Секторлар фаолияти: МАҚСАДИМИЗ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Dekabr 11, 2017 0 By admin
240

Мамлакатимиз қонунларида фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан қилиб белгиланган. Ҳозирги пайтда Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида халқни нафақат ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, балки уларнинг фаровон яшаши, яхши ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида кенг қамровли, аниқ режалар асосида фаолият олиб борилмоқда. Кейинги пайтларда аҳоли яшаш масканларида секторлар фаолияти йўлга қўйилиб, ишчи гуруҳлари томонидан фуқаролар хонадонларига бориб уларни қийнаётган муаммолар  ўрганилмоқда ва ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Миришкор тумани ҳудуди чўлларга туташиб кетган. Аҳоли тарқоқ жойлашган. Аммо туман меҳнаткашлари қишнинг аёзи, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам мардонавор меҳнат қилиб, чорва маҳсулотлари етиштириш, ғалла ва пахтачилик, полиз ва сабзавотчиликда дилқувонар натижаларга эришиб келишмоқда. Ана шундай меҳнаткаш халқнинг муаммоларини бартараф этиб, яхши яшаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ҳар бир раҳбар ходимнинг асосий вазифаси эканлигини унутмаган ҳолда ишлаш бугуннинг талабидир.

Бу борада туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-секторда ҳам ишчи гуруҳи аъзолари томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. 4-сектор ҳудудига Чандир, Амир Темур, Маҳтумқули ва Автономов массивларидаги еттита қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари киради. Ҳозирги кунга қадар 26 та ташкилот ва муассасалар ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан 4 мингга яқин хонадоннинг 2500 таси ўрганилди. Ушбу жараёнда кўча ва маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ўтган уч ой давомида ишчи гуруҳи аъзолари томонидан турли соҳалар бўйича муаммолар аниқланди. Улар орасида фуқароларга ер участкаси етишмаслиги, уларнинг газ баллонларини ололмаётганликлари, ишсизлик, моддий ёрдам, электр энергияси, кредит, йўл қурилиши, ичимлик суви ва бошқа муаммолар бор. Аҳолини қийнаётган бу  муаммоларни бартараф қилиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 15 нафар фуқаро ер участкаси олиш учун тендер савдоларига қатнашиш учун имтиёзли рўйхатга олинди. Газ баллонларига муҳтож бўлган хонадонларга газ баллонлари тарқатилди.

Туман «Сув оқова» корхонаси томонидан Вори қишлоғидаги 2 километр, Чандир қишлоғидаги 500 метр сув қувурлари янгисига алмаштирилди. Гулистон қишлоғида 110 метр газ қувурлари таъмирланди. Маҳаллалардаги трансформатор, ҳаво тармоқлари ҳам қайта таъмирланиб, истеъмолга яроқли қилиб қўйилди.

4-сектор ҳудудида қишга тайёргарлик ишлари ҳам талаб даражасида амалга оширилди. Муассасалар ва аҳолига кўмир етказиб бериш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Қишда лой, ёзда чанг бўладиган кўчаларга асфальт ётқизилганлигидан аҳоли мамнун. Шунингдек, ҳудудда маънавий-маърифий ишларга ҳам алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Яқинда Вори қишлоғида кутубхона-ахборот маркази қурилиб, 700 донадан ортиқ китоблар келтирилди. Келгусида ушбу маънавият ўчоғини янада бойитиш ва бошқа қишлоқларда ҳам кутубхоналар ташкил этишни мўлжаллаганмиз. Бу эса қишлоқ ёшларининг китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилади. Гулистон қишлоғида яшовчи тадбиркор Ориф Бўриевга тўйхона, меҳмонхона, болалар футбол ўйингоҳи, ошхона ва бошқа маиший объектлар қурилиши учун ер майдони ажратилишига амалий ёрдам берилди.

Сектор ҳудудидаги қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли осойишталигини ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қандай кўринишдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш мақсадида турли соҳа вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари муқаддам судланганлар, гиёҳвандлик иллатига мубтало бўлиб қолганлар, доимий ичувчилар билан профилактик суҳбатлар олиб боришмоқда. Ана шу тадбирлар жараёнида муқаддам судланганларнинг оилавий шароити ўрганилиб, ишсизларни иш билан таъминлаш, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш, кам даромадли оилаларга моддий ёрдам бериш ва бошқа муаммоларни ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу эса жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига хизмат қилмоқда. «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак» шиори остида маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилаётган профилактик тадбирлар давомида жиноятнинг содир этилиши оқибатида инсон шаъни ва қадр-қимматига, унинг маънавий ҳаётига салбий таъсир қилиши мисоллар орқали тушунтириб борилмоқда. Яқинда туманимизда «Профилактик ҳисобда турган шахсларни жиноят қилишининг олдини олиш мақсадида иш билан бандлигини таъминлаш» мавзусида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бунда асосий эътибор муқаддам жиноят содир этган аёллар, вояга етмаганлар, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобга олинган алоҳида тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш ва бандлигини таъминлашга қаратилди. Меҳнат ярмаркасида 15 нафар профилактик ҳисобда турган шахсларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ишга жойлаштирилди. 10 нафарига эса бўш иш ўринлари мавжуд бўлган корхона ва ташкилотларга йўлланмалар берилди.

Халқ билан ҳамнафас яшаш, уларни тинглаш ва ҳар томонлама кўмак бериш зиммамиздаги вазифа. Ана шу вазифани виждонан адо этиш учун барча имкониятларимизни ишга солаверамиз. Мақсадимиз халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлигига ҳисса қўшишдан иборат .

 

Анвар САРИҚОВ,

Миришкор тумани ДСИ бошлиғи