ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ

ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ

Iyun 8, 2020 0 By admin

Барчамизга маълумки, юртимизда эълон қилинган карантин тадбирлари натижасида якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти  вақтинча тўхтатилган эди. Карантин тадбирларининг юмшатилиши натижасида бугун улар фаолиятини қайта тиклаб, ишлашни бошламоқда.

Бугун Қашқадарё вилоятида 25146 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда эълон қилинган карантин тадбирлари муносабати билан 5595 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб кўйган эди.

-Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат берилди. Шунингдек, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланишлари мумкин бўлади, – дейди Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Жасур Якубов. -Бугунги кунда 2208 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини қайта тиклади.

Қарши шаҳрида фаолият якка тартибдаги тадбиркор «Сағдиев Фазлиддин» 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, автомобиллар эхтиёт қисмлари сотиш фаолияти билан шуғулланади. У бугун тадбиркорларга яратилган имкониятлар мамнунлигини билдириб ўтди.

 -Биз бир муддат фаолиятимизни вақтинча тўхтатиб турган эдик. Бугун фаолиятимизни яна давом этирмоқдамиз, – дейди тадбиркор Фазлиддин Сағдиев.-Бундан жуда хурсандмиз.

Бугунги кунда солиқ идораси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳузурига бориб, уларга тушунтиришлар берилиб, фаолиятларини тиклашга кўмак берилмоқда.

Якка тартибдаги тадбиркор «Шерзод Нарзуллаев» 2019 йилда фаолиятини бошлаган. Бир нафар фуқаро ёлланма ишчи сифатида рўйхатдан ўтган. Тадбиркор бугун бир меъёрда фаолият олиб бормоқда.

Ушбу жараёнларда солиқ идораси ходимлари тадбиркорларга, савдо қоидалари билан бирга санитария гигеина талабларига риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатишлари зарурлигини эслатиб ўтмоқдалар.

Ф. ЖАББОРОВ