Қашқадарёда 680 мингга яқин мол-мулкка ер солиғи тўловчи шахслар мавжуд

Yanvar 14, 2020 0 By admin
53

Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, ҳудудларни ривожлантириш, йўлларнинг равон бўлиши, замонавий мактабларни барпо этилиши, тиббий хизмат сифатини ошириш, мамлакатимиз ҳарбий салоҳиятини кучайтириш каби мақсадларга сарфланади.

Маълумки, 2019 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди. Унда жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш борасида ҳам қатор янгиликлар киритилди.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 680 мингга яқин мол-мулкка ер солиғи тўловчи жисмоний шахслар мавжуд.

Қарши туманидаги “Ертепа” маҳалла фуқаролар йиғинида Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан солиқ тўловчилар иштирокида учрашув ташкил этилди. 

– Аввал жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини солиқ тўловчиларга етказиш муддати 1 майгача эди. Эндиликда ушбу муддат 1 март этиб белгиланди, – дейди Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров. – Жисмоний шахслар томонидан ҳисобланган солиқларни тўлаш муддати 15 октябргача этиб белгиланган бўлса, Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига эндликда солиқларни тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар тўлаш белгиланди.

Эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий миқдордаги даромад солиғи ставкаси ўтган йилгига нисбатан ўртача 25 фоизга пасайтирилди.

– Мен бир неча йилдан буён якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият олиб бораман. Бир нафар ёлланма ходимим бор, – дейди тадбиркор Гулбаҳор Хазратқулова. – Бугун Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари савдо дўконимизга келиб, бизга янгиликларни тушунтириб беришди. Якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий миқдордаги даромад солиғи ставкаси ўтган йилгига нисбатан ўртача 25 фоизга пасайтирилибди.

Биз бундан жуда хурсандмиз. Бу даромадимизни ошишига яқиндан кўмак беради. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз манфаатларига хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга. 

ЎзА