СЎЗСИЗ МАКТУБ

Dekabr 11, 2017 0 By admin
244

Бугун, ундан ўнинчи мактубни олдим. Яна ҳеч қандай сўз ёзилмаган, оппоқ, гардсиз қоғоз. Нега, оппоқ?! Жавобни қоғозга термулганча излашга ҳаракат қилдим. Ва топдим. Кўз олдимда кўринмас, лекин айтилиши керак бўлган сўзлар милтираганча ўта бошлади.

…Салом! Кеча тонгга яқин тағин тушимга кирибсиз, катта кўприк устида Сиз ва мен. Иккимиз ҳам жим. Ҳар доимгидек ташвишли қиёфадасиз. Атрофга, йўқ, узоқларга ўйчан термуласиз. Сиз севадиган куз фасли. Дарахтлар йиғлармиш-у, кўзларидан олтин тангалар сочилармиш. Йўлакларга қачонлардир тўкилган изларимиз ортидан хазонлар югураверармиш, югураверармиш. Бирдан қор ёға бошлабди. Кўприк устига кумуш гилам тўшалибди. Лабингизга сўз келганда музлаб қолибди. Яна ўша Сўзни эшитолмадим… Оҳ, қиров бўсалар жонимга тегди, дея олдингиз холос. Шошманг, ҳали уйғонганим йўқ, ҳали туш кўраяпман. Аёз ҳам юрагини бўшатганча юм-юм йиғлаб, кўзёшларидан заминда майсалар, гул-у чечаклар ундирибди. Баҳоройнинг эртага тўйи бўлармиш. Келинчакка бодомлар либос тикишга, қалдирғочлар унинг айвонига дурлар сочишга ошиқар. Турналар олисдан унинг бахтини олиб келармиш. Шу пайт унинг бахтини ялмоғиз олиб қочиб кетибди… Бировнинг бахти бировга вафо қилармикан, сўрадим сиздан. Бошингизни эгганча, хайр ҳам демасдан йўлингизда давом этдингиз…

Панжара ортида назоратчининг тунд ва совуқ қиёфаси кўринди.

– Жазо муддати тугади…

Ташқарига чиққанимда мени ўн йил кутган муҳаббатим – Ҳаёт жилмайганча турар ва унинг ортида мени абадий жазога гирифтор қилган қисмат сочининг учини ўйнаганча бақрайиб турарди…