СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР БОЗОР ВА САВДО КОМПЛЕКСЛАРИ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ЯХШИЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР БОЗОР ВА САВДО КОМПЛЕКСЛАРИ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ЯХШИЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Yanvar 7, 2020 0 By admin

«Қарши шаҳридаги «Ерқўрғон деҳқон озиқ-овқат бозори» АЖ 2019 йил ҳисобидан 3 млрд. 300 млн. сўмдан ортиқ даромад олган. Шу маблағнинг ярмини давлат бюджетига тўлаб берган. Ҳисоб-китоб қилинганда жорий йилда ўтган йилга нисбатан 600 млн. сўмдан ортиқ маблағ қолиши кутилмоқда», дейди жамият раиси Тоштурди Тўраев.

2019 йилнинг 30 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди.

Унга солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларни тугатиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар киритилди.

Жумладан, 2020 йил 1 январдан барча бозорлар айланмасидан қатъи назар юридик шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк, ер, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи тўловчиси бўлиб ҳисобланади.

Шунингдек, солиқ даврида товарлар реализация қилишдан олинган жами даромади 2019 йил якунлари бўйича 1 миллиард сўмдан ошиқ айланма бажарган бозорлар 2020 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси бўлади.

Солиқ даври мобайнида реализация қилиш ҳажми 1 миллиард сўмдан ошган солиқ тўловчилар кейинги ойнинг 1 санасидан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси бўлиб ҳисобланади.

Бугун Қашқадарёда жами 81 та бозор ва савдо комплекслари фаолият кўрсатмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари бозорлар ва савдо комплексларида бўлиб, ўзгаришлар ва янгиликларни тушунтирмоқда.

«Қарши шаҳридаги «Ерқўрғон деҳқон озиқ-овқат бозори» АЖ озиқ-овқат деҳқон бозори 2019 йил ҳисобидан 3 млрд. 300 млн. сўмдан ортиқ даромад олган. Шу маблағнинг ярмини давлат бюджетига тўлаб берган. Ҳисоб-китоб қилинганда жорий йилда қонунчиликка киритилган янгиликлар сабаб ўтган йилга нисбатан 600 млн. сўмдан ортиқ маблағ қолиши кутилмоқда», дейди жамият раиси Тоштурди Тўраев.

Шунингдек, солиқ идораси ходимлари Қарши шаҳрининг «Қарши деҳқон озиқ-овқат бозори» АЖ бозор маъмуриятига ҳам янгиликлар ҳақида маълумот бериб ўтишди.

-Бозоримиз 2019 йилда 632 млн. даромад билан чиқди. Шундан 316 млн. сўмни давлатга бюджетига тўлаб бердик:- дейди бош ҳисобчи Лобар Пўлатова:- Агар биз жорий йилда ҳам ўтган йилгидек фаолият олиб борсак жамиятимизга қоладиган маблағ 400 млн. сўмдан ошар экан. Албатта бу маблағни бозоримизни ривожлантиришга сарфлаймиз. Бир сўз билан айтганда, солиқ қонунчилигидаги ушбу янгиликлар бозор ва савдо комплекслари даромадини ошириш, унинг инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади.

Қашқадарё ВДСБ Матбуот хизмати