ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Mart 11, 2020 0 By admin

Ҳар йили кўклам фасли бошланиши билан байрамлар байрамларга уланиб кетади. Айниқса, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан азиз опа-сингилларимизга юксак эҳтиром кўрсатилади. Зеро, онага эътибор, аёлга эътибор бу, энг аввало, Ватанга ва жонажон юртимизга бўлган меҳр-муҳаббат рамзидир.

Президентимиз фармонига кўра, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотига муносиб эҳтиром кўрсатиш, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва жаҳон миқёсидаги мавқеини юксалтириш борасидаги улкан хизматларини муносиб қадрлаш мақсадида ҳамда оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ишларига қўшган катта ҳиссаси, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги самарали меҳнати билан ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотландилар. Улар орасида вилоятимиз вакилалари ҳам борлиги қувонарлидир.

II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан Яккабоғ туманидаги «Маданият текстиль кўп тармоқли» масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш таълими устаси Муқаддас Раҳимова,

«Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг Қамаши тумани ташкилоти раиси Валентина Баҳодирова,

«Шуҳрат» медали билан Шаҳрисабз туманидаги «Shakhrisabz tour» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Юлдузой Мамадиёрова мукофотландилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, мамлакатимизда мўътабар аёл зотини улуғлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқараётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётган қизларни муносиб рағбатлантириш мақсадида 28 нафар қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдилар.

Мукофотланганлар орасида вилоятимиздан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 2-босқич талабаси Мадина  Норчаева ва Шаҳрисабз туманидаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Бегойим  Олимжонова ҳам бор.

Барча соҳаларда етакчи, матонатли, фидойи ва намунали аёллар байрам арафасида Президентимиз фармони билан таъсис этилган «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди. Вилоятимиздан ҳам бир гуруҳ аёллар «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Улар Фотима Караматова, Галина Емяшева, Ҳикоят Салоҳиддинова, Жамила Султонова, Муҳаббат Бозорова, Нурия Суярова, Махфират Мирзаева, Ойдин Шониёзова, Раҳима Ражабова, Лола Пирматова, Норбиби Саидова, Беғам Нодирова, Замира Шукурова, Бибисора Бегнаева, Шаҳодат Каримова, Шарофат Тўхтаева ва Ҳабиба Хидировалардир.

 Қарши шаҳрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими З. Мирзаев иштирок этди ва Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган хотин-қизларга мукофотларни топширди.

Вилоят ҳокимининг байрам тадбирида сўзлаган нутқида таъкидланишича, вилоят аҳолиси 3 миллион 290 минг кишини ташкил этади. Шундан 1 миллион 623 минг нафари ёки 50 фоизи хотин-қизлардан иборат. Уларнинг 957 минг нафари 30 ёшгача ва 146 минг нафари нафақадаги аёллар бўлиб, 90 ёшдан ошганлар 1721 нафарни, 100 ёшдан ошганлар 86 нафарни ташкил этади.

6 нафар фан доктори ва 98 нафар фан номзоди, 22 нафар бош шифокор, 351 нафар фермер, 282 нафар мактаб директори ва 1095 нафар МТТ мудираси илм-фан, тиббиёт, агросаноат ва таълим соҳаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқдалар. Халқ хўжалигининг турли жабҳаларида кўплаб аёллар фидокорона меҳнат қилиб келишмоқда. Улардан Давлат мукофоти олганлар 339 нафарни ташкил қилади. Бир нафар «Ўзбекистон Қаҳрамони» бор.

Шунингдек, айни пайтда вилоятимиз вакилаларидан  Сенатда 1 нафар, Қонунчилик палатасида 4 нафар ва маҳаллий кенгашларда 66 нафар аёл депутатлар фаолият кўрсатиб келмоқдалар.

Вилоят бўйича 24 нафар хотин-қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофотини олган. Спорт соҳасида ҳам 36 нафар хотин-қизларимиз бир қатор спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор  бўлишган.  

Байрам тадбири пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли санъат усталари ва вилоятимиз санъаткорлари ижросидаги концерт дастурига уланиб кетди.

Байрам тадбири иштирокчилари Қарши шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар, вилоят марказидаги диққатга сазовор жойларга саёҳат қилдилар.

Ш. МАЖИТОВ

Суратларда байрам тадбирларидан лавҳалар акс эттирилган.