ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИНИНГ САЛБИЙ ФАРҚ СУММАСИНИ ҚОПЛАШ МЕХАНИЗМИ

Avgust 19, 2020 0 By admin

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 274-моддасига мувофиқ ўрни қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиниши кўзда тутилган.

Солиқ тўловчи ўрни қопланиши лозим бўлган солиқ суммасини солиқ органларига солиқ суммасини қайтариш тўғрисида берилган аризага асосан қайтариш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 август куни «Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 489-сонли қарори билан Қўшилган қиймат солиғи ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низом (кейинги матнларда Низом деб юритилади) тасдиқланди:

Қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммасини қоплаш, шу жумладан,бошқа солиқлар бўйича қарздорликни узиш ҳисобига қоплаш Солиқ кодексига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммасини қайтаришга ҳамда чет давлат фуқароларига солиқ суммаси ўрнини қоплашга (ТАХ ҒREE) нисбатан ушбу Низом қоидалари татбиқ этилмайди.

 Ушбу Низом мақсадларида қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси деганда Солиқ кодексига мувофиқ аниқланадиган, товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган солиқ суммаси ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.

Бунда хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича етказиб берувчиларга товарлар (хизматлар) қийматида тўланган солиқ суммаси тушунилади.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига (агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса) ноль даражали ставкани қўллашда қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси  белгиланган тартибда ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Солиқ суммаси ўрнини қоплаш масаласи қоида тариқасида солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси топшириғига асосан солиқ тўловчининг аризаси ва тақдим этилган ҳужжатлари солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдан ўзга жойдаги солиқ органлари томонидан кўриб чиқилиши ва қарор қабул қилиниши мумкин.

Солиқ суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан, солиқ суммасини қоплашнинг тезлаштирилган тартибда эса етти кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим.

Солиқ суммасининг қопланиши солиқ тўловчининг  тасдиқланган шаклдаги қўшилган қиймат солиғининг қопланиши лозим бўлган суммасини қайтариш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширилади.

Ариза солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилади.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари томонидан солиқ органига бевосита ёки буюртма хати билан почта, алоқаси хизмати орқали Низомда илова қилинган шаклга мувофиқ шаклдаги ариза тақдим этилади.

Хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди деб эътироф этилмаган ҳолатларда контракт ҳамда хорижий харидор томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини (кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Бунда, воситачилик шартномасига асосан воситачининг (агентнинг) воситачилик ҳақи суммаси кўрсатилган хизматлар учун комитент ҳисобидан воситачига келиб тушган суммадан ушлаб қолинганлигини тасдиқловчи ҳисобот (бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома) тақдим этилади.

Ушбу хизматлар бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали кўрсатилган бўлса (электрон шаклдаги хизматлардан ташқари), контракт ҳамда хорижий харидор томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

 Хизматлар электрон шаклда кўрсатилган бўлса, умумқабул қилинган хорижий амалиётга мувофиқ тузилган ҳисобот ва кўрсатилган хизматлар учун хорижий харидор томонидан тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ушбу хизматлар ҳақиқатда реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

Сув таъминоти, канализация, санитария жиҳатдан тозалаш, иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар Солиқ кодексининг 264-моддаси учинчи қисмида қайд қилинган шахсларга кўрсатилганда аризага Низом билан тасдиқланган шаклда реализация қилинган сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти хизматлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади.

Салбий фарқ бўйича қопланиши назарда тутилган солиқ суммасининг асосланганлиги юзасидан солиқ органи камерал солиқ текширувини ўтказади. Камерал солиқ текшируви солиқ органининг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғисиз амалга оширилади.

Бунда аризада кўрсатиб ўтилган солиқ даври бўйича қўшилган қиймат солиғининг тўғри ҳисобланиши юзасидан аввал солиқ аудити ўтказилган бўлса, қопланиши назарда тутилган солиқ суммасининг асосланганлиги юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилмайди.

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилган кундан кейинги кундан бошланади ва эллик кунгача бўлган муддатда якунланади.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш даврида солиқ органи зарур ҳужжатлар ва мавжуд товар-моддий бойликларни ўрганиш, кўздан кечириш ҳамда учинчи шахслардан тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни (ахборотни) талаб қилиб олиш мақсадида Солиқ кодексининг 145-моддасида назарда тутилган тартибда ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш, Солиқ кодексининг 146-моддасида назарда тутилган тартибда ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳамда Солиқ кодексининг 147-моддасида назарда тутилган тартибда учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.

Солиқ органининг мансабдор шахси камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳолатларни баён этган ҳолда хулоса расмийлаштиради ва бир кундан кечиктирмай тегишли қарор қабул қилиш учун солиқ органи раҳбарига (ўринбосарига) киритади.

Солиқ суммасини қоплаш бўйича ўтказилаётган камерал солиқ текшируви якуни бўйича солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки қоплашни рад этиш тўғрисидаги қарор солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан бошлаб эллик кундан ошмаган муддатда қабул қилиниши лозим.

Салбий фарқ бўйича солиқ суммасини қоплашни рад этишни (тўлиқ ёки қисман) ўз ичига олган қарор қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади:

солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;

товарлар (хизматлар) харид қилинишида ҳисобварақ-фактуралар электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида расмийлаштирилмаганда;

солиқ тўловчи томонидан реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизими орқали амалга оширилмаганлиги аниқланганда;

ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;

битимлар (операциялар) ҳақиқий эмас ва тадбиркорлик фаолияти доирасида даромад олишга қаратилмаган ёки (ва) иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган деб топилганда;

солиқ тўловчи томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, шунингдек, ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиришга, сайёр солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилинганда.

Солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети орқали, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кундан кечиктирмай юборилади.

