ЁШЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ РИВОЖИГА КИМ ТЎСИҚ БЎЛАЯПТИ?

ЁШЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ РИВОЖИГА КИМ ТЎСИҚ БЎЛАЯПТИ?

Dekabr 16, 2019 0 By admin
35

Хабарингиз бор, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 2018 йил 27 июнда Президент томонидан «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тасдиқланган эди.

2019 йилда «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури доирасида республиканинг туман ва шаҳарларида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш параметрлари асосида қашқадарёлик тадбиркор ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 202 миллиард сўм кредит ресурслари ажратиш ва йил якунига қадар молиялаштириш белгиланган. Шунга биноан, жорий йил бошида вилоят бўйича 875 нафарлойиҳа ташаббускорига тегишли миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилиши юзасидан шакллантирилган манзилли рўйхат Бош вазир томонидан тасдиқланган. Унга асосан, жумладан, Халқ банки томонидан 375 та лойиҳага 73 миллиард сўм, ТИФ Миллий банк томонидан 121 та лойиҳага 26 миллиард сўм, «Ҳамкорбанк» томонидан 165 та лойиҳага 55 миллиард сўм, «Ипак йўли» банки томонидан 214 та лойиҳага 48 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиши керак эди. Бироқ, Халқ банки тақдим этилган лойиҳаларни кредитлаш учун 15,8 миллиард сўм (22 фоиз), «Ипак йўли» банки 9,8 миллиард сўм (20 фоиз), Миллий банк  3,8 миллиард сўм (15 фоиз), «Ҳамкорбанк» эса атиги 4,9 миллиард сўм (9 фоиз) йўналтирган. Натижада бу борадаги ижро вилоят бўйича бор-йўғи 34 миллиард сўмга ёки 17 фоизга бажарилди, холос.

Қашқадарёда «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг жамғарма кўмагида ўз бизнес лойиҳаларини молиялаштириш истагидаги ташаббускор ёшлар билан ўтказилган учрашувида ана шу йўсинда  танқидий таҳлил қилинди.

Учрашувда таъкидланганидек, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шарти эканлиги эътироф этилиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, шу мақсадда зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш масъулиятли вазифага айланган бир пайтда вилоятда «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури ижросига панжа орасидан қараётган масъуллар ишини қандай баҳолаш мумкин?! 

Ёшлар томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг молиялаштирилиши кечиктириб юборилаётганига:»Ҳужжатда камчилик бор», «Ресурс йўқ», «Гаров таъминоти етарли эмас», «Республика рухсат бермаяпти», «Яқинда тартиб ўзгариши кутилаяпти», «Дастур бўйича кредит берадиган банклар таркибида ўзгариш бўлар экан», «Ўзимизнинг тижорат кредитидан олинг, бу кредит ҳужжатларини тахлаш жуда қийин ва кўп текширилади» каби банклар томонидан келтирилиши одат тусини олган важлар сабаб бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Натижада шу мақсадлар учун республика бўйича йўналтирилган молиявий ресурсларнинг кўп қисмини биздан кўра жадалроқ иш олиб борган бошқа қатор вилоятлар ўзлаштирди ва шу билан жамғармага ажратилган маблағларнинг биринчи босқичи якунланди.

Алоҳида қайд этиш жоиз, «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури доирасида ноябрь-декабрь ойларида ўзлаштириш шарти билан вилоят учун яна 64,9 миллиард сўм молиявий ресурс ажратилган. Шу маблағ асосида йил якунига қадар тегишли тартибда тасдиқланган манзилли рўйхатга киритилган 220 та лойиҳани кредитлаш учун Халқ банки, «Агробанк» ва «Микрокредитбанк» масъул этиб белгиланган эди. Лекин, мана, орадан бир ой, яъни белгиланган муддатнинг ярми ўтган бўлишига қарамай, атиги 44 та лойиҳа (12,8 миллиард сўм, яъни ажратилган ресурснинг 20 фоизи) молиялаштирилган, холос.

Бундан ташқари, ёш тадбиркорлар фаолияти учун имтиёзли ижара шартлари асосида шароитлар яратиб бериш мақсадида вилоятнинг икки шаҳри ҳамда етти туманида «Ёшлар меҳнат гузарлари» қурилиши белгиланган бўлиб, Деҳқонобод, Қарши ва Fузор туманларида йил якунланиб бораётганига қарамай, бу борадаги ишлар ниҳоясига етмай қолган. Мавжудлари ҳам самарасиз фаолият юритиб келмоқда.

 Ана шулардан келиб чиқиб, учрашувда масъулларга «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди, галдаги вазифалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, вилоят ёш тадбиркорлар коворкинг марказида Марказий банк вилоят бош бошқармаси, тегишли тижорат банклари, вилоят прокуратураси ҳамда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси масъул ходимларидан иборат штаб фаолияти йўлга қўйилди ва улар дастур доирасиги ишлар ўз вақтида бажарилишини тезкор таҳлил қилиб боради.

Шунингдек, дастур доирасида тижорат банкларига тақдим қилинган 111 та лойиҳа бўйича ташаббускорлар сўраётган 33,1 миллиард сўмлик кредит ҳужжатларини зудлик билан кўриб чиқиш ва молиялаштириш чорасини кўриш, кредит сўраётган, лекин ҳозирча давлат рўйхатидан ўтмаган ва тижорат банкларида ҳисоб рақам очмаган 65 нафар ташаббускорнинг рўйхатдан ўтиши ҳамда ҳисоб рақам очишига кўмаклашиш, уларга ҳам кредит ажратиш масаласини қисқа фурсатларда ечиш, «Ёшлар меҳнат гузарлари» ишини намунали ташкил қилиш каби қатор вазифалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Бош мақсади ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўлган «Ёшлар – келажагимиз»  жамғармасининг вилоят бўлими фаолияти қониқарсиз эканлиги ҳам қайд этилиб, юқорида кўрсатиб ўтилган топшириқларнинг ижроси 25 декабрга қадар қай даражада таъминланишига қараб бўлим раҳбарининг  вазифасида қолиш-қолмаслик масаласи юзасидан хулоса қилиниши, натижа ижобий бўлмаса  жамғарма раҳбариятига бу борада расмий билдирги хати юборилиши таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати