ТАДБИРКОРЛАРГА ҲУҚУҚИЙ КЎМАК БЕРИЛДИ

ТАДБИРКОРЛАРГА ҲУҚУҚИЙ КЎМАК БЕРИЛДИ

Dekabr 5, 2019 0 By admin
46

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимизда кўплаб тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Тадбиркорлар манфаатлари давлат томонидан ҳимояланиб, улар учун қатор енгиллик ва имтиёзлар, ўз фаолиятларини кенгайтиришлари учун зарур имкониятлар яратиб берилмоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқариш самарадорлигига эришиб келаётган кўплаб ҳусусий бизнес вакилларига солиқ ходимлари томонидан ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда тушунтиришлар бериб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фойдаланилмаётган объектларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан, таъсирчан солиқ механизми қўлланмоқда.

Жорий этилган янги тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан  3 ойга қадар икки баравар,  3 ой ўтгандан сўнг беш баравар,  6 ой ўтгандан сўнг ўн баравар, 12 ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари миқдорида ҳисобланади.

Ўз тасарруфидаги ер, бино ва иншоотлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш, янгиликларни тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва ДСҚ ҳузуридаги малака ошириш маркази вилоят филиали масъул ходимлари Қарши шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган масканларда бўлишди. Ана шундай субъектлардан бири «Қарши нон қандолат» МЧЖ бўлиб, қариийб уч гектар майдонни эгаллаган ушбу корхона тасарруфидаги ер, бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиб келинмоқда.

–  Бугунги кунда қирқ сотих майдонда иссиқхона қуриб, помидор ва бодринг кўчатларини парваришлаб келмоқдамиз, – дейди жамият иш юритувчиси Аҳмад Хушвақтов. – Бундан ташқари, бир гектардан ошиқроқ майдонда зичланган газ қуйиш шаҳобчасини қуришни мўлжаллаяпмиз.

Мазкур корхонада ун заводи ва юмшоқ қоғоз ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ўнлаб юртдошларимиз учун янги иш ўринлари яратилган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорга етказиб берилмоқда, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Шунингдек, солиқ ходимлари шаҳардаги «Камаз авто-шер» масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги бинодан самарали фойдаланиб келинаётганига гувоҳ бўлишди. Ушбу жамиятда 600 тонна сиғимга эга музлаткич ҳамда ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, бир гектардан ошиқроқ майдонда иссиқхона ташкил этилган.

–  Янги тартиб бўйича, бўш турган объект мулкдорлари бинолардан самарали фойдланишни бошлаганларидан сўнг уларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳам яратилди, – дейди Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази вилоят филиали раҳбари Раҳмонқул Эгамов. – Бунда, аввалги тартибда фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб этилганда фақатгина таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тўхтатилиши белгиланган бўлса, бугунги кунда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ҳисобланган солиқларни мулкдорга қайтариш тартиби ишлаб чиқилди.

Бунда, фойдаланилмаётган объект ишга туширилганида таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида охирги 12 ой учун тўланган солиқ суммалари объект мулкдорига қайтарилади.

Солиқ ходимлари тадбиркорларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар қайтардилар.

З. КЕЛДИЁРОВ,ВДСБ ходими