатнинг муаммолари ҳақида гапириш демакдир.

Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселекторда айнан бугун ёшлар ўртасида учраётган муаммолар ва унинг келтириб чиқараётган сабаблари ҳақида танқидий фикр билдирилди.

Жойларда ёшлар билан етарли иш ташкил этилмаётгани натижасида улар ўртасида жиноят содир этилишининг олди олинмаяпти. Жумладан, Қашқадарё вилоятида жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этаётгани танқид қилинди. Энг ачинарлиси, вояга етмаганлар томонидан қотиллик жиноятларининг содир этилганидир.

Шу сабабли ҳам жамиятнинг барча жабҳаларида, оилада, мактабда, олий ўқув юртида, ташкилот ва корхоналарда ёшларни орзу-интилишлари билан қизиқиш, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш доимо долзарб масалалардан бири ҳисобланган.

Ёшларга қаратилган эътибор натижасида жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида жами 271 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар меҳнат қилмоқда. Улардан 160 нафари олий, 106 нафари ўрта махсус, 5 нафари ўрта маълумотли ёшлардир.

– Ўз навбатида тизимда фаолият кўрсатаётган ёшларни билим ва малакасини ошириш, меҳнатда фидойилик билан ишлаётган мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш ва тайинлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи С. Эшматов.- Бугунги кунда Қарши шаҳри ва туман Давлат солиқ инспекцияларида 13 нафар  30 ёшгача бўлган ёшлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқдалар. Жумладан, 1 нафар инспекция  бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1 нафар бошлиқ ўринбосари, 9 нафар бўлим бошлиғи, 2 нафар ёшлар шўъба бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқдалар. 13 нафар биз учун чегара эмас. Лойиқ кадрларни, ёш бўлса ҳам раҳбарлик лавозимларига тайинлашга тайёрмиз. Ватан учун садоқат билан хизмат қилса бўлди. Президентимиз таъкидлаганларидек, тажрибани уларга ўзимиз ўргатамиз.

– Солиқ тизимига ишга кирганимга 3 йил бўлди. Жуда масъулиятли вазифа. Уни сидқидилдан бажарганим учун  яқинда мени 28 ёшимда  бўлим бошлиғи вазифасига тайинлашди. Бугунги кунда Муборак тумани Давлат солиқ инспекциясида фаолият кўрсатмоқдаман, – дейди Юсуф Тожиев.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар, туман давлат солиқ инспекцияларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари тузилган бўлиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганиб борилмоқда.

Соҳада фаолият кўрсатаётган ёшларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раиси тавсияномасига асосан, 8 нафар ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич бадалисиз уйлари билан таъминланди.

Мамлакатимиз ёшларининг иқтидорини юзага чиқариш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Солиқ билимдонлари», «Солиқ билимлари болаларга» кўрик-танловлари ўтказиб келинмоқда. Ушбу танловларда муваффақиятли қатнашган ёшларни тақдирлаб бормоқдамиз.

– Бугун солиқ тизимида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор берилиб келинмоқда, – дейди Муҳаммад Холиёров. – Уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш мақсадида қатор танловлар жорий этилган. Бундан икки йил аввал Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган «Солиқ билимдонлари» республика кўрик-танловида иштирок этиб, ўзимизнинг билимимизни синовдан ўтказган эдик. Танловнинг республика босиқичида ҳам совринли ўринни қўлга киритгандик. Шуларни ҳисобга олиб, олий ўқув юртини тамомлаганимиздан кейин Fузор тумани Давлат солиқ инспекциясига ишга қабул қилиндим. Бугунги кунда шу жамоада меҳнат қилмоқдаман. Буни солиқ тизимида мендек ёшларга кўрсатилган ғамхўрлик намунаси деб биламан.

Шунингдек, ўзларининг самарали меҳнатлари билан жамоада ўрнак бўлаётган тизимимизнинг бир гуруҳ ходимлари Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармасининг ташаккурномаси билан, хизматда кўрсатган фидойилиги учун икки нафар ходим муддатидан аввал навбатдаги махсус унвон билан тақдирланди.

2018 йилгача бўлган даврда Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида хизмат қилаётган 97 нафар ёш ходимларга нисбатан қўлланилган 174 та  интизомий жазо чоралари муддатидан олдин олиб ташланди, шу билан бир қаторда 74 нафар ёш мутахассисларга навбатдаги махсус унвонлар берилди

Мулоқот сўнггида келгусида ёшлар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, бугунги учрашув бу йўлда дастлабки муҳим қадам бўлганлиги таъкидлаб ўтилди.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан

алоқалар  ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи