ТАЛАБАЛАРГА СОЛИҚЛАРДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ҲАҚИДА ТУШУНЧА БЕРИЛДИ

Fevral 4, 2020 0 By admin
31

ДСҚ ҳузуридаги малака ошириш маркази вилоят ҳудудий филиали ҳамда вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан давра суҳбатлари ва амалий учрашувлар ташкил этилмоқда.

Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институтида олийгоҳ ўқитувчи ва  талабалари иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам солиқ тизимидаги янгиликлар, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Таъкидланганидик, 2019 йилнинг 30 декабрь  куни «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларни тугатиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар киритилди.

Солиқ кодексига асосан, Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг, эрининг, хотинининг таълим олиши учун йўналтирилган суммалар даромад солиғига тортилмаслиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини жами йиллик декларация асосида тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди.

Яъни, энди якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолиятидан даромад олса ёки олмаса ҳам бир хил суммадаги қатъий белгиланган солиқни тўламасдан ҳақиқий олган даромади миқдоридан келиб чиқиб, солиқ органига декларация топшириш орқали даромад солиғини тўлаши мумкин.

Бунинг учун, якка тартибдаги тадбиркор жорий йилнинг 25 январига қадар  ўзи танлаган даромад солиғини тўлаш тартиби ҳақида солиқ органига билдириш хатини беради.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг мазкур билдириш хатини солиқ органига бермаслиги, унинг даромад солиғини қатъий белгиланган суммада тўлашга розилигини билдиради.

Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркор жорий йилнинг 1 февралига қадар  ўртача ойлик даромади миқдоридан келиб чиқиб дастлабки декларацияни тақдим этади ва ҳар ойда декларацияда кўрсатилган суммасида даромад солиғини тўлаб боради.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарилди.

Р. ЭГАМОВ,

ДСҚ ҳузуридаги малака ошириш маркази вилоят ҳудудий филиали раҳбари