МУРОЖААТЛАР ЕЧИМИ БИЛАН АҲАМИЯТЛИ

МУРОЖААТЛАР ЕЧИМИ БИЛАН АҲАМИЯТЛИ

Noyabr 21, 2019 0 By admin
56

Бугун аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, улар билан юзма-юз учрашиб муаммоларини эшитиш, унга ечим топиш асосий долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан Қамаши туманида сайёр қабул ўтказилди. Унда 16 нафар фуқаролар 17 та муаммо юзасидан мурожаат қилди.
Қамаши тумани «Ибн Сино» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Элбек Полвонов ногиронлиги, уй-жойга муҳтожлиги айтилди. Унинг мурожаати ечими юзасидан масъуллар бириктирилиб, аниқ муддат белгиланди. Қисқа фурсатда унга уй ажратиш масаласи ҳал этилиши айтиб ўтилди.
Шу маҳаллада яшовчи Марат Жўраев ўз мурожаатида кекса ёшдаги фуқаролар учун республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этиш масаласида таклиф билдирди. Бу таклифни барча бирдек қўллаб-қувватлаб декабрь ойининг биринчи ҳафтасида кексалар учун саёҳат уюштириш белгилаб олинди.
Албатта, ўтказилаётган сайёр қабулларда бир кишининг муаммосига ечим топилса, демак бу ишлар ўз натижасини берган бўлади.
Соҳиба Раҳимова ўз сўзида аввалги қабуллар жараёнида раҳбарларга онасининг ногиронлиги, унга ногиронлик нафақаси тайинлаш масаласида мурожаат қилгани ва бу масала ҳал этилгани учун миннатдорчилик билдириб ўтди.
Шундан сўнг, вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти, туман ҳокими ва мутасадди ташкилот вакиллари уйма-уй юриб аҳолининг холидан хабар олишди.
Фуқаро Холмурод Коржовов касаллиги сабабли, мана, 10 йилдирки, тўшакка михланиб қолган. У ногиронлик аравачасига муҳтож. Мутасаддилар унга ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари беришди.
Халқ билан мулоқот қилар экансан, турфа одамлар, турфа тақдирларга гувоҳ бўласан. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр, деб бекорга айтишмаган.
Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин, мана уч йилдирки, Олим Эргашев беш нафар фарзандини ўзи вояга етказмоқда. Уларга ҳам ота, ҳам она. Бу инсоннинг садоқатига қойил қолсанг, унинг ҳаёт йўлини барчамизга ибрат қилиб кўрсатса, арзийди.
Унга озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандларига совғалар берилди.
Қамаши тумани «Ибн Сино» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фотима Холмонова биринчи гуруҳ ногирони. Мутасаддилар унинг аҳволидан хабар олиб, эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар беришди.
Мулоқотларда фуқаро Шоира Турсунова уч нафар фарзанди борлиги, икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи ногиронлигини билдирди. Унга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Туман ҳокими фуқаронинг уйини таъмирлашда амалий кўмак кўрсатишни билдирди.
Уйма-уй юриш, аҳоли билан мулоқотлар жараёнида Қамаши тумани «Обод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сожида Аминова 2002 йилда туғилган қизи Эъзоза Жовлиевага эшитиш мосламаси зарурлигини айтди. Унинг мурожати шу ернинг ўзи ҳал этилди.
Бугун олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад битта. Шу халқни, одамларни рози қилиш. Ўтказилаётган сайёр қабуллар ана шу эзгу ишлар рўёбига хизмат қилади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга, муаммоларни бартараф этишга, аҳоли манфаатларини юқори даражага кўтаришга хизмат қилмоқда. Давлат идораларининг мутасаддилари халқ ҳузурига бориб уларни эшитиши, муаммоларини ўрганиши, жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликни бартараф этишга ҳаракат қилинаётганлигидан барча мамнун. Ана шундай мазмундаги сайёр қабулларда одамларнинг қатор муаммоларига ечим топилмоқда.
Вилоят Давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти ва IV сектор ишчи гуруҳи томонидан Шаҳрисабз шаҳридаги «Беруний» оромгоҳида сайёр қабул ўтказилди. Шаҳрисабз шаҳри аҳолисининг электр энергияси, оқова газ, ичимлик суви ва ички йўллар билан боғлиқ талайгина муаммолари бор. Сайёр қабулда аҳолининг дастлабки мурожаатлари шу ҳақда бўлди.
Вилоят IV сектор ишчи гуруҳи аъзолари, туман ҳокимлиги ва туманнинг мутасадди ташкилот вакиллари мазкур масалаларни муҳокама этиб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олди.
Сайёр қабулда турли масалалар юзасидан 15 нафар фуқаролардан 21 та мурожаатлар тушди. Аксарият муаммолар қабул жараёнида ҳал этилди. Ечими вақт талаб қиладиган мурожаатлар ҳам тез орада бартараф этилади. Чунки ҳар бир масала юзасидан ижрочилар белгиланиб, уларга тегишли топшириқлар берилди.
Қабулда Шаҳрисабз шаҳрида исқомат қилувчи имконияти чекланган фуқаролар Шоҳруҳ Муҳриддинов, Ҳусан Алимов ва Жўра Раҳмоновларга ногиронлик аравачасини ажратишда амалий ёрдам сўралди. Фуқароларга ногиронлик аравачалари берилди.
Шунингдек, 50 дан ортиқ жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари ҳисобланган бадиий китоблар тарқатилди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини оширишда, муаммоларни жойида ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати