ОНЛАЙН – НКМ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

ОНЛАЙН – НКМ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

Noyabr 7, 2019 0 By admin
21

Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда ахборот технологиялари воситасида истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, унинг ҳажмини кескин ошириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 сентябрдаги «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонга кўра, савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни (кейинги ўринларда – виртуал касса) онлайн назорат касса машиналари (кейинги ўринларда – онлайн-НКМ) қаторида жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази» Давлат унитар корхонаси онлайн режимида қабул қилинган фискал маълумотларни мустақил ва доимий равишда қабул қилиш, қайта ишлаш, криптографик ҳимоя қилиш ва сақлаш ишларини бажарувчи фискал маълумотлар оператори (кейинги ўринларда – оператор) этиб белгиланди.

Белгиланган тартибга кўра, тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади;

кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга;

уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади;

виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) уларга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади.

Жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди.

Жисмоний шахсларнинг уй хўжалиги шароитида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда, саноатда қайта ишлашдан ташқари, сотишдан, шунингдек, ҳайвонларни тирик ёки уларни сўйиб сотишдан оладиган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишида, реализация қилинган маҳсулот жисмоний шахс ёки унинг оила аъзоларига ажратилган томорқа ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга 2020 йил 1 январгача алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, 2020 йил 1 августгача ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти беш миллард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари, 2021 йил 1январгача ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари босқичма-босқич ўтказилади. 2022 йил 1 январгача эса барча тадбиркорлик субъектлари онлайн – НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш тизимига ўтказилади.

Онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган харид чекида (кейинги ўринларда – чек) товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.

Юқоридаги Фармон билан тасдиқланган муддатлар тугагандан кейин онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланмасдан товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали чек тақдим этмаслик ёки фискал белгига эга бўлмаган чекларни тақдим қилиш – фискал хотирали назорат-касса машиналарини ёки ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик деб баҳоланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Нақд пул тушумига эга бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумини банкларга топширадилар. Бунда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушумига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумини банк кассаларига ҳар куни инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда топширадилар. Кўрсатилган ҳажмдан кам бўлган кунлик ўртача нақд пул тушумига эга бўлган ёки онлайн назорат-касса машиналаридан (ёхуд виртуал кассадан) фойдаланишга ўтган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумини банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилайдиган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармонда белгиланган тартиб-қоидаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасининг кенгайишига, иқтисодиётнинг янада ривожланишига ҳамда солиқ тушумларининг ошишига хизмат қилади, солиқ тўлашдан қочиш ҳолатларининг олдини олишда ва ноқонуний савдо фаолиятига барҳам беришда муҳим омил бўлади.

F. КАРАМАНОВ,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи