БЕҲУДА  ВАҲИМАГА ЎРИН ЙЎҚ

БЕҲУДА ВАҲИМАГА ЎРИН ЙЎҚ

Mart 20, 2020 0 By admin

Барчамизга яхши маълумки, Хитой давлатининг Ухан шаҳрида тарқалган коронавирус юздан ошиқ давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам қайд этилди. Бундай вазиятда хавфли вирусни енгиб ўтиш учун халқимиз ваҳимага тушмасдан бирдамлик билан ҳаракат қилиши талаб этилади.

Коронавирус тарқалган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, бу иллатнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бозоримиз вилоятдаги энг катта бозор ҳисобланади. Бозоримиздаги қарийб барча озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллий шароитда етиштирилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бозорда нарх-навонинг ошиб кетишидан ваҳимага тушишга асло ўрин йўқ. Бизда барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етарлича заҳирага эга. Шу боис, айрим фуқароларнинг нарх ошиши хусусидаги ваҳималари асоссиздир. Бугунги кунда бозордаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ҳокимият, прокуратура ва солиқ ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, гуруҳ аъзолари томонидан бозордаги барча ҳолатлар қатъий назоратга олинган. Бозорда фаолият кўрсатаётган сотувчиларга маҳсулотлар нархини асоссиз равишда оширмаслик, агар бундай ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилса, тегишли тартибда жавобгарлик борлиги тушунтирилмоқда.

Юртдошларимизга шуни таъкидламоқчиманки, бозордаги нархларнинг барқарор бўлишини таъминлаш фуқароларнинг ўзларига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Ваҳимага тушган ҳолда айрим маҳсулотларнинг эҳтиёждан ортиқча харид қилиниши вақтинча бўлсада нархларнинг ошишига туртки бўлиши мумкин. Бундан ташқари, айрим маҳсулотларнинг уйда узоқ муддат сақланиши натижасида маҳсулотлар сифатини йўқотиши, айниши бор гап. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилган фуқаролар турли касалликларга чалиниши эҳтимоли мавжуд.

«Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори»га узлуксиз равишда мамлакатимизда етиштирилган деҳқончилик маҳсулотлари пешма-меш кириб келаяпти. Одамларнинг ваҳимага тушишларига ҳеч қандай асос йўқ. Шундай экан, ваҳимага берилмасдан барчанинг кўнгли хотиржам бўлиши ва ҳаммамиз бирдам бўлишимиз лозим.

Тоштурди ТЎРАЕВ,

Қарши шаҳридаги «Ерқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори» АЖ раиси