АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — УСТУВОР ВАЗИФА

Dekabr 11, 2017 0 By admin
160

Жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида долзарб ҳаётий масалаларни ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилган эди.

Мазкур топшириқлар ижроси юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-сектор ҳудуди – Fузор, Китоб, Шаҳрисабз туманларида қатор амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Fузор қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди. 4-сектор раҳбари ташаббуси  ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 10 дан ортиқ ташкилот ва корхоналар 150га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этишди.

– Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Fузор тумани бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Фарҳод Эрназаров. – Туманимиздаги ташкилот ва корхоналар томонидан 324 та бўш иш ўринлари кўрсатилган.  Бизнинг ташкилотимизга мурожаат қилган фуқароларимизга муносиб иш ўринларини таклиф этмоқдамиз. Зарур бўлганда, уларни касбга ўқитиш ишлари йўлга қўйилган.

Меҳнат ярмаркасида 20 дан ортиқ фуқаролар ишга жойлашиш бўйича ташкилот ва корхоналар билан шартномалар тузишди.

-Мен шу йили Fузор қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомладим, – дейди Рўзимбек Муҳаммадиев. – Ўзимга муносиб иш излаётган эдим. Бугун  меҳнат ярмаркаси ўтказилаётганини эшитиб келдим. «Шўртангазкимё мажмуаси» масъулияти чекланган жамиятига қарашли чорвачилик фермасига ишга кирдим.  Ушбу тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, меҳнат ярмаркасида ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган ёшларга мутахассислар томонидан маслаҳатлар берилди.

Фирдавсий ЖАББОРОВ