«ЁШЛАР ПОЕЗДИ» – ҚАШҚАДАРЁДА

Dekabr 11, 2017 0 By admin
189

 

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида «Ёшлар поезди» тарғибот акцияси бўлиб ўтди.

Ёш олим ва мутахассислар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, тадбиркорлар, спортчилар, ижтимоий соҳа ходимлари, журналистлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари ва «Камалак» болалар ташкилоти сардорлари жалб этилган «Ёшлар поезди» лойиҳалари ниҳоятда қизиқарли ва мароқли ўтди.

  • Мазкур акция Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ш.Сатторов. – Акция ёшларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш, тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, давлатимиз томонидан ёш тадбиркорлар ва ёш оилаларга берилаётган имконият ҳамда имтиёзларни кенг тарғиб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилган.
  • Акция доирасида жойларда давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказилди. Шунингдек, чекка қишлоқлардаги таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва шифохоналарга китоблар совға қилинди. Етим болалар, имконияти чекланган, шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига совғалар топшириш билан бир қаторда, тажрибали шифокорлар жалб қилинган ҳолда бепул тиббий кўриклар ташкил этилди.

А.СОДИҚОВ