Савол беринг, жавоб берамиз

Dekabr 11, 2017 0 By admin

Савол: «Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман. Якка тартибдаги тадбиркор деганда кимлар назарда тутилади?»

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 18-моддасида якка тартибдаги тадбиркорга таъриф берилган. Унга кўра якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахсдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг  24-моддасига хусусий тадбиркорга ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш билан бир қаторда ҳар бир ходим учун қуйидагиларни:

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини – ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

қатъий белгиланган солиқни – хусусий тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича назарда тутилган белгиланган ставканинг 30 фоизи миқдорида тўлаш мажбурияти юкланади.

***

Савол: «Биз яқинда мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бу орқали касб-ҳунар коллежларини эндигина тамомлаган 20 яқин йигитларни иш билан таъминлашни режалаштирдик. Эшитишимча, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган битирувчиларни иш билан таъминлаган корхоналарга солиқларни тўлашда имтиёзлар қўлланилар экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз?»

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлда «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (ПФ-4232-сонли) Фармони қабул қилинган бўлиб, унга кўра микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республиканинг касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун хужжатларида белгиланган чекланган нормативдан кўпи билан 20 фоиз оширилган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун назарда тутилган имтиёзлар, кафолатлар ва ҳуқуқлар уларда сақланиб қолиши белгиланди.

Эндиликда чекланган ходимлар сони ишлаб чиқариш тармоғида 20 кишидан 24 кишига, хизмат кўрсатиш соҳасида — 10 кишидан 12 кишига, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида — 5  кишидан 6 кишига оширилиши мумкин. Бу ўз навбатида иш ўринларининг ошишига ҳамда битирувчиларнинг  қисқа фурсатда ишга жойлашиши имконини беради.

***

Савол: Патронат, яъни болаларни оилага тарбияга олиш тартиблари ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг  22-боби 194-моддасида асосан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.

Болаларни оилага тарбияга олишни истаган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишилган ҳолда болаларни олдиндан танлаб олади. Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Болаларни оилага тарбияга бериш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.