«СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ШАХСИЙ КАБИНЕТИ» ИМКОНИЯТЛАРИ ВА АФЗАЛЛИКЛАРИ

«СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ШАХСИЙ КАБИНЕТИ» ИМКОНИЯТЛАРИ ВА АФЗАЛЛИКЛАРИ

Iyun 13, 2020 0 By admin

Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасининг «Электрон давлат хизматлари – my.soliq.uz» портали орқали 45 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали мурожаатларни, солиқ органларида ҳисобга туриш, назорат-касса машиналарни рўйхатдан ўтказиш, ортиқча солиқ тўловларни қайтариш тўғрисида аризаларни, солиқ ҳисоботлар ва декларацияларни электрон кўринишда юбориш ва бошқа маълумотномаларни солиқ органларига ташриф буюрмасдан олиш мумкин.

Ҳисобланган, тўланган суммалар, солиқ қарзи, ортиқча тўлов, пенялар ҳамда бошқа ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитасининг ахборот ресурсларидан бевосита олиш мумкин.

Бу каби имкониятлари яратилганлиги солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига ортиқча ташриф буюришини камайтиришга олиб келмоқда.

Олиб борилган ишлар натижасида, солиқ тўловчилар томонидан давлат солиқ хизмати органлари ходимлари билан мулоқот қилмасдан, 2020 йил давомида my.soliq.uz порталига фойдаланувчилар томонидан 2,3 млн.дан ортиқ мурожаатлар бўлди. Корхоналар томонидан, маълумки, барча ҳисоботлар тўлиқ электрон кўринишда топширилаяпти.

Йил бошидан шахсий кабинетлар орқали корхоналар томонидан 157 млрд.сўм,  жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 3,2 млрд.сўмдан ортиқ  солиқлар электрон шаклда тўланди.

Шунинг билан бирга Солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш ва янада қулайлаштириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан юқоридаги электрон хизматларнинг мобил иловаси – «SOLIQ» мобил иловаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.

Солиқ мобил иловаси орқали ҳам хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун:

солиқ органлари ҳақида маълумот олиш;

шахсий ҳисобварақ маълумотлари олиш (ҳисобланган, тўланган, қарздорлик, устама-пеня);

солиқ органи раҳбари қабулига ёзилиш;

солиқ тўловчи ҳақида маълумот олиш;

солиқни ҳисоблаш калькулятори;

солиқни тўлаш (тўлов топшириқнома яратиш, тўлаш, тўлов топшириқномаси ҳолати);

солиққа оид тушунтиришлар олиш;

солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот олиш.

Юридик шахслар учун:

солиқни тўлаш (тўлов топшириқнома яратиш, тўлаш, тўлов топшириқномаси ҳолати);

солиқ ҳисоботлари ҳолатини текшириш;

солиқ органлари ҳақида маълумот олиш;

шахсий ҳисобварақ маълумотлари (ҳисобланган, тўланган, қарздорлик, устама-пеня);

солиштирма далолатнома шакллантириш;

солиқ органи раҳбари қабулига ёзилиш;

солиқ тўловчи ҳақида маълумот олиш;

солиқни ҳисоблаш калькулятори;

солиққа оид тушунтиришлар олиш;

ҚҚС тўловчилари ҳақида маълумот олиш;

солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот олиш;

солиқ низолари тўғрисида маълумот олиш имконияти мавжуд.

Шу билан бирга, барча турдаги фойдаланувчилар учун солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўлов муддатлари тўғрисида хабар берувчи «Тақвим» мавжуд.

Жисмоний шахслар шахсий кабинетига Электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёки жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) орқали кириши мумкин.

ПИНФЛни паспортингиздан аниқлашингиз мумкин.

Яна бир қулайлик!

Агар сиз нархларнинг сунъий равишда  оширилиши ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, мобил илова орқали бу ҳақда солиқ органларига хабар беришингиз мумкин.

Жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини «SOLIQ» мобил иловаси орқали тўлашлари мумкин.

Энди электрон рақамли имзо сертификатини ҳам давлат хизматлари марказига бормасдан масофадан туриб олиш мумкин. Бунинг учун E-imzo.uz – электрон калит онлайн аризаси манзилига кириб керакли маълумотларни тўлдириш етарли бўлади.

Зокир FОЙИБНАЗАРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи