САЙЁР ТАРТИБДА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ УЧУН ЯХШИ САМАРА БЕРМОҚДА

Dekabr 11, 2017 0 By admin
137

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2750-сонли қарорига асосан тадбиркорлик субъектларига «Ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмасидан чиқарилиб, адлия органлари таркибига киритилди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоят миқёсидаги «Ягона дарча» марказлари фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларининг самарадорлиги оширилди.

«Ягона дарча» марказлари тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш билан бир қаторда янгидан ташкил қилинаётган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш каби функцияларни ҳам бажаради.

Эндиликда марказнинг ўзида ҳамда жойларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ишлари ташкил қилинмоқда.

Бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган юртдошларимиз сони кун сайин ортиб бормоқда. Аммо бу фаолиятни қонуний тартибда йўлга қўйиб, бу борадаги қонун талабларига барча ҳам амал қилавермайди. Жойларда рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлаш ва уларни жойида сайёр тартибда рўйхатдан ўтказиш ишлари вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия, ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш, давлат солиқ бошқармалари билан ҳамкорликда йўлга қўйилди. Хусусан, ҳозирги кунга қадар, вилоят миқёсида 41 та тадбиркорлик субъектлари сайёр тартибда рўйхатдан ўтказилди.

Жумладан, Муборак тумани «Ёшлик» МФЙда тадбиркорлик субъектлари вакиллари, шу жумладан рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаролар билан учрашувлар ўтказилди. Бу тадбирлар давомида 3 нафар тадбиркор шу жойнинг ўзида сайёр тартибда рўйхатдан ўтказилиб, уларга тегишли гувоҳномалар расмийлаштириб берилди.

Шунингдек, Қарши шаҳридаги «Марказий буюм бозори» МЧЖ ва «Оқтепа Файз» МЧЖларда вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари билан биргаликда учрашув ташкил этилди. Мазкур жамиятлар ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркорларга мамлакатимизда амал қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берилди, 14 та тадбиркорлик субъектлари  шу куни сайёр тартибда рўйхатдан ўтказилди.

М.ЭШНАЗАРОВ,

Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси

ходими