ИНВЕСТИЦИЯ МАЖБУРИЯТЛАРИНИНГ ИЖРОСИ

Dekabr 16, 2019 0 By admin
29

Давлат активларини бошқариш агентлиги иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш орқали объектларни хусусий секторга сотиш, Е-аукционда онлайн савдоларни ташкил этиш, корпоратив бошқарув орқали давлат улуши бор корхоналарни самарали бошқариш, инвестиция мажбуриятларини мониторинг қилиш, банкротлик, баҳолаш, ижара каби масалаларда ягона давлат сиёсатини юритадиган органдир.

Агентликнинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан бўш турган давлат кўчмас мулки объектларини аниқлаш ва улардан келгусида самарали фойдаланиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда балансда сақловчи ташкилотлар билан ҳамкорликда тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини тадбиркорларга уларнинг негизида аниқ лойиҳалар асосида инвестиция жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш мажбурияти билан «ноль» ҳарид қийматида бериш амалиёти кенг қўлланмоқда.

Авваллари тадбиркорлар кўчмас мулкни ўз сармоясига сотиб олгандан кейин уни таъмирлаш, асбоб-ускуналар сотиб олиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун маблағ тополмай муаммоларга дуч келган бўлишса, инвестиция мажбурияти билан «ноль» харид қийматида беришда сармоясини замонавий ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини харид қилиб ва ўрнатиб, объект фаолиятини йўлга қўйишга жалб этишмоқда. Бу борада Президентимиз 2018 йил 11 октябрда имзолаган «Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон янги босқични белгилаб берди. Чунки бу ҳужжат жойларда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинди. Унга биноан, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини бахоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотиш ҳамда камида 1 млн.АҚШ доллари эквивалентидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати вилоятлар ҳокимларига берилди.

2019 йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида шу асосда хусусийлаштириш дастурларидаги 49 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти бахоламасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали аукционга чиқарилиб сотилди, аукцион савдо натижаларига асосан олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди. Шундан, 45 таси 46,0 млн сўм сотиб олиш тўловларини амалга ошириш, 24,03 млрд. сўм ва 150,0 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 390 та янги иш ўринлари яратиш мажбуриятлари билан сотилди.

Шунингдек, вилоят буйича бўш турган 4 та давлат кўчмас мулк объекти камида 1 млн.АҚШ доллари эквивалентидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш буйича таклифи бўлган тадбиркорларга жами 28,5 млрд. сўм ва 1,3 млн.АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 185 та янги ишчи ўринлари яратиш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида берилди.

Ҳозир ҳудудда инвестиция мажбурияти билан сотилган 104 та объект мавжуд. Улар бўйича инвесторлар зиммаларига 2518,0 минг АҚШ доллари ва 109,6 млрд.сўм миқдорида инвестиция киритиб, 1404 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олишган. Бошқармамиз маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўша объектларга таалуқли шартномаларда белгиланган мажбуриятлар бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб боришни йўлга қўйилган. Самараси чакки бўлмади. Бугунги кунга қадар мазкур объектларга инвесторлар томонидан қурилиш-таъмирлаш ҳамда асбоб-ускуналар кўринишида 1583,0 минг АҚШ доллари ва 54,3 млрд.сўм миқдорида инвестиция киритилди. Натижада 299 та янги иш ўрини яратилди. Жумладан, Китоб туманидаги «Гулистон» МФЙ «Буюк Ипак йўли» кўчасида жойлашган икки қаватли қурилиши тугалланмаган бино 2017 йил 3 январда шартнома асосида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «ERKAN MACHINERY» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасига икки йил муддат ичида дон корхоналари учун ун ва омухта ем ишлаб тайёрлаш ускуналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 2,5 млрд.сўмлик инвестиция киритиш ва 20 та янги иш ўрини ташкил қилиш мажбурияти билан «ноль» харид қийматида берилган эди. Амалда инвестор ҳозиргача 4,98 млрд.сўмдан ортиқ инвестиция киритди, ҳозиргача 20 та янги иш ўрни яратилган.

Шу тумандаги Алақўйлиқ қишлоғида жойлашган собиқ хужалик маъмурий биноси бултур 20 декабрда «GULLIVER» нодавлат мактабгача таълим муассасасига 1 йилда нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш учун 230,0 млн.сўмлик инвестиция киритиш ва 12 та янги иш ўрини ташкил қилиш мажбурияти билан нол харид қийматида сотилганди. Ўтган давр мобайнида инвестор томонидан 402,2 млн.сўмдан зиёд инвестиция киритилди.

Бахтиёр МАЖИДОВ,

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасибош мутахассиси