«НАФОСАТ – 2017»

Dekabr 11, 2017 0 By admin
153

Қарши давлат университетида  «Нафосат-2017» республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Тадбир хотин-қизларнинг  кийиниш услуби, улар ўртасида миллий ва  замонавий руҳдаги, менталитетимизга мос кийимлар андозасини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.

«Нафосат – 2017» кўрик-танловида воҳада самарали фаолият юритаётган 30 нафардан ортиқ дизайнерлар иштирок этишди. Иштирокчилар 4 та асосий йўналиш – «Ишбилармон ва етакчи аёл», «Талаба қиз», «Ижодкор аёл» тимсоллари ҳамда «Эркин мавзу» номинациялари бўйича баҳслашди. Улар аввалдан тайёрлаб келган ўз ижод намуналари, чизмаларини ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этишди.

– Мазкур танловда ўзим яратган 15 та либосни намойиш этдим, – дейди кўрик-танловнинг биринчи ўрин соҳибаси Қарши шаҳридаги «Фердил» хусусий корхонаси дизайнери Феруза Каримова. –   Улар тадбиркор, ўқитувчи, раҳбар аёллар, турли ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар, талабалар учун мўлжалланган. Кийимлар дизайнини яратишда уларнинг дидли, ярашиқли, хушбичим бўлишига эътибор қаратдим. Танловга тақдим этган либосларимга қатор ўзгартиш ва янгиликлар ҳам киритдим, булар эса ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Дизайнерларнинг миллий йўналишда, маросимлар учун тайёрлаган либослари ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Танлов ғолиблари ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Ж. НОРҚОБИЛОВ