Салбий фарқ бўйича солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисида қарор қабул қилинганда қопланиши асосли деб топилмаган солиқ суммаси юзасидан Солиқ кодексининг 138-моддасига асосан умумий тартибда камерал солиқ текшируви ўтказилади.

Солиқ органининг қарорига асосан қопланиши рад этилган солиқ суммаси юзасидан солиқ тўловчи асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқ органининг солиқ суммасини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ солиқ органи бир кун муддатда қопланиши лозим бўлган солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали солиқ тўловчининг бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини узишни мустақил равишда амалга оширади.

Солиқ тўловчининг бошқа солиқлардан бўлган солиқ қарзини узиш амалга оширгандан сўнг солиқ органи томонидан бир кун муддатда солиқ суммасининг қолган қисми бўйича хулоса расмийлаштирилади ва электрон шаклда (ДСҚ электрон ахборот тизими) орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ДСҚ ахборот тизими орқали олинган солиқ органларининг хулосасини олгандан сўнг Давлат бюджети маблағлари доирасида бир кунда автоматик тарзда солиқ суммасини солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Солиқ кодексининг 274-моддаси тўртинчи қисмига биноан солиқнинг жами суммаси ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартиби бу ҳақда солиқни қайтариш тўғрисидаги аризада кўрсатилган тақдирда, қуйидаги тоифадаги солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади:

белгиланган тартибда йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларга;

солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини  белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчиларга;

экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга – агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари;

маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;

солиқ мониторинги иштирокчиларига.

Қуйидаги ҳолларда солиқ суммасини қоплашнинг тезлаштирилган тартиби татбиқ этилмайди:

аризага Низомда белгиланган зарур ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган бўлса;

ариза тақдим этилган вақтда солиқ тўловчи солиқларни тўламаслик хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлса.

Солиқнинг ўрнини тезлаштирилган тартибда қоплашда солиқ тўловчи томонидан қоплаш учун аризада кўрсатилган солиқ суммаси унга тўлиқ ҳажмда етти кун ичида  белгиланган тартибда қоплаб берилади. Бунда қопланиши учун аризада кўрсатилган солиқ суммаси асослантирилганлигининг камерал солиқ текшируви белгиланган тартибда амалга оширилади.

Камерал солиқ текшируви натижаларига кўра аризада кўрсатилган солиқ суммаси ёки унинг бир қисми асоссиз деб топилса, солиқ тўловчи асоссиз равишда қопланган солиқ суммасини қоплаш санасидан то уни бюджетга тўлаш санасигача пеня ҳисоблаган ҳолда Давлат бюджетига тўлаши шарт. Кўрсатилган тартиб чет эл дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга татбиқ этилмайди.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари томонидан расмий фойдаланиш, шунингдек, уларнинг дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно), шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзоларининг (кейинги ўринларда-дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари) шахсий эҳтиёжи учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган солиқ суммаси солиқ органларига сотиб олиш операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган харидларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда тақдим этилган аризалар асосида қоплаб (қайтариб) берилади.

Бундай ҳужжатлар жумласига етказиб берувчилар томонидан расмийлаштирилган қўшилган қиймат солиғи суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар, инвойслар, назорат-касса техникасининг чеклари, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган чипталар, талонлар, чеклар ёки шуларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар киради.

Дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар (шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзолари) томонидан сотиб олинган товарлар бўйича тўланган солиқ суммаси хорижий давлатларнинг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналари орқали қопланади (қайтарилади).

Дипломатик ва маъмурий-техник ходимлар (шу жумладан, улар билан бирга яшовчи оила аъзолари) томонидан бир йил мобайнида сотиб олинган бир нечта автотранспорт воситалари бўйича тўланган солиқ суммаси фақат битта объект бўйича қоплаб (қайтариб) берилади, уч йил мобайнида бир нечта кўчмас мулк объектлари сотиб олинган бўлса, солиқ суммаси фақат битта объект бўйича қоплаб (қайтариб) берилади. Бунда, кўрсатилган шахслар қайси объект бўйича солиқ суммаси қопланишини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўладилар.

Солиқ органи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар камерал солиқ текширувидан ўтказилади ва ариза берилган кундан эътиборан беш кун мобайнида солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) ёки солиқ суммасини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Солиқ суммасини қоплаш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисида қарор қабул қилинганда қопланиши лозим деб топилган солиқ суммаси  белгиланган тартибда қайтарилади.

Чет давлатнинг қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга, ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимларига (шу жумладан, улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларига) нисбатан солиқ суммасини қоплаш тартиби белгиланган бўлса ёхуд бундай норма Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган бўлса қўлланилади.

Агар тегишли хорижий давлатнинг қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарига, ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимларига, шу жумладан, улар билан бирга яшайдиган оила аъзоларига солиқ суммасини қоплашда қўшимча чекловлар ёки алоҳида шартлар мавжуд бўлганда солиқ органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Низомда кўзда тутилмаган қўшимча чекловлар ва шартлар паритет асосда қўлланилиши мумкин.

 Маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиси томонидан битим доирасида сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган солиқ суммаси ушбу солиқ тўловчига сотиб олиш операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган харидларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда солиқ органларига тақдим этган аризаси асосида қоплаб (қайтариб) берилади.

 Бундай ҳужжатлар жумласига етказиб берувчилар томонидан расмийлаштирилган қўшилган қиймат солиғи суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар, инвойслар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар киради.Ушбу қоидалар маҳсулот тақсимотига оид битимда солиқ бўйича ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса татбиқ этилади.

Маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиси ҳисобланган солиқ тўловчининг аризасини кўриб чиқиш, камерал солиқ текширувини ўтказиш ва солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги қарорни қабул қилиш Низомда назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

М.Зиётов,

ВДСБ Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги бўлими бошлиғи.

З.СалОмова,

ВДСБ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими ходими