«ТОЗАЛИК МАЛИКАСИ»НИНГ ГЎЗАЛ ИШЛАРИ

«ТОЗАЛИК МАЛИКАСИ»НИНГ ГЎЗАЛ ИШЛАРИ

Mart 11, 2020 0 By admin

Кейинги пайтда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилаётгани боис ўзининг хусусий бизнесини бошлаётган юртдошларимиз сафи кун сайин ошиб бормоқда. Айниқса, улар сафида хотин-қизларнинг борлиги киши дилини қувнатади. Ана шундай ишбилармон аёллардан бири Матлуба Ўтаганова бўлиб, у тадбиркорлик фаолиятини бундан ўн йил аввал турли хилдаги шампун, атир совун ва  ювиниш учун ишлатиладиган воситаларни ишлаб чиқариш билан бошлаган эди. Бугунги кунда у бошқараётган «Тозалик маликаси» масъулияти чекланган жамияти  фаолияти ривожланиб, жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат Қарши шаҳрида, балки республикамизнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам ўз ҳаридорларини топмоқда. «Тозалик маликаси»нинг сифатли маҳсулотлари беш йилдан буён хорижга экспорт қилиб келинмоқда.

–   Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб тобора ошиб бормоқда, – дейди М. Ўтаганова. – Ўтган  беш йил ичида  400 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга муваффақ бўлдик. Келгусида Россия давлатидаги бизнес ҳамкорларимиз билан ҳамкорликда янги турдаги атир совун ва хўжалик совуни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз. Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида банкдан 400 млн. сўм  имтиёзли кредит олдик. Давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган енгиллик ва имтиёзлардан ғоятда мамнунмиз.

Қарши шаҳридаги намунали солиқ тўловчи корхоналардан бири бўлган «Тозалик маликаси» МЧЖда айни пайтда 22 нафар ишчи фаолият кўрсатаётган бўлса, улардан 17 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар томонидан 12 хилдаги шампун, атир совун, хўжалик совуни ва идиш ювиш воситалари сингари маҳсулотлар харидорлар талабига мос равишда истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Бу борада жамият ишчиларидан Сожида Шомирзаева, Аҳрор Бойтўраев, Муҳайё Тўраева ва Моҳигул Шоимовалар бошқаларга ўрнак кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар.  Корхонада ўтган йили 300 млн.сўм миқдоридаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, харидорларга етказиб берилди.

Юртдошларимизга гўзаллик улашиб келаётган «Тозалик маликаси»нинг гўзал ишларига ҳамиша муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Л. ЭЛМАТОВ,Суратда: корхона раҳбари Матлуба Ўтаганова  корхона ишчиси Жонибек Раимов билан бирга тайёр маҳсулотларни кўздан кечирмоқда.