АҲОЛИ БАНДЛИГИ УСТИВОР ВАЗИФА

АҲОЛИ БАНДЛИГИ УСТИВОР ВАЗИФА

Avgust 5, 2020 0 By admin

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаларининг қонуний фаолият юритишига қўлай шароит яратиш, ўзини ўзи банд қилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турлари 67 тага етказилди. Жумладан, калитлар ясаш, чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш, жисмоний шахсларга компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, велосипедни таъмирлаш, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш, механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари билан шуғулланувчи шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Soliq” мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш тартиби ишлаб чиқилди. Эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар мобиль илова орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиб, қонуний фаолият кўрсатишлари мумкин. Рўйхатдан ўтган шахсларга фаолиятни қонунийлигини тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берилади. Улар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу солиқ тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.

  • Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолиятини қонунийлаштириш, уларнинг меҳнат муносабатларини кафолатлаш жуда муҳим.
  • Президентимиз томонидан мазкур қарорнинг қабул қилиниши айни муддао бўлди. Бу билан фуқаролар биринчи навбатда меҳнат фаолиятини қонунийлаштирса, иккинчидан фуқаронинг пенсия таъминоти ва меҳнат стажининг шаклланишига асос бўлади. Берилаётган имтиёз ва яратилаётган шарт-шароитлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида қисқа давр ичида Қашқадарё вилоятидан 16 минг 498 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишди.

Қайд этилган рақамлар йил якунига қадар бундан икки-уч баробар ортса, ажабмас. Зеро, ўзини ўзи банд қилиш – бугунги кун тақозосидир. Шу мақсадда давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Бозорлар, аҳоли гавжум ҳудудлар, МФЙ идораларига ташқи реклама воситалари ўрнатилмоқда.

Илхом САЛОМОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи