ЁШЛАР БИЛАН  УЧРАШУВ

ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Avgust 26, 2020 0 By admin

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят  IV сектор раҳбари  Азамат  Бозоров  Косон туманида ёшлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувни  ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имкониятлар  яратиш, уларни касбга йўналтириш, ташаббусларини рағбатлантириш, ёшларнинг бандлиги, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топишдан иборат бўлиб, учрашув очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслар, муаммолар билан вилоят IV сектор раҳбарига мурожаат қилишди.

– Миллий ҳунармандчилик, заргарлик ва замонавий кийимларга безак бериш ҳунари билан шуғулланиб келмоқдаман,-дейди Руҳшонабону Шавкатова.- Ўн беш нафар тенгдошимга ҳам бу ҳунарлар сирларини ўргатаяпман. Ҳунармандлар ўртасида ўтказиб келинаётган республика кўрик-танловларида совриндор бўлганман. Келгусида фаолиятимни кенгайтириш юзасидан IV сектор бошлиғига мурожаат қилдим. Менга кредит ва жой масаласида ёрдам бериладиган бўлди.

Шунингдек, Умурзоқ Файзуллаев тикув цехи очиш учун банкдан кредит олиш ва Руҳшона Рахмиддинова ўқув маркази очиш масалаларида мурожаат қилишди. Бундан ташқари, тумандаги 8-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Жасмина Тўраева ўзи ўқийдиган мактабда маданият ва спорт тадбирларини ўтказиш учун зарур анжомлар берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Умида Нуриддинова эса чекка ҳудудлардаги ёшлар ўртасида замонавий билимлар ва касб-хунар кўникмалари ҳосил қилиш юзасидан семинар-тренинглар ўтказишни таклиф қилди.

Тадбирда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар вилоят IV сектор бошлиғи томонидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда ижобий ечим топиш учун алоҳида назоратга олинди.

Учрашув сўнггида ижобий ютуқларга эришган фаол ёшларга бадиий китоблар ва бошқа эсдалик совғалари туҳфа қилинди.

                                              Ф. ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари