Янги таҳрирдаги солиқ кодекси: ЯНГИЛИКЛАР ВА ЎЗГАРИШЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ

Янги таҳрирдаги солиқ кодекси: ЯНГИЛИКЛАР ВА ЎЗГАРИШЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ

Yanvar 16, 2020 0 By admin
56

Қарши шаҳрида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини солиқ тўловчиларга тушунтиришга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бош ҳисобчилари иштирок этдилар.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида солиқ тизимини ислоҳ қилишда катта ижобий силжишлар бўлди. Бунда асосий ғоя тенглик,соддалик,аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланган янги солиқ тизимини яратишга қаратилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб 480 та моддадан иборат бўлиб, солиқ қонунчилигида қуйидаги янгиликлар жорий этилмоқда:

Солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, шунингдек алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди.

Хусусан солиқларнинг 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун (1 млрд. сўмгача обороти билан) эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди.

Яъни, Солиқ солиш шартларини тенглаштириш мақсадида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

– умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилган ҳолда бозорлар учун махсус солиқ режимини бекор қилиш;

– солиқ маъмуриятчилиги санъаткор даромадларини декларациялаш асосида амалга ошириш;

– қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларни умумбелгиланган солиқларни ёки айланмадан солиқни (агар йиллик айланма 1 млрд.сўмдан кам бўлса) тўлашга ўтказиш.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан ягона ер солиғи бекор қилиниши муносабати билан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер майдонлари бўйича ер солиғи ставкалари қишлоқ хўжалиги экинларининг норматив қийматига нисбатан 2019 йилда амалда бўлган 0,95 фоиз миқдордаги ставка сақлаб қолинмоқда.

Ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинди.

Қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди.

Хусусан, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани,яъни «манфий» қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилмоқда.

Асосий воситалар ҳамда кўчмас мулк объектлари харид қилинганда ёки янгидан барпо этилганда қўшилган қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ органлари томонидан асоссиз ундирилганлиги учун, Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш белгиланмоқда.

Солиқ қарзини дебиторларидан ундириш тартибидан воз кечилмоқда.

Аввал солиқларни тўлашни кечиктириш бўйича ваколат фақатгина марказлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Комиссияга берилган бўлиб, солиқларни тўлашни кечиктириш ҳуқуқини олиш учун ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқлар мавжуд эди.

Бу дегани – иқтисодий ночор аҳволга тушган корхоналарни соғломлаштиришга имконият бермасдан, уларни фақат банкротлик ҳолатига олиб келинган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида коллегиал органлар (комиссиялар) иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Депутатларга берилган ваколатларни янада оширган ҳолда, маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тақдим этилиши белгиланмоқда.

Солиқ тўловчиларни ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олиш мақсадида Республика бюджетига тушадиган солиқлар бўйича солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш юзасидан аризани ўзлари ҳисобда турган ҳудуддаги солиқ органлари орқали Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилади.

Бунда, солиқларни тўлашни кечиктиришда солиқ мажбурияти бажарилиши таъминоти сифатида мол-мулк гарови, банк кафолати ва кафиллик кўринишидаги янги таъминловчи воситалар киритилмоқда.

Солиқ органлари томонидан ахборот технологиялари асосида амалга ошириладиган солиқ текширувларининг янгича тартиби жорий этилмоқда. Эндиликда солиқ текширувларини ўтказиш учун номзодлар инсон омилисиз, дастлаб камида 42 тамезонлар асосида таҳлика-таҳлил (Риск-анализ) дастури ёрдамида танланади.

Таҳлика-таҳлил асосида хўжалик субъектларини хавфлилик даражасига қараб 3 та сегментга ажратади ҳамда камчиликлар аниқланган тақдирда, солиқ назоратининг янги камерал текширув, сайёр текширув ва солиқ аудити ўтказилиши белгиланмоқда.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган солиқ суммаси ўртача 30 фоизга камайтирилиб, уларга солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Хусусан, улар солиқни қатъий белгиланган миқдорларда тўлаш ёхуд жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация асосида тўлаши мумкин бўлади.

2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт.

Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йилнинг 1 июлига қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар.

Талаб этилган тизимга ўтилишини таъминлаш учун: 

2020 йил 1 январдан ҚҚСни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби бекор килинди.

Жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйилиши ва бу тартибни бузганлиги учун жарималар кўзда тутилган.

Аксарият ҳолларда ижарага мол-мулкини топшириб даромадни олаётган шахслар электрон тарзда ҳисоботларини такдим этиш кўникмалари йўқ.

Фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари бекор қилинмоқда. Бунда, аванс (бўнак) тўловлари солиқ органлари томонидан жорий солиқ даври учун жами даромаддан келиб чиққан ҳолда мустақил ҳисоблаб чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарорига мувофиқ алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси бериш бўйича ҳудудий ДСИларга ваколат берилган.

Солиқ тўловчилар томонидан молиявий, солиқ ҳисоботини, камерал натижаси билан тушунтириш ёки қайта ҳисобот тақдим этмаганда, солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органларининг ҳудудга ёки бинога киришига тўсқинлик қилинганда ҳамда манзилида йўқ бўлса, уларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни 10 кундан ошмаган муддатга тўхтатиб туриш мумкин.

Юридик шаxснинг алоҳида бўлинмаларида стационар ишчилар сони 25 нафардан ортиқ бўлганда, ҳақиқатда фаолиятини амалга ошираётган жойидаги ДСИда мажбурий рўйxатдан ўтказиш ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўлаш тартиби жорий этилди.

Солиқ кодексининг 2019 йилда амалда бўлган таҳририда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималар энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган бўлса, янги таҳририда аниқ суммаларда белгиланган.

Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 221-моддаси биринчи қисмига асосан:

назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик,

беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасиниқўллаган ёки сотиб олувчига квитанциялар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни берган ҳолда савдони амалга оширганлик ва (ёки) хизматлар кўрсатганлик,

етти миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Охирги йилларда айрим солиқ тўловчилар тушумни яшириш мақсадида бошқа субъектларга, асосан якка тадбиркорларга тегишли тўлов терминалларидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилар ва бундай ҳолатлар учун жавобгарлик чораси Солиқ кодексида аниқ кўрсатилмаган эди.

Эндиликда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 221-моддаси, учинчи қисмига асосан бошқа шахслар номига расмийлаштирилган ҳисоб-китоб терминалларидан солиқ тўловчи томонидан фойдаланилиши,йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, техник талабларга мувофиқ бўлмаган ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса техникаларидан фойдаланганлик,йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шу каби, Кодекснинг 222-моддасида якка тартибдаги тадбиркор томонидан даромадлар ва (ёки) харажатларни ҳисобга олиш (даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш китоби) қоидаларини бузиш, беш юз минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) учун жавобгарлик Солиқ кодексининг 223-моддасида белгиланиб, камайтириб кўрсатилган солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

Солиқ қарзини ундириш ва мажбурий ундирувга қаратиш борасидаянги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 114-моддасига мувофиқ солиқ органининг солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарорнинг бажарилишини таъминлаш усули сифатида солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш ваколати берилди.

Солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатлаш суд қарорига кўра амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, солиқ органи қарори асосида солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича мол-мулкига тақиқ қўйилиши мумкин.

Солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича унинг мол-мулкини хатлаш солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида у томонидан тўлиқ бажарилмаган тақдирда амалга оширилади.

Амалий семинарда солиқ тўловчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Ф. ЖАББОРОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари