www.facebooke.com ижтимоий тармоғининг Халқ назорати-Народный Контроль саҳифасида чоп этилган “Солиқ идораси автотранспорт корхоналарини хонавайрон қилмоқчими?!” сарлавҳаси остида чоп этилган материалга жавоб.

Noyabr 7, 2019 0 By admin
19

Бугун мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишларга барҳам бериш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишадиган бўлсак бунга яна бир бор амин бўламиз.
Текширишлар ўрнига тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг камерал назорати самарадорлигини ошириш орқали йўл қўйилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларини олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Камерал назорат Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан, солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир.
Камерал назорат солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан давлат солиқ хизмати органи жойлашган ерда амалга оширилади.
Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан камерал назорат жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги ва давлат солиқ хизмати органларидаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда хабар қилинади.
Жумладан, ушбу материалда келтирилган ҳолатлар ҳам айнан камерал назорати натижасида аниқланган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 176- моддасига асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олинган даромадлари мулкий даромадлари таркибига киритилган.
Солиқ кодексининг 184-моддаси талабига асосан, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадларига тўлов манбаида солиқ ҳисобланиши назарда тутилган.
Жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти юридик шахслар зиммасига юклатилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сонли Қарорининг 24-иловасига асосан, енгил ҳамда саккиз ўринли автомобиллар учун бир ойлик ижара ҳақининг энг кам миқдори 480,0 минг сўм, микроавтобус, автобус ва юк автомашиналари учун 940,0 минг сўм қилиб белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб транспорт воситаларини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган вақтдан бошлаб юқоридаги талаблардан кам бўлмаган миқдорда ижара ҳақи ҳисобланиши ва ушбу ижара ҳақидан даромад солиғи ушлаб қолиниб, бюджетга тўлаб берилиши лозим.
Ўтказилган камерал назорати натижасида корхонанинг солиқ идорасига тақдим этган ҳисоботида айнан шу масала ҳисобга олинмаганлиги сабабли тафовутлар келиб чиққан.
Бундай ҳолатда солиқ идоралари солиқ тўловчига аниқланган тафовутларнинг асосини кўрсатиб талабнома жўнатади. Солиқ тўловчи эса ушбу талабномада келтирилган ҳолатларни асослантириб, ҳудудий давлат солиқ инспекциясига ўн кун муддат давомида тузатилган ҳисоботларни тақдим этиши шарт.

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси