ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ РАИСИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ РАИСИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Dekabr 18, 2019 0 By admin
59

Мутасадди ташкилот раҳбарларининг халқ билан мулоқот қилиши, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиши юртимизда анъанага айланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев иштирокида Қарши туманида ўтказилган сайёр қабул ҳам туман аҳолисининг кўнглини тоғдек кўтарди. Боиси, сайёр қабул давомида туман аҳолисининг кўплаб мурожаатларига ижобий ечим топилди.

Самимий ва очиқ руҳда ўтган қабулда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган масалалар юзасидан мурожаатлар қилди.

Жумладан, Қарши тумани «Чаман» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дилдорахон Комилжонова ишсизлигини айтиб, бандлигини таъминлашда амалий ёрдам сўради. Унга Қарши тумани Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тумандаги бўш иш ўрни тавсия этилди. Худди шу маҳаллада яшовчи, анча йиллардан буён соғлиги йўқлигини айтиб, мурожаат қилган Сарвар Кенжаев даволаниши учун йўлланма ажратилишини сўради. Ушбу масала вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан назоратга олинди. Фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришига амалий ёрдам сўраган Муқаддам Жалилованинг мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Сайёр қабул давомида ташкил этилган арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ҳам Янги йил байрами олдидан аҳоли учун яна бир қулайлик яратди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида икки нафар ногиронлиги бор фуқарога ногиронлик аравачалари топширилди. Бундан ташқари,  Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси томонидан аҳолига эсдалик совға сифатида китоблар тарқатилди.

Сайёр қабул доирасида мутасаддилар тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам даромадли, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашди. Масалан, Қарши тумани «Чаман» маҳалласида яшовчи фуқаро Бозор Ботиров кўп йиллар пахта тозалаш заводида фаолият кўрсатган. Уч йилдирки, хасталиги туфайли тўшакда ётиб қолди. Уни йўқлаб келишганидан ғоятда мамнун бўлди. Худди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Зулайҳо Хўжамуродова ҳам анча йиллардан буён юра олмайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож. Мутасаддилар унинг ҳам ҳолидан хабар олди.

Ў.БАРОТОВ