ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ – ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Dekabr 7, 2019 0 By admin

Қайси юртда хусусий мулкдорлар меҳнати рағбат топса, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимояланган бўлса, ўша жойда ривожланиш, тараққиёт бўлиши шубҳасиздир. Бу ривожланган мамлакатлар тажрибасида кўп бора ўз исботини топган. Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилиб, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун  улкан имкониятлар яратиб берилди. Бундан унумли фойдаланган хусусий бизнес вакиллари ўз ишларини янада ривожлантириб, юртимиз равнақига салмоқли улуш қўшиб келмоқдалар. Бугунги кунда давлатимиз ялпи ички маҳсулотининг асосий қисми тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келаётгани ҳам бежизга эмас.

Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларин ҳимоялаш мақсадида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5490-сонли ҳамда 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5718-сонли фармонлари қабул қилингани юртимиз инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда хусусий тадбиркорликни равнақ топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бош Қомусимизда ҳам тадбиркорлик фаолияти давлат ҳимоясида эканлиги, хусусий мулк дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилган бўлиб, 53-моддада «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ¤збекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин», дейилади.

Шу билан бирга, 54-моддада «Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт», дея белгилаб қўйилган. Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишлари ва қонуний ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги боис хусусий тадбиркорлар сафи янада кенгайиб бормоқда. Эндиликда кўплаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун яратиб берилган имтиёз ва енгилликлардан унумли фойдалиниш мақсадида ўз бизнесларини йўлга қўйиш ва кўплаб иш ўринлари очиш ниятидалар.

Конституциямиз ўзида юртимиз келажагини, сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий тараққиётининг муҳим жиҳатларини акс эттирганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бош Қомусимиз демократик тамойиллар ва инсонпарварлик ғояларига йўғрилган муҳим қомусий ҳужжатдир.

Саидислом САЙДАЛИЕВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси юридик бўлими бош

юристконсульти