ФЕРМЕРНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ БЕҲИСОБ

ФЕРМЕРНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ БЕҲИСОБ

Noyabr 7, 2019 0 By admin
16

Юртимизда деҳқончиликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш, чорвачиликни замон талаблари асосида тараққий эттириш борасида хайрли ва самарали  тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу боис, фермерлар томонидан ғалла ва пахтачиликда юқори натижалар қўлга киритиб келинмоқда.

Косон туманида фаолият кўрсатаётган «Рустам ота» фермер хўжалиги аъзолари ҳам 65 гектар  майдонда пахтанинг  серҳосил навини етиштириш учун астойдил  меҳнат қилиб, дилқувонар натижаларга эришди. Музаффар Саидов раҳбарлик қилаётган ушбу жамоа пахтанинг «Порлоқ-4» уруғлик навидан 250 тонна га яқин сифатли хомашё териб давлат қабул пунктларига етказиб берди. Туманда биринчилардан бўлиб белгиланган шартномавий режани адо этишда эрта  баҳордан  қилинган ҳар бир агротехник тадбир сифатли  ва самарали олиб борилганлиги, минерал ва маҳаллий ўғитлардан оқилона фойдаланилгани муҳим замин ҳозирлади.

Даромад яхши бўлса, фермер хўжалиги моддий техника базасини яхшилаш, ишчи-хизматчиларнинг маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратилади.

Йигирма йилдан буён фермер хўжалигини бошқариб келаётган Музаффар Саидов ўз фаолияти давомида кўплаб ишчи ўринлари яратиб, аҳолини иш билан таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Айни кунларда фермер хўжалиги ихтиёрида Украина давлатидан олиб келинган 60 бош зотдор сигирлар, 200 бош майда шоҳли моллар бўлиб, уларни боқишга, сут ва гўшт етиштиришни яхши йўлга қўйишга ҳаракат қилинаётганлиги таҳсинга лойиқ.

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай имкониятлар мавжуд. Бундан оқилона фойдаланаётган фермер М. Саидовнинг келажакдаги мақсадлари ҳам эл маъмурчилигини таъминлашга қаратилган. Яна шуниси аҳамиятлики, парваришланаётган сигирларнинг  ҳар бири 30 литргача сут бермоқда. Айни кунларда сут ва гўшт маҳсулотлари ички бозорларга тарқатилмоқда.

–    Зотдор сигирлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Мақсадимиз замонавий усулда сутни қайта ишлайдиган корхона қуришдан иборат, – дейди Музаффар Саидов. – Бу ниятимизни амалга ошириш режаси устида иш олиб  бораяпмиз. Сутни қайта ишлаш  цехини ишга туширсак, ходимларимиз сони юз  нафардан ортади. Халқимиз дастурхонига  сифатли  ва арзон маҳсулот етказиш билан бирга бўш иш ўринлари ҳам яратилади.

Фермернинг орзулари амалга ошса, замонавий  аппаратлар ёрдамида қайта ишланган сифатли маҳсулотлар халқимиз дастурхонидан ўрин олади. Яна шуни ҳам айтиш жоизки, солиқ идоралари ходимлари ҳам тадбиркорларнинг яқин кўмакчисига айланиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.

–    Мамлакатимиз солиқ соҳасида кечаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка, хусусан, тадбиркорларга етказиш, улар ўртасида бу борада тушунтириш ишлари олиб бориш бугунги  кунда муҳим  жараён  ҳисобланади, – дейди Косон тумани ДСИ ходими Шавкат Муродуллаев.

– Шу боис, фермер хўжаликларига ҳар томонлама кўмак  бериш, ҳисоботларни тайёрлашга ёрдамлашиш мақсадида  туман Давлат солиқ инспекциясининг малакали ходимлари бириктирилган, «Рустам ота» фермер хўжалиги ҳам қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб, чорвачиликда ҳам ютуқларни қўлга киритиб  келмоқда. Ушбу фермер хўжалигига  тажрибали ходим Анвар Муродов бириктирилган бўлиб, тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида ва қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиблари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

«Рустам ота» фермер хўжалигида амалга оширилаётган ижобий ишлар  таҳсинга лойиқ. Фермер Музаффар Саидовнинг изланишлари туфайли хўжалик ривожланиб бормоқда. Бундан ташқари, нафақат хўжалик ишчи-хизматчилари, балки бошқалар ҳам манфаат кўради. Чунки, сифатли сут, гўшт маҳсулотлари  халқимиз дастурхонини янада бойитади.

З. ХАЛИЛОВ