AҲОЛИ ВA ТAДБИРКОРЛAР МAНФAAТЛAРИ-ҲИМОЯДA

Iyun 8, 2020 0 By admin

Бутун дунё бўйлаб давом этаётган коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий муҳофазалашни янада кучайтириш ва тадбиркорларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 27 апрель кунидаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 18 май кунидаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» ги фармонлари қабул қилинди.

Мазкур фармонларда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлашга алоҳида аҳамият берилган.

Жумладан, жорий йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар аҳоли ва тадбиркорлар учун қуйидаги имтиёзлар берилди:

– Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан, «Саховат ва кўмак» фондидан, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондидан, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га, агар ёрдам олувчи шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўлса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди;

– Жисмоний шахсларга турар жойларини жисмоний шахсларга ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага беришдан олинган жисмоний шахслардан олинадиган даромадлар бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар муддатгача тенг улушларда тўланиши лозим;

– Лизинг корхоналари томонидан ҳисобланган ва кечиктирилган лизинг бўйича фоиз даромадлари суммаси фойда солиғини ҳисоблашда кечиктириш берилган даврдаги жами даромад таркибига киритилмайди;

– Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш тартиби тадбиркорлик субъектларининг амалдаги кредит шартномаларига ҳам татбиқ қилинади.

Шунингдек, соддалаштирилган тартибда солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) бериш муддати 2020 йил 31 декабргача узайтирилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) берилган ва келгусида тўланадиган солиқ суммаларини тўлаш бўйича муддатни мустақил равишда, бироқ икки йилдан оширмасдан белгилаш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидагилар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади:

–    кичик тадбиркорлик субъектлари;

– бозорлар ва савдо комплекслари,кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.

2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилади.

Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) томонидан қуйидаги фоиз харажатларини қоплашга компенсация бериш тарзида тадбиркорликни давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:

1)  тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида;

2)  2020 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун миллий валютада 500 миллион сўмгача бериладиган кредитлар бўйича Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, шунингдек, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (зарурият бўлганда) солиқ имтиёзлари берилиши ва ижтимоий нафақа олувчилар сонининг ошиши натижасида олинмай қолинадиган даромадлар муносабати билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан субсидиялар ажратилади.

Коронавирус пандемияси даврида давлатимиз томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қўллаб-қувватланиши, уларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар ўз самарасини бериб, халқимиз турмуш фаровонлигининг янада ошишига ва иқтисодиётимизнинг ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиздир. ВДСБ матбуот хизмати